31.03.2015

БОШ МАҚСАДИМИЗ – ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ

Ички ишлар идоралари тизимларида ўтказилаётган ислоҳотлардан кўзланган ягона мақсад – юрт тинчлигини кўз қорачиғидай сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишдир.

Аҳоли осойишталигини таъминлашда маҳаллаларда жойлашган милиция таянч пунктлари профилактика инс­пекторлари фаолияти алоҳида ўрин тутади. Улар ўз ҳудудларида барқарорликни таъминлаш, турли кўринишдаги жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, диний экстремизм ва турли ақидапараст оқимларга қарши курашиш, содир этилган ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида бартараф этиш учун астойдил курашмоқда. МТП профилактика инспекторлари маҳалла жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда иш юритаётгани яхши самара бермоқда.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани Алишер Навоий маҳалласи ҳудудида жойлашган 86-Милиция таянч пункти фаолияти бунга мисол бўла олади.

— Маҳалладаги тинчлик ва хотиржамликни сақлаш, содир этилиши мумкин бўлган турли кўринишдаги ҳуқуқбузарлик, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш биринчи галдаги вазифаларимиздан ҳисобланади, — дейди 86-МТП профилактика катта инспектори, майор Нуриддин Остонов. — Шу сабаб ҳам маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда қарийб 6000 нафар фуқаронинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш учун кечаю кундуз иш олиб бормоқдамиз. Мавжуд 40 дан ортиқ кўп қаватли аҳоли яшаш уйларида ва 300 дан ортиқ ҳовли-турар-жойларда истиқомат қилаётган аҳолининг ташвишида ҳам, қувончли кунларида ҳам доимо бирга бўлиб, ҳар бир муаммони маслаҳатлашиб ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликдаги самарали хизмат бугун ўз мевасини бермоқда. Бунда, ушбу ҳудудда яшовчи ҳар бир фуқаронинг, йўлакбоши, уйбошиларининг ҳам беминнат ёрдамлари бор.

Ҳамкорлик ҳақида гап кетганида, албатта, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Назаров, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Муҳаррам Ҳошимжонова, хотин-қизлар қўмитаси раиси Муқаддас Қосимова, котиба Наргиза Сулеймановаларнинг меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш даркор.

Ҳудудимизда битта мактаб ва битта мактабгача таълим муассасаси ишлаб турибди. Мазкур таълим муассасалари ходимлари ҳамда ота-оналар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Бундан ташқари, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида қизлар маҳалла гузарида ташкил этилган тикиш-бичиш, тўқиш каби тўгаракларга, ўғил болалар эса кўпроқ спорт тўгаракларига жалб этилганлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Маҳалламиздаги спорт комплекси ёшлар билан ҳамиша гавжум. 

86-МТП профилактика инспектори, катта лейтенант Жонибек Шарипов шундай дейди:

— Ҳамкорлик натижасида ҳозирда ҳудудимизда бирорта ҳам профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаган шахс йўқ. Бироқ, маҳалламизда муқаддам судланганлар ва маъмурий назоратда турувчи шахслар бор бўлиб, улар ўртасида доимий равишда профилактик суҳбатлар ўтказиб турамиз. Фаолларимиз ва туман бандликка кўмаклашиш маркази билан биргаликда уларнинг аксарияти иш билан таъминланган. Шу билан бир қаторда, самарали хизматлар натижасида нотинч оилалар келишмовчилигига ҳам бар­ҳам бериб борилмоқда. Буни Яраштирув комиссияси фаолиятида яққол кўришимиз мумкин. Улар ўз вазифаларини аъло даражада уддалашмоқда. Бунга асосан маҳалла фаоллари ҳамда ҳудудимизда истиқомат қилаётган кўпни кўрган кекса отахону онахонларнинг маслаҳатлари ва ўгитлари орқали эришмоқдамиз.

Осойишталикни сақлаш шу ҳудудда яшовчи барча аҳолининг фуқаролик бурчи ҳисобланади. Зеро, тинч-хотиржам бўлган хонадонларгина маҳалла тинчлигини, маҳалла тинчлиги эса юрт хотиржамлигини таъминлайди. Бунда нафақат профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари, маҳалла посбонларининг ҳам ҳиссалари катта.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Алишер Навоий маҳалласи ҳудудида жойлашган 86-МТП анъанавий равишда ўтказиб келинаётган «Намунали милиция таянч пункт­лари» кўрик-танловида 2014 йил якуни бўйича фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Бу соҳа инфратузилмаси замон талаблари даражасида ривожлантирилгани, милиция таянч пунк­ти ҳузурида турли тадбирлар уюштирилиши билан бирга, кичик бизнес шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш тизими ва спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилганининг натижасидир. Ҳамжиҳатликда фаолият юритилаётганлиги туфайли маҳаллада жиноятчилик барҳам топиб, оилалар осудалиги таъминланмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси билан боғлиқ масалаларни ечиш, ижтимоий соҳанинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш билан боғлиқ масалаларда ҳам ўзаро ҳамкорлик ўзининг самараларини бераётир.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, мақсад — Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осо­йишта ҳаёт кечиришини таъминлаш экан, бу шарафли вазифани сидқидилдан бажаришимиз зарур.

 

Улуғбек ТУЙМАБОЕВ,

ИИВ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш

Бош бошқармаси матбуот котиби,

подполковник.



DB query error.
Please try later.