26.03.2015

СИЗНИ ҚАНДАЙДИР МАСАЛА ЎЙЛАНТИРЯПТИМИ?..

Унда ЎзХДП Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилинг

Ҳаёт ҳеч қачон бир зайлда давом этмайди. Қайсидир масалада ёрдамга ёки маслаҳатга эҳтиёж сезамиз. Кимдир ўзига муносиб иш топишда қийналади. Кимгадир эса моддий ёрдам керак бўлади... Шундай пайтда қаерга, кимга мурожаат қилиш устида ўйланиб қолади киши.

Биламизки, ҳар бир сиёсий партия аҳолининг маълум бир қатлами — ўз электорати, манфаатини ифода этади. Шунинг учун партия ташкилотлари уларнинг хоҳиш-истаги ва муаммоларини яхши билиши ва кўмаклашиши керак. Бу электорат билан доимий мулоқотда бўлиб туришни тақозо этади. Бунинг учун эса сиёсий партияга мурожаатларни қабул қиладиган, уларни умумлаштириб, таҳлил қиладиган, масалаларни ҳал эта оладиган механизм зарур. Акс ҳолда сиёсий партия электорат манфаатларини ҳимоя қилиши қийин бўлади.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу борада ўзига хос тизимга эга. Партия ташкилотлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналари ушбу тизимнинг муҳим асосини ташкил этади. Чунки бу тузилма орқали аҳоли, хусусан, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ўрганиш, шу асосда ташаббуслар билан чиқиш имконияти кенгдир.

Айни кунда жойларда партиянинг 207 Жамоатчилик қабулхонаси фаолият юритяпти. Таҳлиллар аҳоли томонидан уларга бўлаётган мурожаатлар сони ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Масалан, 2014 йилда ЎзХДП Жамоатчилик қабулхоналарига 5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2013 йилга нисбатан қарийб 500 тага кўпдир. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Аввало, бу партия ташкилотлари ва гуруҳларининг аҳоли мурожаатларига муносабати тубдан ўзгаргани, одамларнинг партияга бўлган ишончи ортаётганидан далолат беради.

Мурожаатларнинг асосий қисми коммунал, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий масалаларда бўлган.

Хўш, жорий йилда Жамоатчилик қабулхоналари имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадида қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилди? Улар фаолиятини янада кучайтириш учун нималарга аҳамият бериш зарур?

Фахриддин Йўлдошев, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Мурожаат қилувчи қабулхона эшигини шунчаки тақиллатмайди. Ҳар бир мурожаатнинг ортида инсон манфаати, кимнидир ўйлантираётган масала туради. Одамлар қабулхонага умид ва ишонч билан келади. Шунинг учун ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаслиги керак, бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Қачонки, одамлар билан елкама-елка туриб, улар билан ҳамнафас бўлсак, жамиятдаги, аҳоли ўртасидаги мавқеимиз мустаҳкамланади. Шу боис мурожаатларнинг ҳар бири билан жиддий ишлаш, қабулхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш, бир сўз билан айтганда, ишга ёндашувни тубдан ўзгартириш тақозо этилади.

Бунинг учун биринчи галда бошланғич партия ташкилотларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида кўчма Жамоатчилик қабулхоналарини мунтазам ташкил қилиб бориш зарур бўлади. Ҳар ойда камида икки марта аниқ муддатда кўчма қабулхоналарни ташкил этиш, мурожаатлар асосида жойлардаги муаммоларни таҳлил этиб, тизимли ўрганиб бориш керак. Бундан ташқари, партиямизнинг расмий сайтидаги Электрон Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш яхши самара беради, деб ўйлайман.

Мўътабар Каримова, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

— 2014 йилда ЎзХДП Жиззах вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналарига 500 га яқин мурожаат бўлди. Улар партия фаоллари, депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўрганилиб, мурожаатларнинг 84 фоизи ижобий ҳал қилинди. Қолганларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 Аммо биз «Жамоатчилик қабулхонасига қачон одамлар келса, уларга имкон қадар ёрдам кўрсатамиз», деб кутиб ўтирмаслигимиз керак. Маҳаллаларда, турли корхона ва ташкилотларда бўлиб, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ишларини янада такомиллаштиришимиз зарур. Албатта, кўп бора таъкидланганидек, муайян мурожаатни ҳал этиш билан чегараланиб қолиш яхши эмас. Масалаларни умумлаштириб бориш, керак пайтда, таклифларни шакллантириб, депутатлар ташаббуси асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари йиғилишлари, сессиялари муҳокамасига олиб чиқиш талаб этилади. Чунки бу билан бир кишининг эмас, кўпчиликнинг манфаати ҳимоя қилинади, шу орқали ҳудуддаги муаммонинг асосига, илдизига етиб борилади. Бундай тизим муаммоларни янада чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, уларга самарали ечим топишга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, ижтимоий масалалар бўйича жамоатчилик ҳамда депутатлик назорати кучайишида муҳим аҳамият касб этади.

Маҳмуджон Маҳкамов, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:

— Албатта, одамлар ишончини қозониш, партиямиз мавқеини мус­тақкамлаш бўйича бизда имконият катта. Партиямиз тизимида Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилгани биз учун катта имконият ва шунга яраша масъулият ҳамдир. Ҳеч ким қабулхонага сабабсиз келмайди. Ҳар бир мурожаат ортида кимнингдир ёки кўпчиликнинг муаммоси ётади. Демак, тушаётган ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қол­маслиги керак.

Жамоатчилик қа­булхоналари имкониятидан янада кенгроқ фойдаланиш фаолиятимиздаги асосий ва муҳим масалалардан бири. Биз ишни, аввало, қабулхонада аҳоли учун қулай шароит яратишдан бошлашимиз керак, деб ўйлайман. Жамоатчилик қабулхонасидаги муҳит, шароит мурожаат қилувчининг руҳиятига таъсир этиши мумкинлигини ҳисобга олиш лозим. Қабулларни қулай пайтларда, масалан, дам олиш кунларида ташкил этиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Одамларнинг эътиборини тортувчи кўргазмали воситаларни бошланғич партия ташкилотларимиз ёрдамида кенг тарқатишимиз зарур.

Қабулхона фаолиятини кучайтириш учун бошланғич ташкилот, партия кенгаши ва депутатлар ҳамкорлигининг аниқ режасини ишлаб чиқиш талаб этилади. Натижада аҳоли, электорат вакиллари учун катта қулайлик яратилади.

Бугун замон ўзгарди, халқимизнинг сиёсий партиялар, депутатларга талаби бутунлай бошқача. Шундай экан, кези келганда очиғини айтиш керак, мурожаатлар билан ишлаш ҳамма ҳам жойда бирдек талаб даражасида эмас. Масалан, туман ва шаҳар партия кенгашларининг барчасида ҳам қабул тартиб асосида йўлга қўйилмаган. Мурожаатларни ҳал этишда депутатлар ва партия ташкилотларининг биргаликда ишлаш кўникмаси барқарор эмас. Бу эса аҳоли муаммоларини ҳал этишга тўсиқ бўлади, мурожаат эътиборсиз қолишига олиб келади. Шунинг учун ҳар бир туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари, депутатлар Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг партия ҳаётидаги ўрни, электорат манфаатини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини етарли даражада баҳолаб, янада масъулиятли бўлиши талаб этилади. Бу электорат манфаатларини ҳимоя қилишда, сайловчилар ишончини оқлашда муҳим аҳамиятга эга масала ҳисобланади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.