28.03.2015

«БИЗ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИДА ЮРТИМИЗ КЕЛАЖАГИ, ҲАЁТИМИЗ ФАРОВОНЛИГИ УЧУН ОВОЗ БЕРАМИЗ»

Президентликка Ўзбекис­тон Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмонов­нинг ишончли вакиллари Қорақалпоғистон Республи­каси, Тошкент шаҳри ҳамда барча вилоят, туман ва шаҳарларда сай­ловчилар билан учрашув­лар ўтказди.

Уларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш масалаларида фикр-мулоҳазалар билдирилди, номзоднинг дастури, унда илгари сурилган ғоя ва таклифлар ҳар томонлама чуқур ўрганилди.

Шундай учрашувлардан бири Хонқа туманида ўтказилди. Учрашувни 12-Хоразм округ сайлов комиссияси аъзоси Эргаш Худайназаров очди. Шундан сўнг номзоднинг ишончли вакили, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Раимберган Сабуров сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва дастури билан таништирди.

Ишончли вакил номзоднинг дастури партиямиз дастурига ҳамоҳанглиги, унда электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган таклифлар илгари сурилганини қайд этди. Дастурда, асосий эътибор аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига йўналтирилгани таъкидланди.

— Номзоднинг кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни мақсадли фойдаланиш шарти билан бир марталик тўловга алмаштириш таклифи айни пайтда долзарб масаладир, — деди ишонч­ли вакил. — Бу, айниқса, қишлоқ жойларида яхши самара беради. Бир марталик тўлов ҳисобидан уйда ишсиз ўтирган кўп болали аёллар ёки ёшлар ўз ишини очиш имконига эга бўлади.

Учрашувда номзод дастуридаги асосий йўналишлар юзасидан сайловчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Ҳақиқатдан ҳам аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш одамларнинг турмуш фаровонлиги ошишида муҳим аҳамиятга эга, — дейди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ҳожибой ­Абдураҳмонов. — Шу маънода Президентликка номзод Ҳотамжон ­Кетмонов дастурида илгари сурилаётган хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларини янада фаоллаштириш ғояси менга маъқул келди. Чунки мазкур соҳаларни ривожлантириш орқали иш ўринлари очиш, одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш кафолати мустаҳкамланади.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Уларни сайлов куни Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновни ёқлаб овоз беришга чақирди.

* * *

Қарши шаҳар банк коллежида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ХДП фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда сайловда биринчи марта овоз берадиган ёшлар иштирок этди.

Учрашувни 18-участка сайлов комиссияси раиси Дилшод ­Мадиев очди. Сўнг номзоднинг ишончли вакили, ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда дастури билан таништирди.

— Номзод дастурида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли банд­лигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига кенг қулайликлар яратиш устувор вазифа этиб белгиланган, — деди у. — Шу билан бирга кам таъминланган оилаларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Улар аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатимиз тараққиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шундан сўнг сайловчилар номзод дастурида илгари сурилган ғоя ва таклифлар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Ҳотамжон Кетмоновнинг дастурида аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш масаласи белгилангани бизга маъ­қул келди. — дейди Қарши шаҳридаги «Пахтазор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳурсан Кенжаева. — Ҳеч биримизга сир эмас, тез тиббий ёрдамдан фойдаланиш, кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга малакали тиббий хизмат кўрсатишда айрим камчиликлар учраб турибди. Номзод дастурида илгари сурилган вазифалар амалга ошса, ушбу нуқсонлар бартараф этилади,  деб ўйлайман.

Учрашувда, шунингдек, 29-умумий ўрта таълим мактаби директори, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Жамила Тўрақулова, Қарши банк коллежи ўқитувчиси Ҳамдам Саидов ва бошқалар номзод дастурининг муҳим жиҳатлари, унда илгари сурилган вазифалар, ғоя ва таклифлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президент­лигига номзод Ҳотамжон ­Кетмоновга овоз беришга чақиришди.

* * *

Яшнобод туманида Президент­ликка номзодимизнинг ишончли вакили, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ­Ҳайдар Бобохонов сайловчилар билан учрашди.

Учрашувни 14-Тошкент шаҳар сайлов округи аъзоси Салим Шоев очди. Сўнг ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва дастури билан таништирди.

— Ҳотамжон Кетмонов дастурида, энг аввало, мамлакатимизда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғ­лиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этишга қаратилган қатор масалалар илгари сурилмоқда, — деди у. — Айниқса, меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишга интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини рағбатлантириш таклифлари ижтимоий сиёсатни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Учрашувда номзоднинг дас­тури ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Менга дастурдаги давлат қурилиши ва суд-ҳуқуқ тизими билан боғлиқ ташаббуслар маъқул бўлди, — дейди Тошкент ихтисослаштирилган хотин-қизлар коллежи ўқитувчиси Нилуфар Нажмиддинова. — Номзод ижтимоий ҳаёт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, қонунчиликни янада такомиллаштириб бориш зарурлигини таъкидламоқда. Қолаверса, у фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳу­қуқининг самарали механизмини таъминлаш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларини изчил қўллаб боришни давом эттириш керак, деб ҳисоблайди. Бу саъй-ҳаракатлар суд ва суд процесси иштирокчилари ўртасида ўзаро самарали алоқа ўрнатилиши, жумладан, суд ҳужжатлари ва хабарномаларини етказишнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали процессуал механизмларни такомиллаштиришга хизмат қилади.

— Учрашувда, шунингдек, Тошкент Педиатрия институти қошидаги 2-сонли академик лицей директори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Шаҳноза Мираҳимова, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Яшн­обод туман бўлими етакчиси ­Умидхон Ҳошимов, тумандаги «Чўлпон» маҳалла фуқаролар йиғини котиби ­Ирода ­Маҳкамова, «Ўрта масжид» ­маҳалласи фаоли Маҳбуба ­Ризалиева ва бошқалар сўзга чиқиб, сайловчиларни Ҳотамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.