24.03.2015

ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИЛАР

сайловлар қонуний ва адолатли ўтказилишининг муҳим институтидир

29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишларини қатор халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар вакиллари кузатиб бормоқда.

Халқаро кузатувчиларнинг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Улар қайси халқаро ташкилотлардан ташриф буюради? Умуман, халқаро кузатувчилар сайлов жараёнида қандай ўрин тутади?

Ана шундай саволлар билан Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди Хушвақт ҲАЙИТОВга мурожаат қилдик.

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, ­Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади, — дейди у. — Яъни, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бош­қа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга. Халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан қатнашадиган кузатувчилар сайлов жараёнидаги ошкоралик ва шаффофликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.

— Умуман, дунёда сайлов жараёнларида халқаро кузатувчилар иштирок этишининг ҳуқуқий асослари нималардан иборат?

— Дунёда сайлов жараёнларига халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши, 1990 йил 26 июнда қабул қилинган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжати асосида мус­таҳкамланган.

Мазкур ҳужжатнинг 8-бандига кўра, иштирокчи давлатлар сайловларда халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши сайлов жараёнларининг обрўсини оширади, деб ҳисобланади. Шунинг учун ўтказилаётган сайловларни кузатиб бориш учун, хоҳишига кўра, иштирокчи давлатлар ва халқ­аро ташкилотлар вакиллари таклиф қилинади.

Ўзбекистон ҳам халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида кўпгина умум­эътироф этилган халқ­аро ҳужжатларни ратификация қилган. Хусусан, Инсон ҳуқуқ­лари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ­лар тўғрисидаги халқаро пакт, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжати, Парламентлараро иттифоқ кенгаши қабул қилган «Эркин ва адолатли сайлов мезонлари тўғрисида»ги декларация ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда сайлов ўтказишнинг асосий принцип ва қоидалари, сайловчилар ҳуқуқлари кафолатлари каби муҳим масалалар назарда тутилган. Ушбу ҳужжатлардаги асосий талаблар миллий сайлов тизимимизга татбиқ қилинган.

Айнан мазкур халқаро ҳужжатларнинг мамлакатимизда татбиқ этилиши ҳамда Ўзбекистонда шаклланган сайловга оид тажриба халқ­аро кузатувчиларнинг асосий эътиборидаги масала ҳисобланади.

— Халқаро кузатувчиларнинг Марказий сайлов комиссиясида аккредитациядан ўтиш тартиби қандай?

— Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида»ги низом кузатувчиларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларни тартибга солади. Унга кўра, халқаро кузатувчилар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатдан ўтказилади. Уларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади. Аризада кузатувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида бўлишининг тахминий жойи ва муддати кўрсатилиши лозим.

Халқаро кузатувчиларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарорни Марказий сайлов комиссияси Ташқи ишлар вазирлиги тақдимномасига асосан қабул қилади. Марказий сайлов комиссияси кузатувчиларга уларнинг сайлов кампанияси давридаги фаолиятлари учун асос бўладиган тегишли намунадаги мандатни беради. Кузатувчилар ўз фаолиятларини рўйхатга олинган кундан бошлаб амалга оширишга ҳақли ва уларнинг фаолияти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайлови натижалари эълон қилингунига қадар давом этади.

Халқаро кузатувчи деганда расман чет давлатлар ёки халқаро ташкилотлар томонидан сайлов жараёнларининг қонуний ва шаффоф ўтказилишини кузатиш мақсадида юборилган ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтган чет эл фуқаролари тушунилади.

— Халқаро кузатувчилар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга?

— Халқаро кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўр­сатиш бўйича ўтказиладиган йиғилишларда, округ ва участ­ка сайлов комиссияларининг мажлисларида иштирок этиш, сайлов участкаларида ҳозир бўлиш ва тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ҳамда муҳр­ланишини, фуқароларга сайлов бюллетенлари берилишини кузатиш ҳуқуқидан фойдаланади. Шунингдек, овозларни санаб чиқиш ва участка сайлов комиссияси баённомасини тузиш пайтида ҳозир бўлиш, сайлов натижалари ҳақидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш, агар сайлов участкасида «Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун бузилган, деб ҳисоблаш учун асос мавжуд бўлса, ўз кузатувлари ҳақида юқори турувчи комиссияга маълум қилишга ҳақли.

Халқаро кузатувчилар сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши, сайловчиларга таъсир ўтказиши, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тар­қатиши мумкин эмас. Бундан ташқари, сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш, участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш тақиқланади.

Мазкур ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга ошириш орқали кузатувчилар сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишига хизмат қилади. Кузатувчилар мамлакатимиз ҳудудида бўлган пайтларида Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида бўлади. Яъни, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки бош­қача усулда уларга тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди. Кузатувчилар кузатувни мустақил амалга оширади ҳамда уларга Ташқи ишлар вазирлиги ва сайлов комиссиялари ўз ваколатларини амалга оширишларида кўмаклашади.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қайси халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши мумкин?

— Шуни қайд этиш лозимки, халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда.

Бу галги сайловда ҳам хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кўплаб кузатувчилар иштирок этади. Хусусан, сайлов жараёнларида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси аъзолари ва МДҲнинг узоқ муддатли кузатувчилари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари иштирок этиши мумкин.

Кузатувчилар юртимизнинг барча ҳудудларида сайловга кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиб, сиёсий партиялар, Президент­ликка номзодлар учун яратилган шарт-шароит, имкониятлар билан танишмоқда.

Айтиш керакки, халқаро кузатувчилар сайлов жараёни бўйича ўз хулосаларини тайёрлайди. Хулосалар кузатувчилар томонидан уларни юборган ташкилотларга умумлаштириш учун тақдим этилади. Ҳар бир халқаро ташкилот ўз вакилларининг хулосалари асосида якуний ҳисоботини расман эълон қилади. Ушбу ҳисоботда эришилган ижобий ютуқлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилиб, сайлов жараёнини такомиллаштиришга оид тавсиялар берилиши мумкин. Мазкур тавсиялардан давлатларнинг миллий манфаатларини эътиборга олган ҳолда сайлов амалиётини янада такомиллаштиришда фойдаланилади.

Қонунчилигимизда сайлов жараёнларининг ҳаққоний ва адолатли ўтказилишига хизмат қиладиган ошкоралик принципи мустаҳкамланган. Ушбу принцип асосида сайлов жараёнлари маҳаллий ва халқ­аро кузатувчилар томонидан кузатиб борилади. Ушбу кузатувлар сайлов жараёнларининг қонуний ва адолатли ўтказилишига ишончли ҳимоя бўлиб хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.