17.03.2015

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ

фуқароларнинг давлат бошқарувида бевосита иштирокини таъминлайди

Мамлакатимизда 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбе­кистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари Республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб сайловчилар билан учрашувлар ўтказишмоқда. Ушбу тадбирлар орқали халқимиз номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишмоқда. Шунингдек, улар билан юртимизнинг тараққиётига дахлдор масалаларда фикр алмашмоқда, хоҳиш-истакларини билдирмоқда.

Бугун сайловчиларни, айниқса, ёшларни Президент сайловининг мамлакат ва миллат тақдиридаги аҳамияти, сайловчиларнинг масъулияти, қандай киши Президент бўлиши кераклиги ҳақидаги саволлар кўпроқ қизиқтирмоқда. Шундан келиб чиқиб, сайловчилар, партиямиз аъзолари ҳамда электорат вакилларига бу масалаларда қўшимча маълумот бериш мақсадида таҳририятимизда «Президент сайлови фуқароларнинг давлат бошқарувида бевосита иштирокини таъминлайди» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатини «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар ОСТОНОВ олиб борди.

Шу кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида муҳим тарихий воқеа — Президент сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Президент­ликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари билан бўлаётган учрашувларда фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб, уларда мамлакат тақдири учун дахлдорлик туйғуси кучайиб бораётгани яққол кўринмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга асосан Ўзбекис­тон Республикаси Президентини сайлаш фуқароларнинг ихтиёрий равишда яширин овоз бериши орқали амалга оширилади. Яъни, қайси номзодга овоз беришни сайловчининг ўзи мустақил ҳал этади.

Сайловчи кимга ва нима учун овоз бериши кераклигини, овоз беришда қайси мезондан келиб чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлашини аниқ тушуниб етиши муносиб номзод сайланишини ҳал этади.

Шу ўринда сайловчи аввало, Президент сайлови аҳамиятини чуқур англаши керак бўлади. Мамлакатнинг тараққиёти, жаҳон ҳамжамиятида тутадиган ўрни, миллий хавфсизлиги,  фуқаролар ҳаёти эртага қандай бўлиши кўп жиҳатдан Президентга боғлиқ.

Айниқса, ҳаёт шиддат билан ўзгариб, дунёда ижтимоий-иқтисодий муаммолар кескинлашиб, геосиёсий манфаатлар кучайиб бораётган ҳозирги жараёнда мамлакатда ким Президент бўлиши ўта муҳим аҳамиятга эга эканини ҳар бир сайловчи чуқур англаши талаб этилади.

Бугунги Давра суҳбатида кўзланган мақсад ҳам сайловчиларга, айниқса, ёшларга Президентлик институтининг аҳамияти, Президентнинг мамлакат бошқарувида тутган ўрни, сайловчиларнинг масъулияти тўғрисида қўшимча маълумотлар бериш, сайловчи ўз сайлов ҳуқуқидан фойдаланаётганда нималарга эътибор қаратиши лозимлиги тўғрисида фикр алмашишдир.  

Азиза ИБРАГИМОВА, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси:

— Дунё тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Президентлик институти дастлаб АҚШ­да ташкил этилган, ўшанда, яъни 1789 йилда илк бор Президент сайланган.

Президентлик институти нега керак эди, деган табиий савол туғилади. Аввало, ўша даврда бутун бир халқни бирлаштирадиган, руҳлантирадиган шахсга эҳтиёж бўлган. Ўшанда давлат раҳбарлигини амалга оширувчи, фуқароларнинг устувор ҳуқуқларини кафолатловчи ягона куч зарур эди. Ана шу тарихий заруратлар дунё давлатчилигида президентлик институти рўёбга чиқишига асос бўлди.

Европада эса президентлик институти дастлаб Франция ва Швейцарияда жорий этилган. ХХ аср охирига келиб, дунё саҳнидаги турли ўзгаришлар бу институт янада кенг тарқалишига сабаб бўлади.

Мамлакатимизда ушбу инс­титут тарихий жиҳатдан ўта мураккаб бўлган бир шароитда жорий қилинди. Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибида турган, яъни ўзгаларга қарам бўлган бир пайтда президентлик институти жорий қилинди. 1991 йилда эса Президент сайлови ўтказилди. Ўшанда халқимиз биринчи марта ўз раҳбарини ўзи сайлади. Президентлик институтининг жорий қилиниши Ўзбекистон нафақат мус­тақил бўлиши, шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари таъминланадиган демократия йўлини танланишида муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунлар орқали давлат раҳбарини сайлаш тартиби, бунда фуқаролар, сиёсий партиялар ва номзодларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари қонуний асослар билан мустаҳкамланди. Бош Қомусимизга асосан Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президент иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

Фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан иштирок этиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли орқали амалга оширилади. 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро сайловда қатнашиш, овоз бериш ҳуқуқига эга. Ўзбекистонда ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволи, ирқий ёки миллий мансублиги, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ёхуд хусусиятига қараб фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарз­да бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Конституциямизнинг 19 бобида Президентнинг конституциявий ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилган. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қонунларига риоя этилишининг кафилидир, деб қайд этилган.

Қонун устувор бўлган ҳар қандай демократик давлатда, аввало, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниши керак. Шу маънода мамлакат Президенти жамиятда адолат ва ҳаққонийлик принциплари устувор бўлишига, ҳар бир тизим мукаммал ва ҳаётий қонунлар билан тартибга солинишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига кафил шахс ҳисобланади.

Сулаймон ҲАЙДАРОВ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси:

— Америкада дунёда илгари мавжуд бўлмаган президент­лик институтининг жорий қилинишида объектив ва субъектив сабаблар бўлган. Ўша пайтларда Америка иқтисодиёти таназзулга юз тутган эди. Давлатни бошқариш, иқтисодиётни оёққа турғизиб олиш масаласи устида узоқ бош қотирилган. Шунда президентлик институтини жорий қилиш ҳақида қарорга келинган. Бошқарувни тизимлаштириш орқали иқтисодий таназзул ва сиёсий тангликдан чиқиб кетиш йўли танланган. Вақт ўтиши билан бу институт ўзини оқлади. Кейинчалик Лотин Америкаси, Европа, Осиё ва Африка давлатларида мазкур институт жорий этила бошланди. Ҳозирги кунда дунёнинг 140 дан ортиқ давлатида президентлик институти амалда.

Ўзбекистонда президентлик институти жорий қилинишида ҳам объектив, субъектив сабаблар бор. Ўтган асрнинг 90 йилларида собиқ совет тузуми таназзул ёқасига келиб қолди. Бошқарув тизими, иқтисодиёт турли муаммолар гирдобига ғарқ бўлди. Давлат бош­қаруви тубдан ислоҳ қилиниши зарур эди. Шундай мураккаб даврда собиқ иттифоқдош республикалар орасида биринчи бўлиб Ўзбекис­тонда президентлик институти жорий қилинди. Натижада давлат ва жамият ҳаёти, тараққиёти билан боғлиқ ишларни идора қилишнинг демократик, шунинг билан бирга, самарали тизими ташкил этила бошланди. Президентлик институтининг жорий қилиниши мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий таназзулдан олиб чиқишда ўта муҳим аҳамият касб этди. Айни чоғда мустақиллик сари ташланган ўта муҳим қадам бўлади.

Дунё давлатларида Президент турли тартибда сайланади. Масалан, Америка Қўшма Штатларида Президент Конгрес, Италияда парламент томонидан сайланади. Яъни, мазкур давлатларда фуқаролар бевосита сайловда иштирок этиб, тўғридан-тўғри овоз бермайди. Президентни улар сайлаган вакиллар сайлайди.

Дунёнинг бошқа бир қатор илғор мамлакатларида ҳам Президент парламент депутатлари томонидан сайланади. Мамлакатимизда эса Президент сайлови сайловчилар, яъни фуқароларнинг бевосита иштироки, умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш тартибида ўтади. Бу — умум­эътироф этилган демократик мезонларга, шунингдек, халқимизнинг менталитети ва қадриятларига ҳар жиҳатдан мос келади. Фуқаро сайлов куни сайлов участкасига чиқиб, овоз бериш хонасида давлат, халқ раҳбари ким ва қандай одам бўлиши кераклиги ҳақида фикри, позициясини билдиради. Бу фуқароларнинг давлат бошқарувини ташкил этишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқи амалга ошишига хизмат қилади.

Бунинг маъноси шундаки, давлат раҳбари халқ томонидан сайланади, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, мавқеи ва лавозимидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро фақат битта овозга эга бўлади. Мамлакат бошлиғини сайлашда 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро қатнашади. Бу жараёнда бир неча миллион кишининг фикри, қараши ва овози ҳисобга олинади.

Даврон БЕКЖАНОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ўқитувчиси:

— Мамлакатимизда президентлик институти жорий қилинганда, унинг ваколатлари мутлақ эди. Хусусан, давлат ва жамиятнинг ҳамма соҳадаги ва тармоқлардаги ишини ташкил этиш, келажакни кўзлаб муҳим   қарорлар қабул қилиш, миллий бирдамликни таъминлаш, ташқи сиёсатнинг концепцияси ва устувор йўналишларини белгилаш ва олиб бориш ҳамда бошқа кўплаб масалалар Президентнинг ваколатида эди.

Вақт ўтгани, Ўзбекистон мустақиллиги мустаҳкамлангани, мамлакат иқтисодиёти оёққа тургани, сиёсий бошқарув тизими барқарорлашгани, одамларнинг онги ва тафаккури юксалиб, демократияни ривожлантириш учун шароит етилгани сари мамлакатимизда давлат бошқаруви янада демократлашиб бормоқда.

Юртимизда икки палатали профессионал парламентнинг шакллантирилиши ҳокимиятлар бўлинишининг халқаро мезонлари ҳамда демократик тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш имконини яратмоқда. Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари принципи амалда рўёбга чиқмоқда. Сўнгги йилларда, яъни 2011 ва 2014 йилда Конституциямизга киритилган қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчалар асосида давлат ҳокимияти бошқарувига жорий этилган қоидалар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Президентнинг айрим ваколатлари парламентга, Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди. Ижро ҳокимиятининг парламент олдидаги масъулияти оширилди. Шу билан бирга, Президентнинг давлат ҳокимияти бошқарувини демократик тамойиллар асосида олиб боришдаги роли ва аҳамияти мус­таҳкамланмоқда. Конституциямизга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти республика олий ҳокимият ва бош­қарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди, Олий Мажлисга мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Сайловчилар ана шу жиҳатлар ҳақида ҳам атрофлича маълумотга эга бўлиши керак, деб ўйлайман. Бу мамлакат раҳбари — Президент ҳақида тушунча ва тасаввур бойишида ўзига хос аҳамият касб этади.

Сотиболди БОБОҚУЛОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши эксперти, юридик фанлар доктори, профессор:

— Сайловчи сайловга чиқар экан, унда «сайловга боришим, муносиб кўрган номзодимга овоз беришим лозим, менинг овозим аҳамиятга эга, ким, қандай инсон мамлакат раҳбарлигига сайланиши ҳақида мен ҳам ўз муносабатимни билдиришим зарур», деган фикр бўлиши керак. Ҳозир Ўзбекис­тонда 31 миллион аҳоли бўлса, 20 миллиондан ортиқ фуқаро сайловда иштирок этади. Улар жамиятдаги ўзгаришларни кузатиб, мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотларни англаб турибди. Овоз бериш кунида ҳам ҳар бир фуқаро, ҳар бир ёш йигит-қиз эртанги кунини, мамлакат келажагини ишониб топширишга лойиқ номзодни қўллаб-қувватлаши зарур.

Факт ва рақамларга эътибор берсак, айрим давлатларда фуқароларнинг мамлакатдаги сиёсий жараёнларга қизиқиши, сайловларда иштирок этиш бўйича фаоллиги сусайиб бораётгани, яъни абсентеизм кўзга ташланади.

Мисол учун, 2012 йил Францияда бўлиб ўтган Президент сайловида сайловчиларнинг 80 фоиздан кўпроғи қатнашган. Бу кўрсаткич аввалги сайловга нисбатан 3 фоизга камдир. Финландияда 2012 йил ўтган Президент сайловида эса 72,7 фоиз (олдинги сайловда 73,9 фоиз) сайловчи овоз берган. Грузияда 2013 йили ўтказилган сайловда 47 фоиз сайловчи қатнашган, 2008 йилги сайловда эса бу кўрсаткич 61 фоизни ташкил этган.

Демак, бу рақамлардан кўриниб турибдики, фуқароларнинг мамлакатдаги муҳим сиёсий жараёнга муносабат билдириш бўйича позицияси юқори эмас. Бу ўз-ўзидан сайлов натижаларига салбий таъсир этади.

Мамлакатимизда аҳоли сиёсий жараёнларда анча фаол қатнашиб келмоқда. Президент ва парламент сайловларида мунтазам равищда сайловчиларнинг қарийб 90 фоизи овоз бермоқда. Масалан, ўтган йили декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловда 89 фоиз сайловчи иштирок этди.

Бу рақамлар мамлакатимизда аҳолининг фуқаролик позицияси мустаҳкамлиги, халқимиз ўз келажагига бефарқ эмаслигини англатади, албатта.

Юртимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бўлажак сайлов улар учун ҳам масъулиятли жараёндир. Бу,  айниқса, сайлов­да биринчи марта овоз бераётган йигит-қизлар учун жуда ҳаяжонли воқеа, шарафли вазифа. Буни ҳар бир ёш чуқур англаб етиши, кўнглидаги орзу-­умидларини ўзи муносиб кўрадиган номзод билан боғлаши керак.

Баҳромжон ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тўғри таъкидладингиз, овоз беришда ёш сайловчилар ҳам ўз фуқаролик бурчини чуқур ҳис қилиши, сиёсий ҳуқуқидан фойдаланиши ниҳоятда муҳимдир.

Биринчи марта овоз бераётган ёшлар келажагини ким билан тасаввур қила олади? Эртага ким уни қўллаб-қувватлайди, тўғри йўл кўрсатиб, мақсадларига қанот бўлади? У ишонч билдириб, овоз бермоқчи бўлган номзод унинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга қодирми, ўқиши, ишлаши, умуман, яхши яшаши учун қулай шароитларни яратиб бера оладими? Ёш сайловчилар овоз бериш жараёнида ўз хулосасини билдиришдан олдин ана шу саволлар ҳақида чуқур ўйлаб кўриши лозим.

Сайлов демократиянинг энг муҳим белгиси, фуқаролар хоҳиш-иродаси ифодаланишининг мустаҳкам кафолатидир. Агар таққослаб кўрадиган бўлсак, одамларнинг бугунги дунёқараши билан бундан 10-15 йил олдинги тушунча ва тасаввури орасида ер билан осмонча фарқ бор. Ҳозир фуқаролар сайлов тизими ва тартибини, ўзининг сайлаш, сайланиш ҳуқуқини яхши идрок этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти, парламент ва маҳаллий Кенгашларга депутатларни сайлаш орқали бугунга келиб, халқимиз онгу-тафаккурида катта ўзгариш рўй берди.

Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, юқорида таъкидланганидек, ҳозир дунёда вазият анча мураккаб. Ижтимоий-иқтисодий муаммолар кўпайиб боряпти, геосиёсий ҳолат чигаллашмоқда, давлатларо муносабатларда оқилона ёндашув талаб этилмоқда.

Шундай вазиятда мамлакат раҳбарини сайлаш, халқимизга бош бўладиган, давлатимиз хавф­сизлиги ва мустақиллигини мус­таҳкамлай оладиган, тараққиётни юксалтириш, фаровонликни ошириш йўлида собит турадиган номзодга овоз бериш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади. Сайлов куни сайлов участкасига чиқар эканмиз, бу ҳақда чуқур ўйлаб, мустақил фикр­лаб овоз беришимиз зарур, деб ўйлайман.

* * *

Президент — бу давлат, мамлакат ва миллат тимсоли, мустақиллик ва тараққиёт таянчи. Сайлов нафақат номзодлар, сиёсий партиялар учун, балки сайловчилар, яъни халқимиз учун ҳам катта синов, катта имтиҳондир. Сайлов куни сайлов варақасига белги қўяр эканмиз, эртамиз, тақдиримиз қандай бўлишини ҳал этаётганимизни унутмаслигимиз лозим.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.