28.03.2015

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИДАН КЎРСАТИЛГАН НОМЗОДНИНГ ДАСТУРИ ҲАҚИДА ҚАНДАЙ ФИКРДАСИЗ?

Покиза Иноғомова,  ЎзХДП аъзоси:

— Ҳар бир давлат ўз иқтисодий салоҳиятини ошириш, халқининг турмуш даражасини юксалтириш ҳақида ўйлайди. Унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, тараққиёти бевосита шунга боғлиқ бўлиб, бу орқали тараққиётни тезлаштириш, соҳалар ривожини таъминлаш, аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш имкони кенгаяди. Бунинг учун ижтимоий ҳимоянинг ишончли кафолатларини яратиб беришни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзод — Ҳотамжон Кетмоновнинг дастури айнан ана шу жиҳатлари билан ҳам эътиборга молик.

Яқинда ишончли вакили билан бўлган учрашувда аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга қаратилган таклифлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотганига гувоҳ бўлдим.

Чиндан ҳам номзод дастурида ифода этилган ғоялар бугунги долзарб масалаларни ўз ичига олган. Хусусан, дас­турда аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий равишда такомиллаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилган. Унда фуқароларимизнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини рағбатлантириш борасида ўзига хос механизмларни жорий этиш масаласи илгари сурилган.

Унга кўра, кам таъминланган оилаларга ажратиладиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни ҳар ойда тўлаб бориш ўрнига, ўз бизнесини ташкил этиш шарти билан бир марталик тўловга алмаштириш таклиф қилинмоқда. Бу таклиф ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг манфаатини ҳимоя қилишда катта имконият яратади, деб ўйлайман. Чунки бунда киши ўзига мос бизнесни йўлга қўйиб олиш учун маблағни яхлит тарзда олади. Ишни кўнгли хотиржам бўлиб бошлайди, ўзига ишончи ортади.

Ҳаётда кўп кузатганман. Моддий ёрдамга эҳтиёжманд одам тушкун кайфиятда юради. Аста-секин боқимандаликка ўрганиб қолади. Бу жамият барқарорлиги, мамлакат тараққиётига ўз салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди, албатта. Шунинг учун номзод дастурида қайд этилган мазкур таклиф бандлик борасидаги муаммоларни ҳал этиш, ўз ишини йўлга қўйиш истагида юрган кишиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Омонуллохон Аҳмедов, иқтисод фанлари номзоди, доцент:

— Мамлакат тараққиёти, аҳоли турмуш даражаси ор­тиб боришининг омиллари кўп. Айниқса, бу масалада иқтисодий ислоҳотларни тўғри йўналтириш катта аҳамиятга эга. Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг давлатимизнинг молиявий ва иқтисодий қудратини кучли ижтимоий сиёсатга уйғунлаштириш таклифи менга маъқул бўлди.

Хусусан, дастурда маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналари ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга истеъмол товарлари ишлаб чиқариши учун уларни иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш, имтиёзли кредитлаш самарадорлигини ошириш белгиланган. Бу жойларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотлар ҳажми ва сифатини ошириш, корхоналар фаолиятини кенгайтириш, қў­шимча иш ўринлари очишга хизмат қилади. Айниқса, маблағ етишмаслиги учун ишини тўхтатиш арафасида турган ёки маҳсулот ҳажмини ошириш учун қўшимча техника ва технологияларга эҳтиёжи бор корхоналар учун бу жуда қўл келади. Улар керакли маблағ билан таъминланса, ишлаб чиқариш салоҳияти ўсади, ички ва ташқи бозорга чиқиш имконияти ортади.

Мана шундай ҳаётий масалаларга кўра, номзоднинг бу борадаги таклифи ғоят ўринли.

Саидкомол Нажмиддинов, тиббиёт фанлари номзоди, доцент:

— Охирги пайтларда кўча-кўйдаги баннерларда, бекатларда, ҳатто жамоат транспортларида дори воси­талари рекламаси кўпайиб кетди. Бемор уларнинг қайси бири ўзига кераклигини билмай қолади. Бунинг устига реклама қилинаётган дори воситаларининг айримларини шифокор маслаҳатисиз умуман қабул қилиб бўлмайди. Касбим шифокор бўлганлиги учун ҳам бу масалада Ҳотамжон Кетмонов илгари сурган таклифларни ёқлайман.

Ҳақиқатдан ҳам, бугун аҳоли соғлиги билан боғлиқ мазкур жараёнларга жиддий масала сифатида қараб, дори воситалари рекламасига ўзига хос чеклов қўйиш мақсадга мувофиқ, деб биламан. Бундан таш­қари, номзоднинг фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори-дармон воситалари нархи устидан давлат назоратини кучайтириш масаласидаги таклифи ҳам жуда муҳим.

Чунки дори-дармон воситалари ҳамма жойда ҳам бир хил нархда эмас. Бир дорихонадан сотиб олинган дори воситаси кейинги дорихона муассасасида анча арзон ёки қиммат бўлади. Умуман, нархлар ўртасида катта тафовутни кузатиш мумкин.  Баъзан «фалон сўмга дори олдим, даволаниш учун бунча пулим кетди, четдан келар экан, шунинг учун қиммат эмиш», деган гапларни эшитиб қоламиз. Дори воситаларини жуда баланд нархларда харид қилганлиги сабабли беморлар ранжиётган ҳоллар кўп учрайди. Шу боис номзод дастурида бу масалада илгари сурилган вазифаларни долзарб, деб ҳисоблаймиз.

Шоҳсанам Муҳамадалиева, Тошкент вилояти Паркент педагогика ва иқтисодиёт коллежи ўқувчиси:

— Мен ҳозир иккинчи курсда ўқийман. Вақти келиб коллежини тамомлаганимдан кейин ўзимга муносиб иш жойига эга бўлишни хоҳлайман. Шу боис Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан Президент­ликка кўрсатилган номзоднинг дастуридан кўнглим тўлди. Чунки унда биз ёшларнинг ҳаётига дахлдор кўплаб масалалар ўрин олган. Касб танлашимиз, таълим олгач, албатта, биринчи иш ўрнига эга бўлишимизда зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда ўз ишимизни очиш учун қатор қулай имкониятларни яратиш кўзда тутилган.

Тенгдошларимдан кўпчилигининг орзусини эшитганман. Улар орасида  ўз ишини очишни ният қилганлар ҳам бор. Айрим дўстларим аллақачон бизнес режасини тайёрлаб қўйган. Агар улар ўз ишини йўлга қўйса, бундан кўпчилик манфаатдор бўлади. Шу боис номзоднинг дастуридаги касб-ҳунар коллежи битирувчиларига рағбат ва керакли шарт-шароитлар яратиш таклифи биз ёшлар учун ниҳоятда муҳим. 

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Абдусалим МАҲМУДОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.