26.03.2015

САЙЛОВЧИЛАР НОМЗОДНИНГ ДАСТУРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАМОҚДА

«Биз учун асосий устувор йўналишлардан бири аҳо­лининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қув­ватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қи­лиш, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишига кўмаклашишдан иборат»

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмонов дастурида илгари сурилган шу ва бошқа таклифлар Бухоро вилояти Когон шаҳрида ўтказилган ишончли вакил учрашувида сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Учрашувни 3-Бухоро участка сайлов комиссияси аъзоси Мансур Бобоев очди. ­Номзоднинг ишончли вакили, ЎзХДП ­Бухоро вилоят кенгаши раиси ­Саида ­Жўраева сайловчилар билан мулоқотда бўлди.

Ишончли вакил дастлаб сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиядан кўрсатилган номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда дастури билан таништирди. У ўз сўзида номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг дастури Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига асосланганини таъкидлаб ўтди. Дастурда, хусусан, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтисодий даромадларини кўпайтириш борасида қатор устувор йўналишлар белгилангани алоҳида қайд этилди.

Бизнинг номзод дастурида манзилли ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқ таълими ва тиббиёт тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар ўз аксини топган, — деди у. — Жумладан, номзод муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини тақдим этаётган корхоналарда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш таклифини илгари сурмоқда. Унинг фикрича, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларига мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб қилиш иқтисодий ўсишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Учрашув давомида номзод дастурида баён этилган асосий йўналишлар юзасидан сайловчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Ишли, турмуш даражаси юқори бўлган одам оиласидан, эртасидан кўнгли тўқ яшайди,— дейди Когон шаҳар Саноат ва транспрот коллежи директори ўринбосари Санам Саидова. — Номзод дастурида бу борада долзарб масалалар илгари сурилгани эътиборга молик. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар тақдим этиш, ўз бизнесини йўлга қўйишда уларни қўллаб-қувватлаш таклифлари коллежимиз битирувчиларига манзур бўлди. Чунки одамларнинг ҳаёт тарзи ва турмуш даражасини юксалтиришда бандликни таъминлаш муҳим ўрин тутади. Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг дастури шу жиҳатлари билан аҳамиятлидир.

Ишончли вакил сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ҳотамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

* * *

Президентликка Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг ишончли вакили, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ­Сирожиддин Аъзамов Янгийўл туманида сайловчилар билан учрашди.

Учрашувни 862-участка сайлов комиссияси раиси Алишер ­Азимов очди. Унда Ўзбекистон ХДП фаоллари, таълим, тиббиёт соҳалари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси аъзолари иштирок этди.

Дастлаб Президентликка номзоднинг ишончли вакили Сирожиддин Аъзамов сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва дас­тури билан таништирди.

Ишончли вакил номзод дастурида ижтимоий соҳа ривожини юксалтириш, иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий йўналтирилганлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини қайд этди.

— Президентликка номзоднинг дастури ҳаётий жиҳатлари билан эътиборга молик, — деди у. — Дас­турда аҳоли бандлигини таъминлаш, доимий иш ўринлари яратиш, бу борадаги сиёсатни янада такомиллаштириш бўйича ўзига хос чора-тадбирлар кўзда тутилган. Бу, айниқса, қишлоқ жойларда турмуш шароитини яхшилашда, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш турларини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

— Номзод дастурида илгари сурилган ғоялар мамлакат тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилади, деб ўйлайман, — деди ЎзХДП Янгийўл туман кенгаши раиси ўринбосари Нўмон ­Орипов. — Дастур партиямиз аъзолари қўллаб-қувватлаётган ғоялар билан муштаракдир. Унинг таълим ва соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этиш, таълим муассасалари битирувчиларини, ишга жойлаштиришга қаратилган ташаббуслари ҳаётимизда кузатилаётган айрим масалаларни самарали ҳал қилишда муҳим ўрин тутишига ишонаман.

Учрашувда, шунингдек, халқ депутатлари Янгийўл туман Кенгаши депутатлари — Олим Мирзаев, Рустамбек Ҳамрабеков, Шўралисой қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ҳудудий партия ташкилоти етакчиси Эркин Фозилов ва бошқалар номзод дастурининг муҳим жиҳатлари, унда илгари сурилган вазифалар, ғоя ва таклифлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон ­Кетмоновга овоз беришга чақиришди.

Учрашувдан сўнг ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси аъзоларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

— Учрашувда иштирок этиб, фуқароларнинг сайлов руҳи билан яшаётганига гувоҳ бўлдим, — деди ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси аъзоси Бенжамин Прайслер. — Одамлар учрашувларда эркин фикр билдирмоқда. Мулоқотларда номзоднинг дастурида илгари сурилган таклифларга қизиқиш билдириб, савол-жавобларда фаол қатнашяпти. Айниқса, сайловда илк бор иштирок этаётган ёшлар фаоллигини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу — Ўзбекис­тонда миллий ва халқаро ҳуқуқ андозалари талабларига мос сайлов тизими яратилганидан далолатдир.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Меҳрож ДАРХОНОВ.



DB query error.
Please try later.