12.03.2015

ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОД ҲОТАМЖОН КЕТМОНОВ

қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди

10 март куни Қашқадарё вилоят касаба уюшмалари кенгашининг кенг, шинам мажлисхонаси сайловчилар вакиллари билан тўлди. Улар Президентликка Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг сайловчилар билан учрашувига келишган. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси раиси Исмоил Жўраев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили, ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг номзод ўз дастури ва унинг аҳамиятли жиҳатлари ҳақида нутқ сўзлади.

— Давлат ва жамият ҳаётида сиё­сий партияларнинг ўрни ва мав­қеи ошиб бормоқда, — деди Ҳотамжон Кетмонов. — Шундан келиб чиқиб, ЎзХДПнинг 9-қурул­то­йида сайловда муносиб қатнашиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинганди. Хўш, дастурим нималарга асосланган? Дастлаб айтиш керакки, унда партиямизнинг устувор ғоялари қамраб олинган. Партиямиз манзилли ижтимоий ҳимояни муҳим масала, деб ҳисоблайди. Аввало, одамлар муносиб ҳақ тўланадиган, барқарор иш ўринларига эга бўлсинлар. Бунинг учун аҳоли бандлигини таъминлаш тизими доимо янгиланиб, давр талаблари асосида такомиллаштирилиб борилмоғи зарур. Бу борада юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш, сервис соҳалари фаолиятини янада жадаллаштириш катта имкониятларни яратади. Касб-ҳунар коллежи битирувчилари ўз бизнесини очишлари учун кўпроқ имтиёзли кредит ажратиш, уларни белгиланган йиғимлардан озод қилиш, тегишли мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, олий ўқув юрт­ларига таълим контрактларини тўлаётган корхона ва ташкилотларни рағбатлантириш самарадорлигини ошириш лозим.

Номзод дастурида кам даромадли оилаларни манзилли ҳимоя қилиш, адолат ва меҳр-оқибат, очиқ-ошкоралик тамойиллари асосида маҳалла институтининг аҳамиятини доимий равишда ошириб бориш, иқтисодий сиёсатдаги асосий вазифалар, аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш масалалари қамраб олинган.

Учрашувда номзод дастури ва унинг ҳаётий томонлари ҳақида сайловчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Рашид МУРТАЗОЕВ, ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси:

— Юртимиз ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидан дадил бормоқда. Шунинг учун ҳам номзоднинг қабул қилинаётган қонунлар ва бош­қа ҳуқуқий ҳужжатлар самарадорлигини ошириш, давлат бош­қаруви органлари фаолиятини ошкора муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштироки амалиётини ривожлантириш ҳақидаги фикрлари диққатга сазовор.

Чунки бундай иш тутиш ижро интизомини мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, номзоднинг аҳолига интерфаол давлат хизматларининг ягона порталидан эркин фойдаланишни тақдим этувчи пунктлар тармоғини ривожлантириш борасидаги мулоҳазалари шу куннинг талаби. Бу имкониятлар оддий одамларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини, қабул қилинаётган ҳужжатлардан хабардорлигини оширади. Суд қарорлари ижроси самарадорлиги ҳақидаги таклифлар ҳам долзарб масалалардир.

Нодира УМИРОВА, Муборак ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси, ЎзХДП аъзоси:

— Мен номзод дастуридаги олий ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган мутахассислар тайёрлаш, бу борада корхона ва ташкилотларнинг иштироки ҳақидаги йўналишларга эътибор қаратмоқчиман. Таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш ёшларимиз мамлакатни янада демократлаштиришда ҳал қилувчи кучга айланиб боришида муҳим ўрин тутади. Президентликка номзоднинг дастурида бу борада муҳим таклифлар илгари сурилган. Коллежимиздаги ўқитувчилар, касб­дошларим уларни қўллаб-қувватлашини билдиришмоқда.

Мақсуда БОЗОРОВА, Қарши шаҳридаги 3-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:

— Номзод аҳолига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш билан боғлиқ йўналишларни баён этиб берди. Олис қишлоқлар аҳолиси учун бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш борасидаги фикрлар эътиборга лойиқ. Бундан ташқари, имтиёзли ва бепул малакали тиббий санитария ёрдами кўрсатишни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилиш, фармацевтика корхоналари, дори воситалари нархи устидан давлат назоратини кучайтириш, уларнинг рекламасини чеклаш таклифлари ҳам ечимини кутаётган масалалар сирасига киради. Соғ танда соғлом ақл, дейди халқимиз. Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш ғоялари ҳаётийдир.

Учрашувда сайловчилар дас­тур юзасидан номзодга айрим саволлар билан мурожаат қи­лишди.

Жўрақул АМИРОВ, «Гисарнефтгаз» Ўзбекистон — Швецария қўшма корхонаси касаба уюшмаси раиси:

— Мана, дастурингизда аҳоли бандлиги бўйича қатор вазифалар белгилагансиз. Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашни яхшилаш юзасидан ҳам фикрларингизни билмоқчи эдик...

Музаффар ТУРОПОВ, ЎзХДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ишларини янада яхшилаш ҳаёт талаби, бу соҳанинг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ таклифларингизни айтсангиз...

Ҳотамжон КЕТМОНОВ:

— Аввало, жуда муҳим масалалар юзасидан саволлар берганингиз учун раҳмат. Аҳоли бандлиги масаласи нега устувор? Чунки меҳнат қилиш имконияти — бахт. Бу —  ҳамманинг тенг ва устувор ҳуқуқи. Ишсизлик ижтимоий муаммоларнинг энг кучлиси. Жаҳонда иқтисодий бўҳронлар давом этаётган пайт­да аҳолининг реал даромадларини ошириш долзарб масала ҳисобланади. Партиямиз бу соҳадаги давлат сиёсатини янада ривожлантириш, бандлик билан боғлиқ дастурлар ижросини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди.

Коллежлар битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида эса қатор масалаларни ечиш лозим. Дастлаб коллежларда зарур касбларга ўқитиш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш талаб қилинади. Ёшлар — келажагимиз, барча улуғ ишларнинг давомчилари. Улар давлат ва жамият томонидан ҳар доим қўллаб-қувватланиши керак.

Энди тиббий хизматни янада ­яхшилаш масаласига келсак. Бу ­борада ҳам ютуқлар билан бирга баъзи муаммолар бор. Масалан, қишлоқ врачлик пунктлари шароитини янада яхшилаш баробарида малакали тиббий ходимлар тайёрлаш зарур бўлиб турибди. Дори-дармон рекламасини чеклаш ҳам муҳим масала. Чунки дори-дармоннинг реклама орқали танланиши баъзи-бир салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, реклама дори воситалари нархларининг ошишига ҳам таъсир қилмоқда.

Номзод сайловчиларнинг бошқа саволларига ҳам жавоб берди, сайловчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Сўзга чиққанлар Президент сайловида Ҳотамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақиришди.

Йиғилиш сўнгида Зебинисо Худоёрова шундай деди:

— Ростини айтсам, биринчи марта сайловда иштирок этаётганим учун бироз ҳаяжондаман. Президентликка номзод билан учрашувдан бир олам таассурот олдим. Биз, ёшлар юртимизнинг янада яшнаши, тараққий топиши, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун овоз берамиз. Бошқа тенгдошларим ва барчани сайловда фаол иштирок этишга чақираман.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Президентликка номзоднинг дас­тури сайловчиларга тарқатилган, жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Номзоднинг ишончли вакили Нишон, Ғузор, Деҳ­қонобод, Қамаши, Қарши туманларида сайловчилар билан учрашди, барча туман ва шаҳарларда дастурни изоҳлаш, тушунтириш ишлари давом этмоқда.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.