Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
12.03.2015

БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ

сайлов кампаниясини юқори даражада олиб боришда муҳим ўрин тутади

29 мартга саноқли кунлар қол­ди. Ҳаммамизга маълум, шу куни халқимиз, сайловчилар, сизу биз юртимиз ҳаётидаги муҳим воқеа  — Президент сайловида овоз берамиз. Ҳар биримиз ўзимизга маъқул номзодни қўллаб-қувватлаймиз, муносабат билдирамиз, фаоллигимизни намоён этамиз.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, фуқароларнинг сайловда фаол иштироки дейилганда, сайлов куни сайлов участкасига чиқиб, қайсидир номзодга овоз бериш жараёнигина тушунилмайди. Халқона қилиб айтганда, сайлов овоз бериш кабинасига кириб, сайлов варақасига белги қўйиб қайтишдан иборат эмас. Сайловда фаол иштирок этиш учун ҳар биримиз сайлов­олди жараёнларида мунтазам қатнашишимиз, номзодларнинг дастурлари, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида аниқ тушунча ва тасаввурга эга бўлиб, ундан кейин овоз бериш ҳақида ўйлашимиз керак. Шунда сайловда фаол қатнашган, фуқаролик бурчимизни бажарган бўламиз.

Шу кунларда сиёсий партияларнинг марказий органларидан то бошлан­ғич пар­тия ташкилотларигача сайловга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, ЎзХДП тизимида сайловчилар орасига кириб бориш, тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча ҳу­дудларда партия аъзоларининг сайлов бўйича сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, Президентликка номзоднинг дастурини тар­ғиб қилиш жадал олиб бориляпти. Бу жараёнда партия бошланғич ташкилотларининг ўрни, фаоллиги, айниқса, муҳим аҳамият касб этади.

Сиёсий партиянинг нуфузини оширадиган муҳим воситалардан бири, шуб­ҳасиз, унинг бошланғич ташкилотлари ҳисобланади. Чунки аъзолари томонидан қўллаб-қувватланмаган партиянинг таъсир кучи ҳам, обрўси ҳам бўлмайди. Шунинг учун сайлов кампанияси даврида бошланғич партия ташкилотлари иши­­ни кучайтириш, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш ҳал қилувчи масалалардан саналади.

Хўш, сайлов жараёнларини ташкил этиш, тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигига эришишда ЎзХДП бошланғич ташкилотлари қандай ўрин тутмоқда? Сиёсий жараёнлар тобора қизғин тус олиб бораётган ҳозирги шароитда улар қандай ишлаши керак?

Ана шу масалалар бўйича партия фаоллари, бошланғич ташкилотлар етакчиларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Аваз САИДОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Сайлов кампанияси даврида Марказий Кенгашдан то бошланғич ташкилотларимизгача ишчанликни, талабчанликни юксак даражага кўтаришни бугунги шароитнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, аҳоли, электорат вакилларининг фуқаролик пози­ция­сини мустаҳкамлаш, сиёсий-ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган тар­ғибот ишларига бошланғич ташкилотлар фаол жалб этилди. Чунки аҳоли билан доимий мулоқот олиб бориш, биз кўрсатган номзодга одамларнинг муносабатини, ижобий фикрини шакл­лантириш учун ишни қу­йидан, одамлар орасидан бошлаш яхши самара беради.

Шундан келиб чиқиб, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни имкон қадар қуйи бўғинларда ташкил этяпмиз. Уларда «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғ­рисида»ги қо­нунлар ва сайлов жараёнига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни, сайловчилар фаоллигининг аҳа­мияти, ҳуқуқ ҳамда бурч­­­­­лари батафсил тушунтирилмоқда.

Ҳозирги вақтда ЎзХДП тизимида 10 мингга яқин бошланғич ташкилот мавжуд. Аъзоларимиз сони 400 минг нафарга яқин. Бу қандай катта куч ва имкониятга эга эканлигимизни, шу билан бирга, зиммамизда масъулиятли вазифалар турганини англатади. Партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзоднинг дастурини кенг тушунтириш ва тар­ғиб қилиш, одамларни мам­лакатимиздаги муҳим сиёсий жараёнга фаол жалб этиш ишларида бош­лан­ғич пар­тия ташкилотларимиз имкониятларидан янада самарали фойдала­ниши­миз керак. Шунда хай­­ри­хоҳларимиз, бизга ишонганлар, номзодимиз илгари сураётган дас­тур ғояларини қўллаб-қувватловчилар сафи кен­гая­ди.

Камолбой ИСОБЕКОВ, ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўта масъулиятли бос­қичида бўлиб ўтмоқда. Бугунги одамлар кечагидан фарқ қилади, уларнинг дунёқараши, сиёсий-ҳуқуқий билимдонлиги анча ўсган. Шунинг учун Президент сайловида ЎзХДПнинг муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган ҳар бир тадбирга олдиндан жиддий тайёргарлик кўряпмиз, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бу тадбирларнинг қай даражада самарали ўтиши кўп жиҳатдан аъзоларимиз ва хайрихоҳларимизни жипслаштириб турган бошланғич ташкилотларига, уларнинг етакчилари фаоллигига боғлиқ.

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, етакчида ташаббускорлик салоҳияти етишмаса, аъзолар билан ишлашни билмаса, у ерда иш юришмайди. Биз дастлаб қуйи бўғин етакчиларининг сайловга оид билим ва кўникмасини оширишга алоҳида эътибор қаратдик. Шу мақсадда кўплаб давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказилди, сайлов қонунчилиги бўйича адабиёт ва қўлланмалар ҳамда Президентликка номзод ҳақидаги тарқатма материаллар қуйи бўғинларга етказилди.

Эътиборли томони, етакчилар ва партия аъзоларининг маълум бир тадбирни ўтказиш бўйича ташаббуслари кўпайиб бормоқда. Мисол учун, Самарқанд туманидаги «Стеклопластик» ОАЖ, Каттақўрғон шаҳридаги «Ёғ-мой» комбинати, Ургут туман тиббиёт бирлашмаси, «Жонбойдон» акционерлик жамияти, Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасидаги бошланғич ташкилотларимиз партия кенгашларига сайлов қонунчилигини тушунтиришга қаратилган тадбир ўтказиш бўйича ташаббуслар билан чиқишди. Албатта, улар қўллаб-қувватланди. Натижада аъзоларимиз сайлов ҳақида, партиямиздан Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг дастуридаги ғоя ва мақсадларнинг аҳамияти тўғрисида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди. 

Умуман, сайловчиларда пар­тиямиздан кўрсатилган номзод ҳақида тўлиқ тасаввур уйғотиш, унинг дастурини кенг тар­ғиб қилиш жараёнларида бош­лан­ғич ташкилотларимизнинг аксариятида фаоллик кузатиляпти. Бу партиямиз аъзоларининг пози­ция­си мустаҳкамланишида долзарб аҳамият касб этади.

Вилоят ХУДОЙБЕРДИЕВА, Чилонзор тумани «Бешёғоч» маҳалласидаги  ЎзХДП ҳудудий ташкилоти етакчиси:

— Маҳалламизда ЎзХДП­­­­нинг 20 дан ортиқ аъзоси бор. Сайлов кампанияси даврида партия аъзосининг қай даражада фаол бўлиши бошланғич ташкилот ташаббускорлигига боғлиқ. Шу мақсадда Президент сайловига тайёргарлик кўришга оид барча тадбирларда нафақат аъзоларимиз, шу билан бирга ЎзХДП ғояларига хайрихоҳ кишилар иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. 

Хусусан, сайлов кампанияси эълон қилингандан бошлаб ҳозирги кунга қа­дар бошланғич ташкилотимизда партиямиз аъзоларининг сайлов қонунчилиги бўйича билимини ошириш, ЎзХДП илгари сураётган ғоялар аҳамиятини тушунтиришга қаратилган 10 га яқин тадбир ўтказилди. Уларда партиямизнинг тарғиботчилар гуруҳи аъзолари билан бирга мутахассислар, сиёсатшунослар ҳам иштирок этди.

Тадбирларда илгари сурилган фикр-мулоҳазалардан билаяпмизки,  сайловчилар, партиямиз аъзолари сайловга, сиёсий жараёнларга бефарқ эмас. Демак, биз бошланғич ташкилотлар етакчилари шунга яраша жавобгарликни ҳис қилган ҳолда ишлашимиз, мамлакат раҳбарини сайлашдек масъулиятли жараёнга тайёргарликни имкон қадар кучайтиришимиз зарур.

Шу ўринда партиямиз бошланғич ташкилотлари етакчиларига мурожаат қилмоқчимиз. Сизнинг бошланғич ташкилотингизда ­Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ қандай ишлар олиб бориляпти? Бу ўта муҳим сиёсий жараёнда бошланғич ташкилотнинг вазифалари нималардан иборат деб ўйлайсиз?

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.