21.03.2015

ХАЛҚИМИЗ ЎРТАСИДАГИ БИРДАМЛИК, ЎЗАРО МЕҲР-ОҚИБАТ

Наврўз айёми тантаналарида яққол намоён бўлмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Халқ демократик партия­си Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республика, Тошкент шаҳар, вилоятлар, барча туман ва шаҳар партия ташкилотлари Наврўз байрамига бағишлаб жойларда тадбирлар ўтказмоқда.

Мазкур тадбирларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари, партия етакчилари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, кўплаб хайрихоҳ кишилар фаол иштирок этмоқда. Байрам тантаналари халқимизнинг кайфиятини кўтармоқда, ҳар биримизни эзгу ишларга илҳомлантирмоқда. Одамлар қалбида меҳр-оқибат, яхшилик, эзгу орзу-ниятлар жўш урмоқда. Байрам кунлари эътибор ва кўмакка муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиняпти, улардан кўнгил сўралиб, ёрдам кўрсатиляпти.

Наврўз байрами тадбирларидан бири ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Шайхонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиникада ўтказилди.

Йиғилганларни ЎзХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси Ирода Абдуллаева Наврўз айёми билан муборакбод этар экан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига яқиндан ёрдам бериш, кекса кишилар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш каби вазифалар партиянинг асосий мақсадларидан бири эканини таъкидлади.

Тадбирда иштирок этган 87 нафар ишчи ходимлардаги бир гуруҳи самарали меҳнатлари учун ҳомий ташкилотлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Асрлар оша бардавом сақланиб келаётган, миллий қадрият ва анъаналаримизга айланган байрам тадбирларининг навбатдагиси Бектемир туман ҳокимия­тида бўлиб ўтди. 

Унда кенг жамоатчилик вакиллари ва меҳмонлар иштирок этди. Миришкор маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ЎзХДП аъзоси Рустам Ҳошимжонов байрам билан табриклаб, Кексаларни эъзозлаш йили давлат Дастуридан келиб чиққан ҳолда, нуронийлар ҳамда ёлғиз кексаларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, уларнинг кўнг­лини олиш, моддий қўллаб-қувватлаш ишларига наврўз тантаналари давом этаётган иш кунларда алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлади.

— Ёши улуғ кексаларни қанча эъзозласак, қадрласак ҳам оз, — дейди «Фаол аёллар» қаноти аъзоси Лола Ярашева. — Қадр­лаган — қадр топади. Мана шундай байрам тадбирларини ташкил этишдан мақсад ҳам аввало, кексаларимизнинг дилларига шодлик, қувонч улашишдир.

Тадбир сўнгида Миришкор маҳалласида яшовчи икки нафар фронт орти меҳнат фахрийсига байрам совғалари топширилди.

***

Наврўз байрами муносабати билан фақат ўзимизга хос ва мос урф-одатлар, қадриятлар яна қайта юз очади. Одамлар бир-бирига, оиласи, ёр-дўстларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ меҳр-эътибор кўрсатади, яхшиликлар кўпаяди.

ЎзХДП Қарши туман кенгашида байрам муносабати билан ўтказилган тадбирларда бу яна бир бора ўз ифодаси, исботини топди.

— Наврўз тадбирлари бир-бирига шу қадар ҳамоҳанг ва муштаракки, уларнинг негизида элу юртимизга хос қадриятлар, одамларимизга хос гўзал фазилатлар мужассам, — деди туман пар­тия кенгаши раиси Замира ­Азизова. — Шунинг учун бўлса керак, байрам тантаналарида ҳар бир киши муносиб иштирок этишга, кимгадир яхшилик қилишга интилади.

Айни пайтда туманимизда 9 нафар жисмоний имконияти чекланганлар, 20 нафар уруш қатнашчиси бор. Биз айём арафасида улар учун жойларда байрам кечалари ташкил этдик. Хусусан, «Бодомзор», «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғинларида, «Дашт» қишлоғида партиямиз вакиллари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга кўмак берилди, совға-саломлар улашилди. Ёлғиз кексалар хонадонида бўлдик, уларнинг ҳолидан хабар олдик.

 

Ферузабону НАБИЕВА,

Музаффар ТУРОПОВ.

 

***

Мўътабар ҚОЗИЕВА, ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Наврўз ҳамиша элларга янги нафас, хайру барака, жозиба ва жило олиб келган. Баҳор кишиларга кўтаринкилик, майинлик ва кайфия­т бахш этади, айём­лар уларни янада яқинлаштиради, ҳамсуҳбат қилади.

Табиат ўзининг оромбахш ҳавоси, турфа гуллари, яшиллиги билан ёшу кексаларнинг руҳиятини кўтаради, уларнинг қалбида ҳаётга, яшашга муҳаббат уйғотади.

Партия ташкилотларимиз томонидан Наврўз байрамига ҳам муносиб тайёргарлик кўрилган. Туманларимизда истиқомат қилаётган, отахон ва онахонларимизнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолларидан хабар олиняпти, уй юмушлари, зарур эҳтиёжларини таъминлашга ёрдам кўрсатилмоқда.

Жойларда ўтказилаётган ҳар бир байрам тадбири партия ташкилотларимизнинг доимий эътиборида.

Боғи эрам тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган байрамда эса кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга совғалар улашилди. 

Наврўз шодиёналари ҳамоҳанглигида ўнлаб маҳалла ва оилаларга ташриф буюриб, уйда ўтирган хотин-қизларга кўмак бериб келмоқдамиз. Март ойидан вилоят кенгашининг лойиҳаси асосида тўгарак ташкил қилиниб, юзлаб хотин-қизларга ҳафтада икки марта карвинг санъати ўргата бошланди.   

Бизнинг ғоя ва дастурларимиз замирида фуқароларимизни ижтимоий ҳимоялаш, ёши улуғларимиз ҳолидан хабар олиш, меҳр ва эътиборга муҳтож кўнгилларни зиёрат қи­лишдек эзгу мақсадлар ётади. Аслида битта кўнгилни шод қилиш учун бир даста баҳор гулларининг ўзи кифоя. Энг асосийси — одамларга эътиборли бўлиш, уларга хурсандчилик улашиш. Наврўз муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ёшларнинг тарбиясида уларнинг миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурматини оширишда, муҳтожга ёрдам бериш, кексаларга ҳурмат кўрсатиш каби ҳаётий кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.




DB query error.
Please try later.