Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
12.03.2015

ЎЗХДП ФРАКЦИЯСИ НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ РИВОЖЛАНИШИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ

Ҳар бир ота-она фарзанди яхши ўқиши, илмли, оқил бўлиб улғайишини истайди. Бунинг учун уларни, яхши таълим берадиган муассасаларга етаклайди. Одамларда, албатта, таълим муас­сасасини танлаш имконияти бўлиши керак. Давлат ташкилотларидан ташқари, нодавлат ташкилотларнинг ҳам таълим фаолияти билан шуғул­лани­ши бу борада анча қулайлик туғдиради, ўзига хос рақобат муҳитини яратади.

ЎзХДП фракцияси навбатдаги йи­ғилишида биринчи ўқишда муҳокама этилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳасида бу борадаги имкониятларни янада кенгайтириш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, «Таълим тўғрисида»ги, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонунларга ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига, Олий Мажлиснинг «Амалга оширилиши учун лицензия­лар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида»ги қарорига таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи нодавлат ташкилотларга ҳам берилиши бўйича тегишли ўзгартишлар киритилиши кўзда тутилмоқда.

Собитхон ТУРҒУНОВ, ЎзХДП фракцияси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси:

— Ҳозирги вақтда амалдаги меъёрий ҳужжатларда таълим фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олишда айрим чекловлар мавжуд. Тегишли ҳужжатларга кўра, ташкилотнинг шакли «муассаса» бўлиши назарда тутилган. Бу ташкилотларга қийинчилик туғдирмоқда. Чунки улар таълим фаолиятидан ташқари, бошқа ­фаолият турлари билан ҳам шуғулланишади. Бу ташкилотлар лицензия олиш учун қайта рўйхатдан ўтиши ёки «муассаса» шаклидаги бошқа алоҳида юридик шахсни ташкил этиши керак. Бу бошқа қўшимча ҳужжатлар ва молиявий харажатларга олиб келади.

Амалдаги «Таълим тўғрисида»ги Қонунда таълим фаолияти билан ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳар хил бўлган ташкилотлар ҳам шуғулланиши кўзда тутилмаган. Шу боис Қонуннинг 9-моддасида таълим тизимига «давлат ва нодавлат таълим муассасалари...» кириши белгилаб қўйилган. Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига кўра, бу жумлалар «таълим муассасалари ва таълим фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари» деган сўзлар билан алмаштирилиши кўзда тутил­япти.

Шунингдек, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига нодавлат ташкилотлар Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда лицензия олган пайтдан бошлаб таълим ­фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақида қўшимча киритиляпти.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар лицензия олиш жараёнини соддалаштиради, таълим фаолияти билан шуғулланиш бўйича мавжуд чекловни бартараф этишга хизмат қилади. Фракциямиз бундай ёндашувни қўллаб-қувватлайди ва уни янада ривожлантириш тарафдори бўлади. Чунки шу орқали кўплаб янги иш ўринлари яратилади, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлиги таъминланади. Бу албатта, партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг амалга ошишида муҳим аҳамиятга эга.

Фракция йиғилишида, шунингдек, депутатлар «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишди.

Таъкидландики, мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш амалдаги қонунларни янада такомиллаштириш, эпидемиологик ҳолатни яхшилаш имконини беради. Йод танқислиги касалликларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини оширишни назарда тутади.

Фракция аъзоларининг фикрига кўра, ош тузи жамиятнинг барча қатламлари бир хил миқдорда ва доимий равишда истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларидан биридир. Шунга кўра, ош тузига қўшилган йод элементини йил давомида барча ёшдаги одамлар бир хил қабул қилиши мумкин.

Аҳолини сифатли йодланган ош тузи билан таъминлаш одамларда йод етишмаслиги билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва камайтиришга хизмат қилади.

Йиғилишда «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Улар фракция аъзолари томонидан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди. Ҳозирда ЎзХДП фракцияси қонун лойи­ҳалари бўйича электорат манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар ишлаб чиқмоқда.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: