26.03.2015

ПАРТИЯМИЗ АЪЗОЛАРИ

сайловолди тарғиботида фаол иштирок этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказишда бошланғич партия ташкилотлари муҳим ўрин тутади. ЎзХДП Чортоқ туман кенгаши томонидан бошланғич ва ҳудудий партия ташкилотлари етакчиларига бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилган.

«Бешкапа» маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги ҳудудий партия ташкилоти фаоллари тарғибот тушунтириш ишларини дастлаб кекса ва бемор сайловчилар хонадонларида олиб боришди. Сўнгра турли учрашувларда сиёсий партиямиздан кўрсатилган Президентликка номзод дастури юзасидан суҳбатлар ўтказишга киришилди.

— Биз, айниқса, кексалар ва ёшларга сайловнинг аҳамияти, сайловчи масъулияти, номзодимиз дастури тўғрисида кўпроқ тушунчалар беришга ҳаракат қиляпмиз, — дейди ҳудудий партия ташкилоти етакчиси Одилжон ­Бобохонов. — Шунингдек, сайловда илк бор қатнашадиган 16 нафар йигит-қиз учун ҳам алоҳида давра суҳбати ташкил этилди.

— Президент сайловида сайлов участкасига ўзим бориб, овоз бермоқчиман, — деди 86 ёшли ­Садриддин ота Юсупов. —  Сайлов куни оиламизнинг 18 ёшдан ошган барча аъзолари, жами 7 киши овоз беришга чиқади. Ҳаммамиз сайловда ўз фикримизни билдиришимиз керак, албатта. Номзодлар таржимаи ҳоли, дастурлари билан яхши танишдик...

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик барча бошланғич партия ташкилотларида, сайлов участкаларида қизғин давом этмоқда. Сайловолди ташвиқоти жараёнида партиямиз аъзолари фаол иштирок этишмоқда.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: