14.03.2015

ЗАМОНАВИЙ БАНК ЮТУҚЛАРИ НАМОЙИШИ

Пойтахтимиздаги Кўргазма Савдо марказида Республика Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Ахборот ва коммуникация технология­лари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон банклар Ассоциацияси, Ахборот технологиялари корхоналари ва ташкилотлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган «Банк хизматлари ускуналари ва технологиялари VIII BankExpo-2015» миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Миллий кўргазмада мамлакатимизнинг барча тижорат банклари, Лизинг берувчилар ассоциацияси, етакчи суғурта компаниялари ҳамда ахборот технологиялари компаниялари иштирок этишди.

Кўргазма давомида давра суҳбатлари, семинарлар, тақдимотлар, учрашувлар, мастер-класслар ташкил этилди. Шунингдек, тижорат банклари кўргазмага ташриф буюрган аҳоли, тадбиркор ва ёшларга кўрсатилаётган янги хизматлар, хусусан янги кредит ҳамда депозит маҳсулотлари тўғрисида тақдимот маросими ўтказишди.

IT (Ахборот технологиялари) компанияси ходимлари томонидан эса банк маркетингининг янги йўналиши — лидогенерация, яъни мижозларни интернет орқали жалб этишнинг замонавий усуллари, мижозлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни такомиллаштиришнинг янги услуби — CRM тизимини жорий этиш мавзуларида семинарлар ўтказилди.

Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан чекка ва аҳоли зич жойлашган туманларда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш микрофирмалари, деҳ­қон ва фермер хўжаликлари, эндигина иш бошлаётган ёш тадбиркорларнинг иш билан банд­лигини таъминлаш кўзда тутилган лойиҳалари бўйича ўтказилган танлов ғолибларига имтиёзли кредит ажратиш ҳу­қу­қ­ини берувчи 200 дан ортиқ сертификат топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

— Кўргазмада банкимиз ўз маҳсулотлари ва хизматларини акс эттирувчи стендлари билан иштирок этмоқда, — дейди «Трастбанк» хусусий акциядорлик биржа банки ўринбосари Николай Давиденко. — Шунинг­дек, банк-молия муассасалари ва мижозлар ўртасидаги муносабатларни юқори поғонага олиб чиқувчи «Траст-мобайл» ахборот дастурини таклиф этмоқдамиз. Мазкур хизмат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун мобиль банк­нинг янги йўналишидир. Мижозлар мобиль қурилмалари кўмагида «Траст-мобайл» хизмати орқали банкдаги ўз ҳисоб варақларига осон кириб, уларни мустақил бошқариб бориши мумкин. «Траст-мобайл» хизматидан фойдаланиш учун «Траст­банк» орқали «Интернет-банк» тизимига уланиш, мазкур банк хизматидан фойдаланиш ҳақида шартнома имзолаш ҳамда дастурий таъминотни мобиль қурилмасига кўчириш ва жойлаштириб олиш талаб этилади.

— Кўргазмада иштирокчилар учун банкимиз томонидан банк фаолияти, янги хизматлар турлари, хусусан, мобайл — банкинг, депозит банк ячейкалари ҳамда Global money week (GMW) ҳафталиги бўйича тайёрланган тақдимотлар ўтказилди, — дейди АТБ «Hamkor­bank» департаменти раҳбари Азиза Ибрагимова. — Мазкур кўргазманинг ташкил этилиши нафақат мижозларимиз учун, балки тижорат банкларининг ўз фаолиятларини янада такомиллаштиришлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.