Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
19.03.2015

СИЗ ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОДНИНГ ДАСТУРИ ҲАҚИДА ҚАНДАЙ ФИКРДАСИЗ?

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг дастурида аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилган. Унда меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишга интилишларини қўллаб-қувватловчи тизимни яратиш ғояси ҳам илгари сурилади.

Дастурда, ҳусусан, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини рағбатлантирувчи кучли ижтимоий сиёсат юритиш борасидаги таклифлар кенг ўрин олган. Шунингдек, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаши, таълим олиши ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўрнига эга бўлиши кераклиги таъкидланган. Бу борада йигит-қизларга адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш зарурлиги қайд этилган.

Хўш, дастурда илгари сурилган масалалар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожида, бандликни таъминлашда қанчалик аҳамиятга эга?

Фаррух ҲАҚБЕРДИЕВ, Тошкент вилояти ўрта махсус касб-ҳунар таълими бош­қармасининг бош мутахассиси:

Аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири. Шу боис мустақил ҳаётга кириб келаётган йигит-қизларга касб-ҳунар танлаши ҳамда таълим олиши учун ҳар жиҳатдан мақбул шароитлар яратиш аҳамиятлидир. Битирувчига иш берилаётганда биринчи галда унинг мутахассислигига эътибор қаратилади. Бу ўз навбатида ёшларга таълим муассасаларида берилаётган билим ва кўникмаларнинг ҳар томонлама юқори бўлишини тақозо этади. Билимли, малакали мутахассисни — битирувчини ишга жойлаштириш кафолати, имконияти юқори бўлади. Номзод дастурида бу масалаларга алоҳида эътибор берилган. Муҳим таклифлар илгари сурилган.

Хусусан, муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитига эга бўлган қўшимча барқарор иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъект­ларининг манфаатдорлигини оширишга хизмат қилувчи механизм яратиш кераклиги таъкидланган. Бунда солиққа тортиш тизимини янада мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган.

Буни амалга оширишда корхоналар ва ташкилотларнинг кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олиш алоҳида аҳамиятга эга.

Дастурда билдирилаётган таклифлар  мустақил ҳаётга эндигина қадам қўйиб келаётган ёшларимизнинг янада сифатли таълим олиши, касб-ҳунар сирларини пухта ўзлаштириши, шу билан бирга, уларнинг бандлиги таъминланишида муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман. Эътиборли томони шундаки, дастурда таклифларни амалга ошириш механизм­лари ҳақида ҳам фикрлар билдирилган. Бу дастурдаги ҳар бир таклиф пухта ишлаб чиқилганлигини анг­латади.

Эркин АВЕЗОВ, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи:

Ҳар бир мамлакатда аҳоли банд­лигини таъминлаш масаласига ўзига хос тарзда ёндошилади. Бунда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига мос йўналишлар белгиланиши муҳим саналади.

Айни вақтда мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланмоқда. Шунинг учун истиқболли корхоналар ва ишлаб чиқариш комплексларининг ривожланишига кенг йўл очиш, ке­йинчалик уларга бўш меҳнат ресурс­ларини жалб қилиш ёшлар бандлигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади. Истиқболли корхонада ишлаётган ёшларнинг ўзига, келажагига ишончи катта бўлади. Ёшларнинг руҳияти, психологияси шундайки, қилаётган иши ёқса, олаётган иш ҳақи ўзини қониқтирса, улар бутун диққат-эътиборини ишига, юқори натижаларга эришишга сарфлайди.

Шу ўринда яна бир масала. ­Айтайлик, корхона ички ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган маҳсулот ишлаб чиқаряпти. Бу ўша корхонанинг даромади ортиб боришида, иш ўринларининг барқарорлиги таъминланишида муҳим ўрин тутади. Меҳнатга муносиб ҳақ тўланади. Бундай корхоналар сонининг ортиб бориши аҳоли фаровонлиги яхшиланишининг омилларидан бири ҳисобланади. Номзод дастурида ана шу масалалар ҳам эътиборга олинган.

Олим АБДУРАҲМОНОВ, иқтисод фанлари доктори, профессор, ЎзХДП аъзоси:

— Ҳозирги кунда иқтисодиётда, меҳнат бозорида кескин ўзгаришлар рўй бермоқда. Касб ва иш ўринлари йўналиши такомиллашиб бормоқда. Замонавий янги технологиялар ва даст­гоҳларда ишлашга мослашиш, янги касбларни тезкор ўзлаштириш талаб этиляпти. Ёшлар янги нарсаларни ўрганишга, янги-янги имкониятларни очишга ҳаракат қиляпти.

Шунинг учун ўз лойиҳа ва режаларини амалга оширишда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар тақдим этиш, бу борада белгиланган йиғимлардан озод қилиш долзарб масала ҳисобланади. Шу  орқали уларнинг мустақил бандлигини таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш мумкин бўлади. Албатта, бунинг учун мақбул шароитлар яратиш чоралари кўрилиши лозим. 

Номзоднинг  дастурида таъкидланганидек, инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда, уларнинг ўрта махсус касб-ҳунар ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурларига ўзаро боғлиқлигини таъминлаш зарур. Бу иқтисодиётни юксалтиришни бандлик жараёнлари билан ўзаро мувофиқ олиб боришда муҳим омил саналади.

Дастурда, шунингдек, таълим бериш жараёнида талаба-ёшларни ишлаб чиқариш корхоналари билан бевосита боғлаш, уларнинг амалиёт ўташига жиддий ёндашиш масалалари юзасидан ҳам таклифлар билдирилган. Бу таклифлар ишлаш кўникмасини ўқиш давридаёқ бошлаш, таълим сифатини оширишда алоҳида ўрин тутади.

Номзоднинг ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ғояларини маъқуллайман. Чунки улар мамлакатимиз тараққиёти, ёшларимиз келажаги учун хизмат қилади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Абдусалим МАҲМУДОВ

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.