31.03.2015

ДЕПУТАТЛИК СЎРОВИ

фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, одамларнинг партияга ишончини оширишга хизмат қилувчи муҳим институтдир

Депутатлик сўрови, аввало, давлат ҳокимияти бошқаруви органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга оширади, қонунлар ижросига ўзига хос таъсир кўрсатади. Энг асосийси, сайловчилар, партия электорати вакилларини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Партиямиздан сайланган депутатларимиз гуруҳи раҳбари Раимберган Сабуров Урганч тумани Қорамон қишлоғида қурилган намунали лойиҳадаги турар-жой массиви йўлларини асфальт қилиш масаласи пайсалга солинаётгани ҳақида мутасадди раҳбарга юборган депутатлик сўрови орқали муаммо ҳал этилди.

«Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш борасида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига юборилган депутатлик сўровлари натижасида соҳа ходимлари жойларда мазкур Қонун ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишларни амалга оширишган. Спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган савдо шохобчаларини ўқув муассасалари, тиббиёт масканларидан белгиланган масофада узоқликка кўчириш ва уларни сотишда харидорларнинг ёшини қатъий эътиборга олиш каби масалалар назоратга олинган.

Вилоят кенгаши депутати Маҳмуджон Ваисов Гурлан ­тумани ободонлаштириш бош­­қармаси бошлиғи номига  юборган депутатлик сўрови бир қарашда оддий масаладек кўринади. Аммо у сайловчилар ва фуқаролар мурожаатига асосланган. Яъни, ҳудудда яшовчи фуқаролар қишлоқ қабристони кўримсиз, таъмирталаб ҳолдалиги, ҳашар йўли билан бу ишни амалга оширишда моддий ­қийинчиликлар юзага келгани борасида депутатга мурожаат қилишган. Тегишли бошқарма депутатлик сўровига тезкор эътибор қаратиб, мазкур қабристон ободончилиги учун керакли маблағ ажратган.

Хива туман Кенгаши депутати Шоназар Матёқубов 8-сон боғча ёнидаги марказий кўчада катта тезликда тўхтовсиз қатнаётган транспорт воситалари ёш болалар учун доимий хавф туғдириши мумкинлиги боис мазкур йўл­нинг шу қисмига ҳаракатни чеклаш ­белгиси ўрнатилишини сўраб тегишли ташкилотга депутатлик ­сўрови билан чиққан. Бу масала вақтида ижобий ҳал қилинган.

Масаланинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар бири ортида фуқаролар манфаати туради. Биргина йўл белгиси қўйдириш учун фуқаролар олдин бир қатор идораларга мурожаат қилишган. Масалани ҳал этиш турли ваъдалар билан пайсалга солиб келинган. Ниҳоят, депутат аралашгач, фуқаролар талаби қондирилди. Табиийки, фуқаролар «Бу ишни бизнинг депутатимиз ҳал қилди», деб гапиради. Мутасадди ташкилотларнинг масъулияти кучаяди, депутатга, сиёсий партияга ишонч ортади.

Афсуски, депутатлик сўрови институтидан ҳар доим ҳам самарали фойдаланилмаётир. Ўтган чақириқда халқ депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида депутатларимиз 126 нафарни ташкил этган. Аммо беш йил давомида депутатлар томонидан юборилган сўровлар сонини ҳисобласак, мақтаниб бўлмайди. Бундан икки йил олдин депутатлик инс­титутидан фойдаланиш масаласи ўрганилганда ким қандай ишлаётгани яққол кўринган эди. Маҳаллий Кенгашдаги депутатлар сони ­деярли тенг бўлишига қарамай, 2013 ­йилда Ҳазорасп туман Кенгашидаги партиямиздан сайланган депутатлар турли ташкилотларга 15 та сўров билан чиқишган бўлса, вилоят маркази – Урганч шаҳар Кенгашидаги депутатларимиз бор-йўғи битта депутатлик сўрови билан кифояланишган, холос.

Шу ўринда савол туғилади: Урганч шаҳрида ечимини кутаётган муаммо, масалалар йўқ­миди? Агарда шаҳар партия кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларга назар ташласак, фуқароларни қийнаётган, ечимини кутаётган бир талай муаммолар мавжудлиги, улар йилдан йилга ўтиб келаётганига гувоҳ бўламиз. Аммо, афсуски, шаҳар Кенгашидаги депутатлар бундан кўз юмиб келишган.

Ўтган чақириқда халқ депутатлари Ҳазорасп, Хива, Хонқа туман Кенгашларидаги депутатларимиз ўз ваколатларига кирувчи депутатлик сўрови инс­титутидан бир қадар самарали фойдаланишган. Лекин қолган туман Кенгашларидаги депутатларимиз бу борада ­сусткашликка йўл қўйишганини айтиш ўринли.

Ўтган йилнинг декабр ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтди. Вилоят, шаҳар, туман Кенгашларида партиямиз гуруҳлари аллақачон шаклланди. Улар электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловчилар ишончини оқлашда, партиямиз дастурий мақсадлари амалга ошишини таъминлашда асосий куч ҳисобланади. Депутатлар олдида беш йиллик масъулиятли меҳнат турибди. Унинг уч ойи ортда қолди.

Хўш, сайловчилар ишониб овоз берган, кўксига халқ вакили сифатида нишон таққан депутатлар шу давр ичида одамларни ўйлантираётган бирор масалани ўргандими, сайловчилар, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича муайян режа туздими, умуман, депутат сифатида олдига бирор бир мақсад қўйдими, деган табиий саволлар туғилади. Бизнингча, ҳар бир депутат ушбу саволлар ҳақида ўйлаб кўриши, мушоҳада юритиши, депутатлик бурчи, вазифасини чуқур англаб етиши лозим.

Шундагина улар депутатлик сўрови институтидан самарали фойдаланади, туман ва шаҳарлар, вилоят ривожига депутат сифатида ҳисса қўшади, элнинг ишончини оқлайди.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.