26.03.2015

САЙЛОВ ТИЗИМИ ОЧИҚ-ОШКОРАЛИККА АСОСЛАНГАН

— Яна саноқли кунлардан кейин бўлиб ўтадиган Президент сайловида иштирок этишни фуқаролик бурчим, зиммамдаги катта масъулият, деб биламан. Шу боис сайловга тайёргарлик жараёнларини мунтазам кузатиб боряпман. Жойларда ташвиқот ишлари, номзодлар ишончли вакилларининг сайловчилар билан учрашувлари ўтказиляпти. Сайлов участкаларида овоз беришимиз учун зарур шароит яратилмоқда. Менда бир савол туғилди. Президент сайлови билан боғлиқ молиявий таъминот ким томонидан, қайси маблағлар ҳисобидан амалга оширилади? Шу ҳақда маълумот берсангиз.

Гулноза Сиддиқова, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий

университети талабаси.

 

Аксавли ТУМИШОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунда сайловни ўтказиш ва унга тайёргарлик жараёнларини молиявий таъминлаш масалалари белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ, Президент сайлови билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ва ўзга йўллар билан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тақиқланади. Бу сайловнинг очиқ-ошкоралик ҳамда адолатлилик принциплари асосида ўтишида муҳим аҳамият касб этади.

Республикамизда фаолият юритаётган сиё­сий партия­лар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар сайлов ўтказилиши учун ўз маблағларини ихтиёрий равишда беришлари мумкин. Мазкур ҳолатда маблағларни фақат Марказий сайлов комиссияси қабул қилиб олади ва қонунга риоя қилган тарз­да сарфлайди.

Сайловга йўналтирилган маблағларнинг барчаси тайёр­гарлик жараёнлари ҳамда сайловчиларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида сарфланади.

 

— Қонунчилигимизда Президент сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланганми?

Ирода Йўлдошева, Тошкент шаҳар, Юнусобод туманидан.

 

Фарҳод УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Албатта, сайловни ўтказишнинг қонунда назарда тутилган қоидалари ҳамда тартибини бузувчи шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ва Президентликка сайланиш, сайловолди ташвиқоти ҳуқуқларини эркин равишда амалга оширишга зўравонлик ёки таҳдид қилиш, алдаш ёхуд яна бошқа йўллар билан қаршилик кўрсатувчи шахс­лар қонун меъёрларига амал қилмаган ҳисобланади.

Шунингдек, сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, овоз бериш яширинлигини бузган ёхуд яна бошқа тарзда қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари белгиланган йўсинда жавобгарликка тортилиши ҳам белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа тарзда тарқатиш, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.

Овоз бериш кунига қадар беш кун ичида, шунингдек, овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш ёки эълон қилиш, шунингдек, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига, шу жумладан, интернет тармоғига жойлаштириш тақиқланади. Юқорида қайд этилган ҳолатларнинг бирига ёки бир нечтасига йўл қўйган фуқаро қонун олдида жавобгарликка тортилади.

Сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг устувор ҳуқуқи ҳисобланади. Бу инсоннинг эрки, хоҳиш-иродаси билан боғлиқ муҳим масаладир. Шунинг учун қонунчиликда сайлов ҳуқуқини чеклаш билан боғлиқ ҳаракатларга аниқ жавобгарлик белгиланган.

 

— Шу ҳафтанинг охирида Президент сайловида иштирок этамиз ва тез орада унинг натижалари маълум бўлади. Мени бир нарса қизиқтириб қўйди. Сайлов натижаларини аниқлаш қай тарзда амалга оширилади? Қонунчилигимизда белгиланган тартиб-қоидалар ҳақида маълумот берсангиз.

Севара Жабборова, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳридан.

 

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасида айни шу ҳақда меъёр белгилаб қўйилган. Унга кўра, Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баённомалар ва Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларидан олинган баённомалар асосида республика бўйича сайловчилар умумий сонини, сайлов бюллетенлари ҳамда варақалари олган сайловчиларнинг сонини, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг сонини, шунингдек, ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар ҳамда ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар миқдорини аниқлайди.

Президент сайловида иккита номзод иштирок этган тақдирда, овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг нисбий кўпчилик овозини олган номзод сайланган, деб ҳисобланади.

Иккитадан ортиқ номзод иштирок этган тақдирда, номзодларнинг ҳеч бири овоз беришда қатнашган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини ололмаган бўлса, сайловчиларнинг овозини энг кўп олган икки номзод иштирокида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Президент сайловида Қонунда белгиланган турли сабаблар натижасида битта номзод иштирок этган тақдирда, бу номзод овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини олган бўлса, сайланган, деб ҳисобланади.

Қонунга кўра, сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками овоз бериш жараёнида иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган, деб топилади.

Президент сайлови натижаларини белгилаш тартиб-қоидалари ҳам қонунчиликка мувофиқ тарзда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

тайёрлади



DB query error.
Please try later.