17.03.2015

САЙЛОВ ҲУҚУҚИНИ АМАЛГА ОШИРИШИНГИЗ УЧУН ҲАММА ШАРОИТ ЯРАТИБ БЕРИЛАДИ

Ўз ваколатларини амалга оширишида сайлов комиссия­ларига кимлар кўмаклашиш ҳуқуқига эга?

Умида ИСРОИЛОВА, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

Қонунчиликка асосан, давлат ва жамоат идоралари, сиёсий партиялар, корхона ва муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларининг ўз ваколатларини амалга оширишига кўмаклашишга, уларнинг иши учун зарур маълумот ва материалларни тақдим этишга мажбурдир. Сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан мазкур ташкилотларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Улар эса ўртага қўйилган масалани кўриб чиқиб, уч кунлик муддатдан кечиктирмай сайлов комиссиясига жавоб қайтариши керак бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг ­ваколатлари нималардан иборат?

Машкура ИКРОМОВА, Бухоро вилояти, Вобкент тумани

Ёқуб УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайловни юксак демократик талаблар ва қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда юқори савияда ўтказишда округ сайлов комиссиялари муҳим ўрин тутади. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари тўлиқ амалга ошишида улар зиммасига катта масъулият юкланган.

Округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва камида 6-8 нафар аъзосидан иборат таркибда тузилади. Округ сайлов комиссиясининг шахсий таркиби Марказий сайлов комиссиясининг қа­рори билан тасдиқланади. Унинг вазифаларига тўхталадиган бўлсак, округ сайлов комиссияси сайлов участкаларини тузади, округ бўйича тартиб рақамини белгилайди ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади. Шунингдек, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ҳам айнан мазкур комиссия зиммасидадир.

Биламизки, Қонунчилигимизда Президентликка номзодлар сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун бирдек ҳуқуққа эга. Шундан келиб чиқиб, округ сайлов комиссияси номзодлар учун бу борада тенг шароитларни таъминлаши керак. Бундан ташқа­ри, сиёсий партиялар вакилларининг, сайлов округи ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхати тузилиши, унинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб бориш ҳам округ сайлов комиссиясининг вазифасига киради. Бундан ташқари, мазкур комиссия маблағларни участка сайлов комиссияларига тақсимлаш, сайлов комис­сия­ларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилиш ҳамда сайловни моддий-техник жиҳатидан таъминлашнинг бош­қа масалаларини кўриб чиқиш ишларини амалга оширади.

Агар участка сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан қандайдир ариза ёки шикоят тушса, уни кўриб чиқиш ва шу юзасидан қарор қабул қилиш ҳам айнан округ сайлов комиссияси ваколатига киради. Комиссия округ бўйича сайлов якунларини чиқаради ва маълумотларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади.

Яқинда бир тадбирда сайлов арафасида сайловчилар рўйхати тузилиши ҳақида айтиб ўтилди. Бу рўйхатни тузиш тартиби ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз?

Санобар РАҲМОНОВА, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз сайлов тизимида фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдириши, номзодларга муносабатини ўз фикри ва қарашидан келиб чиқиб ифода этиши бўйича муҳим кафолатлар яратилган. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга кирган, рўйхат тузилаётган вақт­да муайян сайлов участ­каси ҳудудида доимий истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилади. Сайловчи бошқа сайлов участкаларида сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин эмас.

Сайловчилар рўйхати сайлов участ­касида участка сайлов комиссия­си томонидан тузилади ҳамда унинг раиси, котиби томонидан имзоланади. Комиссия жамоатчилик вакилларини рўйхат тузиш ишида қатнашишга жалб этиши мумкин.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари сайловчилар ҳисобга олинишини таъминлайди. Шунингдек, участка сайлов комиссияларига тегишли ҳудудда яшайдиган сайловчилар тўғрисида сайловчиларнинг рўйхатини тузиш учун зарур маълумотларни беради.

Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчи-сайловчиларнинг, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий қисм­лар жойлашган ҳудудларда яшовчи оила аъзолари ва бошқа сайловчиларнинг рўйхати ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади.

Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторий ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида тузилган сайлов участкалари бўйича сайловчилар рўйхати мазкур муассасаларнинг раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тайёрланади.

Сайловчилар рўйхатида сайловчиларнинг фамилиялари овоз беришни уюштириш учун қулай тартибда кўр­сатилади.

Мен сайловда биринчи марта иштирок этяпман. Шунинг учун сайловни янада яхшироқ тушуниш, Президентликка номзодларнинг дастурлари билан танишиб чиқиш мақсадида ҳар куни ҳудудимиздаги сайлов участкасига бораман. У ерда сайловчилар учун барча шароит яратилгани мени қувонтиради. Яқинда менда бир савол туғилди: сайлов участкаларини тузиш тартиби қандай бўлади?

Темур ҲАСАНОВ, талаба.

Садоқат АХМАНОВА, Яшнобод тумани 10-сон давлат нотариал идораси нотариуси:

— Сайловда биринчи марта иштирок этаётган ёшларни сайловга оид барча жараёнлар қизиқтириши та­биий. Улар овоз беришнинг аҳамиятини чуқур тушуниб олиши учун сайловни ўтказиш тартиби, қоидалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши зарур.

 «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасида айнан сизни қизиқтирган масала баён этилган. Унга мувофиқ, сайлов участкалари туман, шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Ҳарбий қисмларда эса қисм ёки ҳарбий қўшилма командирларининг тақдимномасига биноан ташкил этилади.

Сайлов куни хизмат сафари билан чет элда бўлган фуқаролар ҳам сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Яъни, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари  тузилади. Бундай участкалар Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилади.

Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида тузилади. Ҳарбий қисмларда, хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерларда ҳам сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса истисно тариқасида сайловга камида беш кун қолганида ҳам тузилиш мумкин.

Сайлов участкаси, қоида тариқасида, камида 20 нафар ва кўпи билан 3000 нафар сайловчидан иборат бўлиши керак. Овоз беришни ташкил этиш учун сайлов участкасига туман, шаҳар ҳокимлиги бино ажратади.

Округ сайлов комиссияси участка сайлов комиссиясининг ва овоз бериш биносининг жойлашган ерини кўрсатган ҳолда ҳар бир сайлов участ­касининг чегаралари тўғрисида сайловчиларни хабардор этишни ташкил қилади.

 

Мукаррам РАСУЛЖОНОВА,

Юлдуз ҲАЙДАРОВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.