28.03.2015

ЎЗБЕКИСТОНДА ДЕМОКРАТИК ТАМОЙИЛЛАР МУСТАҲКАМ ҚАРОР ТОПГАН

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар сайловга кўрилган тайёргарлик, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишмоқда.

Жаъфар СИДДИҚ, ёзувчи, публицист, (Индонезия):

— Ўзбекистондаги сайловларда тўртинчи бор халқаро кузатувчи сифатида иштирок этяпман. Шу боис мамлакатингиз сайлов қонунчилиги тобора ривожланиб бораётганидан яхши хабардорман. Президент сайлови демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкораликда ўтиши учун ҳамма шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.  Жойлардаги сайлов участ­каларига борганимда бунга яна бир бор амин бўлдим. Сайловчилар номзодларнинг таржимаи ҳоли, дастурига оид маълумотлар билан эркин танишмоқда. Барча номзодлар ўзларининг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориши учун тенг шароит ва имкониятлар яратилган. Мамлакатингизда Президент сайлови хал­қаро талаблар даражасида, демократик тамойиллар асосида ўтади, дейиш учун барча асослар етарли.

Яна бир гапни айтай. Ўзбекистонга ҳар гал келганимда катта ўзгариш, янгиланишлар бўлгани яққол сезилади. Юртингизга бў­ла­диган ташрифим қувончли воқеалар, байрамларга тўғри келиб қолишида ҳам бир ҳикмат бор, деб биламан. Мана, бу сафар халқингиз учун қадр­ли бўлган Наврўз байрами арафасида келдим. Уни меҳмондўст одамлар, бағрикенг халқ билан бирга нишонлаганимдан бахтиёрман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Озода БЕКМУРОДОВА

ёзиб олди.

 

Димитриос БАКОЛАС, «European Profiles S.A.» компанияси президенти, «ГрецияЎзбекистон» дўстлик жамияти раиси (Греция):

— Ўзбекистон билан савдо, саноат ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Қўшма лойиҳаларимиз бугунги кунда ўз самараларини бераётганини кўриш жуда қувонарлидир.

Мамлакатингизда барча соҳаларни изчил демократлаштириш доирасида миллий сайлов қонунчилиги ҳам такомиллаштирилмоқда. Жамиятни эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар одамлар дунёқарашини, турмуш даражасини юксалтирмоқда, аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаётир.

Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли тўғри ва самарадор эканини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Саноат, қурилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, автомобиль ва темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш каби кўплаб соҳаларда салмоқли натижаларга эришилаётгани диққатга сазовор. Буларнинг барчаси мамлакатингизда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича самарали давлат сиёсати олиб борилаётганидан далолатдир.

Нор Фарида бинти АБДУЛ РАШИД, халқаро кузатувчи (Малайзия):

– Ўзбекистон ғоят гўзал мамлакат. Юртингизга, одамларингизга меҳрим баланд. Халқингиз билан биргаликда Наврўз айёмини нишонлаш бахтига муяссар бўлганимдан бахтиёрман.

Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, эришилаётган катта муваффақиятлар таҳсинга сазовор. Айниқса, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси онгу шуурига сингган Ўзбекистон ёшларига ҳавасим келди. Бу 2014 йилда мамлакатингизда ўтказилган парламент сайловида овоз бериш жараёнларида яққол кўзга ташланди. Президент сайловида ҳам ёшлар фаол иштирок этишига ишонаман.

Геральд УЙБЕРШЕР, халқаро кузатувчи (Германия):

— Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлдим. Нукус шаҳрида И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат музейида сақланаётган дурдона асарлар билан танишиш имконига эга бўлганимдан хурсандман. У ердаги ноёб экспозициялар ўз жозибаси билан менда катта таассурот қолдирди.

Қадимий ва бой маданияти, гўзал ва бетакрор обидалари, ноёб осори-атиқалари билан дунёга донг таратган Хива шаҳрини зиёрат қилдим. Айниқса, Ичан-қалъа мажмуасида бўлганимда ўзимни гўё эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этдим. Буюк аллома, алгебра фани асосчиси Ал-Хоразмийнинг юрти Хоразм воҳасида бўлганимдан бахтиёрман. Азалдан илм-фан ўчоғи бўлган, улуғ сиймолар Ватани Ўзбекистонда таълим соҳаси, ёшлар тарбиясига қаратилаётган эътибор ўтмишдаги буюк ишлар бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилаётганидан далолат беради. 

 

ЎзА мухбирлари  

Ирода УМАРОВА,

Нодира МАНЗУРОВА

ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: