Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
19.03.2015

ҲОТАМЖОН КЕТМОНОВНИНГ ДАСТУРИДА

ижтимоий ҳимояни кучайтириш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгиланган

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — Президент сайловига саноқли кунлар қолди. Янги ташкилий-ҳуқуқий шароитда ўтказилаётган мазкур сайловда барча сиёсий партиялардан номзодлар кўрсатилди.

Шу кунларда улар, номзодларнинг ишончли вакиллари мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида сайловолди тарғибот ишларини қизғин давом эттирмоқда.  Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловда фаол ва муносиб иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Сайловчилар, электорат вакиллари билан ўтказилаётган учрашувларда партиядан Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг дас­турини, унда белгиланган устувор масалаларни жамоатчиликка етказиш, уларнинг ҳаётий аҳамиятини очиб беришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Хўш, номзоднинг дастурида белгиланган масалалар мазмун-моҳияти нималардан иборат? Уларнинг электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимизни янада тараққий эттиришдаги ўрни ҳақида нима дейиш мумкин?

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимизда давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий муҳофаза ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этишга эътибор қаратади. Партиядан ­Президентликка номзод Ҳотамжон ­Кетмонов дастури айнан мазкур йўналишлардаги устувор ғояларга асосланади.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало, улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, номзоднинг дастурида аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи асосий устувор йўналиш этиб белгиланди.

Бунда меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўрнига эга бўлишга интилишини қўллаб-қувватлаш, бундай кишиларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини рағбатлантирувчи кучли ижтимоий сиёсат юритиш муҳим вазифа ҳисобланади. Аввало, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш талаб этилади. 

Ҳар йили мамлакатимизда ярим миллионга яқин йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини тамомлайди. Номзодимиз фикрича, уларни иш билан таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган масаладир. Кўплаб ёшларимизда тадбиркорликка қизиқиш ва қобилият бор, лекин иш бошлаш учун маблағ керак. Шундай пайтда уларни қўллаб-қувватласак, эртага кўплаб иш жойлари очилишига имкон яратган бўламиз. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар бериш ишларини такомиллаштириш, белгиланган йиғимлардан озод этиш орқали улар ўз бизнесини бошлашига кўмаклашиш муҳим масала.

Биламизки, ЎзХДП мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, унинг кам таъминланган гуруҳлари турмуш даражасини яхшилаш учун фойдаланишга қаратилган стратегик йўналишни фаол қўллаб-қувватлайди. Шундан келиб чиқиб, номзодимиз дастурида кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳам қатор таклифлар баён этилган.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини фақат давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига самарали таъминлаб бўлмайди, албатта.

Демак, кам таъминланган оилалар аъзоларига ўз ишини очиши, мус­тақил бизнесини йўлга қўйиши учун беғараз ссуда ва имтиёзли микрокредитлар бериш тизимини янада такомиллаштириш керак бўлади. Агар улар ўз ишини йўлга қўйиб, барқарор даромад манбаига эга бўлса, нафақат уларнинг ижтимоий ҳимояси учун бюджетдан пул ажратишга ҳожат қолмайди, балки уларнинг ўзи солиқ тўловчига айланади.

Шунинг учун номзодимиз ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳолини иш билан таъминлаш, улар ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга йўналтириш зарур, деб ҳисоблайди. Бунинг учун одамларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, меҳнатга интилишини қўллаб-қувватлаш керак.

Айтайлик, кишида ишлаб чиқаришнинг қайсидир турига қизиқиш бор. Лекин у вақтинчалик ишсиз. Ўзига таниш ва сир-асрорини билган соҳада иш бошлаши учун маблағи етарли эмас. Демак, уни қўллаб-қувватлаш, керакли маблағ билан таъминланишига кўмаклашиш лозим. Шунда жамиятда боқимандалик кайфияти бартараф этилади, кўплаб одамлар иш билан таъминланиб, оила даромадига, жамият фаровонлигига ва тараққиётига улуш қўшади. Бунда, албатта, фуқароларга имтиёзли кредитлар ва мақсадли фоизсиз ссудалар ажратиш яхши самара беради.

Дастурда ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини бугун кўпчилик қўллаб-қувватламоқда. Чунки булар энг долзарб ҳаётий вазифалар бўлиб, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтисодий даромадларини кўпайтириш масалаларини ўз ичига олган.

Хусусан, дастурда муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини тақдим этаётган корхоналарда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш белгиланган. Улар қаторига, авваламбор, ишлаб чиқариш соҳасининг юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона-ташкилотлар киради. Номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг фикрича, ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурс­ларини фаол жалб қи­лиш иқтисодий ўсишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Дастурда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами учун кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, соҳада учраётган айрим муаммоларни ҳал этиш бўйича муҳим таклифлар ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш масаласи эътиборга молик. Олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш бўйича чоралар кўриш, имтиёзли ва бепул тарзда малакали тиббий санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи тегишли қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назоратни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга, албатта. Бу таклифлар бугун ҳаётимизда кузатилаётган, одамларни ўйлантираётган айрим камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағлар мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, маҳсулот етказувчилар ўзаро эркин рақобатлашишига шароит яратадиган очиқ ва ошкора электрон савдолар тизимини кенгайтириш, шу орқали давлат харидларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам дастурда ўз ифодасини топган. Бу нафақат давлатнинг иқтисодий салоҳияти ва қудратини оширишга, балки тизим ходимлари ва истеъмолчиларга янада қулайлик яратишга хизмат қилади. Чунки очиқ ва ошкора электрон савдолар йўлга қўйилиши давлат бюджети маблағлари мақсадли сарфланиши, адолат ва ҳаққонийлик мустаҳкамланишига кенг йўл очади. 

Ҳаммамиз яхши биламиз, кишиларнинг яхши яшаши ва муносиб турмуш шароитига эга бўлишида коммунал соҳа ривожи муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун номзодимиз дастурида бу йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унда қайд этилишича, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар нархини мақбуллаштиришга эришиш учун соҳанинг тармоқ муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган арзон автоном шаклларини ривожлантириш керак. Шунингдек, табиий монополия субъектлари томонидан тақдим этиладиган коммунал хизматлар нархлари ва тарифларини давлат томонидан тартибга солиш меха­низм­ларини янада такомиллаштириш зарур.

Демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, фуқаролик жамияти қарор топгани сари суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, одил судловни амалга ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча имкониятларни яратиш зарурати келиб чиқади. Бу жамият ҳаётини демократлаштириш, инсонпарварлик тамойилини кучайтиришда муҳим ўрин тутади. Шунинг учун номзод бу борада ҳам қатор таклифларни илгари сурмоқда. Хусусан, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Мазкур масалада суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш керак бўлади. Номзоднинг фикрича, фуқароларнинг ҳуқуқларини янада кафолатлаш мақсадида илгари сурилган бу таклифлар ҳаётимизни тобора эркинлаштириш ва демократлаштиришга хизмат қилади.

Ташқи сиёсат ҳар қандай мамлакат тараққиётида долзарб аҳамиятга эга. Бошқа давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, дўстона муносабатларни ўрнатиш орқали глобал муаммоларни ҳамжиҳатликда ечиш, соҳалар истиқболига йўл очиш, тажриба алмашиш имкони кенгаяди. Шунинг учун Прези­дент­ликка номзод ўз дастурида таш­қи сиёсат фаолияти масалаларида ҳам қатор таклифларни билдирмоқда. Хусусан, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари сув ре­сурс­ларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича мамлакатнинг халқ­аро ташаббусларини фаол илгари суришни таъминлаш лозим. Шу­нинг­дек, дастурда Марказий Осиё мамлакатлари, дунёнинг бошқа давлатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан терроризм, экстремизм, наркотрафик, одам савдоси ва бош­қа таҳдидларга қарши кураш масалалари бўйича ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва кучайтириш зарурлиги таъкидланган. Бу масалалар мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, тараққиётни янада юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. 

Умуман, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Пре­зи­дент­ликка номзод Ҳотамжон ­Кетмонов дастуридан ўрин олган ғоялар мамлакатимиз мустақиллиги ва тараққиётини мустаҳкамлашга амалга оширишда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, тараққиётни янада мустаҳкамлашга, аҳоли турмушини фаровонлаштиришга йўналтирилган. Ушбу дастур мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга ошириб келинаёт­ган кучли ижтимоий сиёсат, инсонпарвар демократик ислоҳотларнинг бош мақсадига мос келади. Шунинг учун сайловчиларни ундаги ғояларни қўллаб-қувватлашга, номзодимизга овоз беришга чақирамиз.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.