28.03.2015

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИГА ТАЙЁРГАРЛИК НИҲОЯСИГА ЕТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида округ сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари, халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар кузатувчилари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида кенгайтирилган онлайн мажлис бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти мониторинги натижалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини амалга ошириш доирасидаги вазифалар ижроси кўриб чиқилди.

Сайлов қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришда, жумладан, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланишда тенг шароитлар билан таъминланаётгани таъкидланди.

Жорий йилнинг 14 февралидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ўз сайловолди дастурларининг асосий йўналишларини, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг турли масалаларига оид позицияларини сайловчилар ҳамда кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари барча сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда, Марказий сайлов комиссияси томонидан қуръа ташлаш йўли билан белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилмоқда. Мажлисда Президентликка номзодлар оммавий ахборот воситаларида ўз сайловолди ташвиқоти материалларининг тури, шакли, услуби ва мазмунини мустақил белгилагани қайд этилди.

Сайловолди ташвиқотида ташқи (кўча) реклама воситаларидан ҳам самарали фойдаланилаётир. Хусусан, мамлакатимиз бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг 829 тадан баннери жойлаштирилган. Бундан ташқари, номзодлар ҳақидаги роликлар электрон мониторларда ҳар куни намойиш этилмоқда.

Мажлисда сайловолди ташвиқотининг ўтган даврида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолати қайд этилмагани таъкидланди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари 29 март куни овоз беришга тайёргарлик кўриш масаласини ҳам кўриб чиқди. Бунда миллий сайлов қонунчилиги талаблари, очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик принципларига риоя этиш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 9060 сайлов участкаси, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилди. Улар барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Ҳар бир сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президент­лигига номзодлар ҳақида ахборот мавжуд. Участка сайлов комиссиялари сайловчиларни овоз бериш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясини ёритишда Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган 430 нафардан зиёд, округ сайлов комиссиялари томонидан рўйхатдан ўтказилган 550 нафарга яқин мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда. Уларни барча зарур ахборот материаллари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази, округ сайлов комиссиялари ҳузуридаги матбуот марказлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда матбуот анжуманлари, брифинг ва семинарлар ўтказилмоқда.

Сайлов жараёнининг очиқлик ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда интернетга уланган ягона компьютер тармоғи яратилган бўлиб, бу овоз бериш жараёнини онлайн режимида кузатиш ҳамда республикамиз ҳудудлари билан видеоалоқа ўрнатишга ёрдам беради. Марказий сайлов комиссияси сайлов куни жамоатчиликни 29 мартда Республика матбуот марказида бўлиб ўтадиган брифинглар орқали овоз бериш жараёни ҳақида хабардор қилиб боради.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.