19.03.2015

НОМЗОДНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛЛАРИ

мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда

Марғилондаги сайлов участкалари сайловга шай ҳолатга келтириб қўйилган. Қаерда уч-тўрт одам йиғилса, гап, албатта, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳақида бўлади.

— Сайловолди ташвиқотидаги очиқлик, ошкоралик, номзодлар дастури билан батафсил танишиш имкони сайловчиларнинг сиёсий фаоллигини оширмоқда, — дейди Марғилон педагогика коллежи ўқувчиси Мафтуна Собирова. — Мен бу йил сайловда илк бор иштирок этаман. Оммавий ахборот воситалари орқали номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан ўтказаётган учрашувлардан хабардор бўлиб боряпман. Номзодларнинг дастурлари билан ҳам яқиндан танишдим. Дастурларнинг менинг истиқболим, оилам фаровонлиги, Ватаним равнақи учун нима бериши мумкинлигини таққослаб ўрганяпман. Бугун ЎзХДП­дан Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг вилоятимиздаги ишончли вакили Маҳмуджон Маҳкамов билан учрашувга келдим. Ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб топишимда бу яхши имконият, деб ўйлайман.

Учрашув ўтадиган зал анча барвақт сайловчилар билан тўлди. Ишончли вакил иштирокчиларни Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли ва дастури билан таништирди.

Шундан сўнг сайловчилар номзоднинг дастури ва унинг устувор йўналишлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Партиямизнинг бош ғояларидан бири ижтимоий ҳимоя эканини биласиз, — деди сўзга чиққан ЎзХДП фао­ли Шавкатжон Эрматов. — Партиямиздан кўрсатилган номзоднинг дас­турида бу борада муҳим таклифлар илгари сурилган. Мен бу дастурни қўл­лаб-қувватлайман. Кам таъминланган оилалар, ёлғизлар, ногиронлар, умуман, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ғамхўрлик кўрсатиш ҳар бир фуқаро яхши турмуш шароитига эга бўлиши учун хизмат қилади. Шунинг учун бу тои­фа одамлар давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Президентликка номзод ўз дастурида ижтимоий ҳимояни кучайтириш, унинг самарадорлигини оширишнинг янгича ва ўзига хос йўлларини таклиф этмоқда. Улар боқимандалик кайфияти барҳам топишида, аҳоли, айниқса, ёшлар ишли бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Фикр-мулоҳазалардан кейин номзоднинг ишончли вакили сайловчиларнинг саволларига жавоб берди. Иш билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш, ёш кадрлар бандлиги ҳамда нафақалар билан боғлиқ айрим масалалар ҳақида фикр алмашилди.

* * *

Шундай учрашувлардан бири Самарқанд вилояти Булунғур туманида ҳам ўтказилди.

Учрашувни Президент сайловини ўтказувчи 7-Самар­қанд сайлов округи комиссияси аъзоси Бекзод Илчиев очди. Ҳотамжон Кетмоновнинг ишонч­ли вакили, ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси Камолбой Исабеков йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва дастури билан таништирди.

Учрашувда кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини янада ошириш, бунинг учун аҳоли бандлигини таъминлаш, нафақаларнинг тўғри тақсимланиши устидан назоратни кучайтириш масалалари ҳақида сўз борди. Номзоднинг дастурида бу борада илгари сурилган ғоя ва таклифларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

— Номзоднинг дастурида табиий монополия субъектлари томонидан аҳолига тақдим этиладиган коммунал хизматлар — электр ва иссиқлик энергияси, газ таъминоти, ичимлик суви етказиб бериш нархлари ва тарифларини такомиллаштириш каби устувор вазифалар ўрин олгани менга маъқул бўлди, — дейди Булунғур миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Сафарбой Алибоев. — Бу ғоялар аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Учрашувда, шунингдек, партия фаоли, меҳнат фахрийси Муҳаррам Умирова, ЎзХДП Булунғур туман кенгаши раиси ўринбосари Мамашариф Неъматов ва бошқалар сўзга чиқиб, сайловчи фикри, хоҳиш-иродаси халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз равнақига хизмат қилишини таъкидлади, сайловчиларни Ҳотамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

* * *

Хоразм вилоятида ҳам Ҳотамжон Кетмоновнинг ишонч­ли вакили сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Шундай учрашувлардан бири Хонқа туманида бўлиб ўтди. Учрашувни 12-Хоразм округ сайлов комиссияси аъзоси Эргаш Худайназаров очди. Шундан сўнг номзоднинг ишончли вакили, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Раимберган Сабуров сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва дастури билан батафсил таништирди.

Ишончли вакил номзоднинг дастури партиямиз дастурига ҳамоҳанглиги, ЎзХДП электорати бўлмиш ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд қатлам вакиллари манфаатларига қаратилгани ҳақида кенгроқ тўхталди. Бандлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, қишлоқ жойларида бу масала муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

— Кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни мақсадли фойдаланиш шарти билан бир марталик тўловга алмаштириш механизмини ишлаб чиқиш таклифи кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда, — деди номзоднинг ишончли вакили. — Бу таклиф ўзининг ҳаётий асосларига эгадир. Чунки бир марталик тўлов орқали уйда ишсиз ўтирган кўп болали аёллар, ёш йигит-қизлар касаначилик ёки кичик бизнеснинг бошқа бир йўналиши билан шуғулланиш имконига эга бўлади.

Учрашувда номзод дастурининг мазмун-моҳияти, ундаги асосий йўналишлар юзасидан сайловчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Ҳотамжон Кетмоновнинг дастурида аҳолини иш билан таъминлаш масаласига доир эътиборли таклифлар билдирилган, — дейди ЎзХДП фаоли Ҳожибой Абдураҳмонов. – Улар жойларда бандлик соҳасида ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишга хизмат қилади, деб ҳисоблайман. Масалан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли микрокредитларни тақдим этиш, ўз бизнесини очишда уларга янада қулай имкониятлар яратиш билан боғлиқ йўналишлар ёшларимиз ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Номзоднинг ишончли вакили сайловчиларнинг саволларига жавоб берди ҳамда уларни Президент сайловида Ҳотамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга даъват этди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Абдурасул САТТОРОВ,

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.