14.03.2015

ИШОНЧЛИ ВАКИЛ

сайлов кампаниясининг муҳим иштирокчисидир

Мамлакатимизда Президент сайловининг муҳим босқичларидан бири — сайловолди ташвиқоти жараёни давом этмоқда. Шу кунларда сайловолди тарғиботи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашяпти.

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди Шавкат НАЗАРОВ билан ишончли вакил институтининг сайлов жараёнидаги ўрни, мақсад ва вазифалари ҳақида суҳбатлашдик.

— Сайловлар бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг демократияга асосланганини намоён этадиган, ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқ ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқа­рувидаги иштирокининг асосий шакли ҳисобланади, — дейди у. — Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда демократик сайлов тизимини шакллантириш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, 2003 ҳамда 2008 йилларда Конституциямиз ва «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга киритилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-бос­қич либераллашувини, сайловларнинг қонун талаблари ва умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базасининг шаклланишига хизмат қилмоқда.

— Ишончли вакил институтининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

— Бир масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимки, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлган мутлақ ваколатлар Марказий сайлов комиссиясига берилган. Бу эса ривожланган демократик давлатлар тажрибасида ҳам камдан-кам учрайди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг тўртинчи боби сайловолди ташвиқоти, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқларининг кафолатлари ҳамда Президентликка номзодларнинг ишончли вакилларига бағишланган бўлиб, айнан, 29-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президент­лигига номзод ишончли вакилларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланган.

Унга кўра, Президентликка номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақлидир.

Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши учун тарғибот ишларини олиб боради. Давлат ва жамоат ташкилотлари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг тақдимномасига кўра, ишончли вакилларни Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олади ҳамда уларга тегишли гувоҳномалар беради.

Бизнинг қонунчилигимизда сайлов кампаниясининг бирон-бир иштирокчиси учун қандайдир алоҳида имтиёз ва преференциялар берилмаслиги белгилаб қўйилган. Шу боис ишончли вакиллар фақат қонунда белгиланган ваколатлардан фойдаланиши талаб этилади.

— Айтингчи, ишончли вакиллар қандай ҳуқуқларга эга? Уларга нималар тақиқланади?

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари Президентликка номзод номидан сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Президентликка номзоднинг ишончли вакилларига ташвиқотнинг сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматлари бундан мустасно), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб борилиши тақиқланади.

Шунингдек, овоз бериш кунига қадар қолган беш кун ичида ҳамда овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш, шунингдек, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига, хусусан, Интернетга жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, агар сиё­сий партия у ёки бу шахсни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан етти кун қолганда бекор қилса ёки Президентликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия фаолиятини тугатган тақдирда ёхуд номзод сайловга кечи билан етти кун қолганида номзодликдан воз кечса, бу шахс Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин.

Бундай ҳолларда ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари ҳам ваколатларини соқит қилади. Яъни, Марказий сайлов комиссияси ишончли вакилларнинг ваколатларини бекор қилиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари сайлов комиссияларига аъзо бўлиши мумкин эмас.

— Ишончли вакиллар сайлов куни қандай вазифани бажаради?

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакилларининг асосий вазифаси номзодни қўллаб-қувватлаган ҳолда сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳисобланади.

Сайлов куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар ва ташвиқот олиб бориш қонун билан тақиқланади. Ушбу норма мазмунидан шуни тушуниш мумкинки, Президентликка номзоднинг ишончли вакиллари ўз фаолиятларини сайлов куни тўхтатади.

Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари сайлов куни сайлаш ҳуқуқига эга бўлган барча фуқаролар қатори ўз номзодига овоз бериш орқали ўзининг Конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаради.

— Ривожланган демократик давлатларда Президент сайловларида ишончли вакиллардан фойдаланиладими? Бу борадаги дунё тажрибаси ҳақида гапириб берсангиз.

— Дунё тажрибасини ўрганадиган бўлсак, турли ҳолатларнинг гувоҳи бўламиз. Мисол учун, Францияда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади. Президентликка номзодларни рўйхатга олишни эса Конституциявий кенгаш бажаради. Яъни, ушбу кенгаш марказий сайлов комиссияси вазифасини ўтайди. Мазкур давлат қонунчилигида Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари ҳақида аниқ норма мустаҳкамланмаган.

Россия Федерациясида Президент сайловларида ишончли вакиллардан фойдаланиш жараёни «Россия Федерацияси Президенти сайлови тўғрисида»ги федерал қонун билан тартибга солинади. Ушбу қонуннинг 43-моддаси номзодларнинг ишончли вакилларига бағишланган бўлиб, унга кўра Президентликка номзод ишончли вакил тайинлашга ҳақли. Номзодни илгари сурган сиёсий партия эса ўз номзодини қўллаб-қувватловчи 100 тагача ишончли вакил тайинлаши мумкин. Ишончли вакил сифатида кўрсатилган шахслар марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади. Ишончли вакил сифатида сайлов комиссияси аъзолари, давлат органлари мансабдор шахслари, ходимлари рўйхатга олинмайди. Ишончли вакил кузатувчи ваколатидан фойдалана олмайди.

Дунёдаги ривожланган демократик давлатларнинг сайлов қонунчилигини ўрганиб, шундай хулосага келиш мумкинки, мамлакатимизда яратилган ҳуқуқий меъёрларда сайлов кампанияси билан боғлиқ ҳар бир жиҳат алоҳида эътиборга олинган. Бу эса сайлов кампанияси иштирокчиларининг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланиши, улар учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб берилиши, энг асосийси, сайловларни демократик тамойиллар асосида ўтишига хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.