Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
12.03.2015

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

электорат манфаатларига хизмат қилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Комила КАРОМОВА билан суҳбат.

Кексаларни ҳурмат қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш халқимизнинг ўзига хос юксак маънавий ва маданий фазилатларидан биридир, — дейди у. — Истиқлол йилларида бу қадим қадрият янада юксалди, эъзоз топди. Яқинда қабул қилинган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси бу борада олиб борилаётган ишларни янги бос­қичга кўтаришга хизмат қилади.

— Давлат дастурининг асосий йўналишлари ҳақида тўхталсангиз.

— Давлат дастурининг биринчи йўналиши кексаларимизнинг ижтимоий ҳимоясини, уларга бўлган эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, ҳаётига мазмун бағишлаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш каби мақсадларни ўзида мужассамлаштирган. Бугунги кунда юқоридагилардан  келиб чиқиб, қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Хусусан, кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини яратиш, шунингдек, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг 2015-2020 йилларда ижтимоий муҳофазасини мустаҳкамлаш борасида Давлат дастури ишлаб чиқиш, бундан ташқари, пенсия ва нафақаларни белгилаш ва тўлаш юзасидан амалга оширилган текширишлар натижасида аниқланган қарздорликларни 75 ёш ва ундан ошган фуқаролар ҳисобидан чиқариш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳарбий хизматни ўтаган шахслар, ички ишлар органлари ҳамда божхона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини пенсия таъминоти ҳақидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилмоқда.

Қолаверса, Давлат дастурида 100 ёшдан ошган фуқаролар пенсиясига энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қўшимча қўшилиши назарда тутилган.

Давлат дастурининг иккинчи йўналишидан кексаларни, энг аввало, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш масалалари ўрин эгаллаган. Бунда ёши улуғ инсонлар, биринчи навбатда, ёлғиз қариялар ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар рўйхатини кенгайтириш, уларни фаровон ва муносиб турмуш кечиришлари учун ижтимоий тузилмалар томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш масалалари назарда тутилган.

— Дастурда кексаларни соғломлаштириш, шунингдек, уларнинг ёш авлод тарбиясидаги ролини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган...

— Кексаларимизни соғломлаштириш, уларга тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, тизимли соғломлаштириш ишларини ташкил этиш масалалари дастурнинг учинчи йўналишида ўз ифодасини топган. Йил давомида кексаларни кўриш ва эшитиш органлари, таянч-ҳаракат тизими ва қон-томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш, кекса ва ногиронларни ёрдамчи ва техник реаблитация воситалари билан имтиёзли асосда таъминлаш, кекса инсонларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган санаторий-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муас­сасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилади.

Дастурнинг тўртинчи йўналиши асосида мамлакатимизнинг мудофаа қобилияти, иқтисодий, маданий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятда тинчлик, тотувлик ва бар­қарорлик муҳитини мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшган, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган кекса авлод вакиллари ҳурматини жойига қўйиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган тадбирлар тизимли равишда амалга оширилади.

Болалар ва ёшларни ота-онани, нуронийларни чуқур ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш руҳида тарбиялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилади.

— Нуронийларимизнинг вақтлари мазмунли ўтказиши, ҳордиқ чиқариши, дам олиши, турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича қандай чоралар кўрилади?

— Дастурга кўра, кексаларни фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш учун маҳаллалар, «Нуроний» жамғармаси, бошқа нодавлат ташкилотлар ва ижтимоий тузилмалар томонидан моддий ва маънавий кўмак кўлами кенгайтирилади.

Мисол учун, бу йил 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларининг ҳар бири мамлакатимизда ишлаб чиқарилган телевизор ва мобиль телефонлар билан бепул таъминланади, уларга маҳаллий ва шаҳарлараро чиқиш қўнғироқлари учун ҳар ой абонент тўлови олинмасдан 60 дақиқалик лимит берилади. Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари мамлакатимиздаги санаторий-соғломлаштириш муассасаларига бориш учун йилига бир марта темир йўл транспортида бепул юриш ҳуқуқидан, шунингдек, ҳаво транспортида 50 фоиз миқдоридаги чегирмадан фойдаланиши мумкин.

Жорий йилда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фахрийларини Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғ­ломлаштириш муассасаларида бепул соғломлаштириш ташкил қилинади.

Кексаларни ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини янги босқичга кўтаришга доир ишлар самарадорлиги оширилади, улар учун туман ва маҳаллаларда қизиқиши бўйича клублар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Барча маҳаллаларда оталар чойхоналари ташкил этилади ва уларда зарур шароитлар яратилади.

Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлашда депутатлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари қандай масалаларига эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблайсиз?

— Аввало, шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган ҳар бир депутат «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси бўйича шахсий ташаббускорлигини ошириши лозим. Чунки дастур мазмун-моҳияти партиямиз ғоялари билан ҳамоҳангдир. Партиямиз Сайловолди дастурида ёлғиз кексалар, ногиронлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис биринчи нав­батда, Давлат дастури ижроси устидан самарали депутатлик назоратини ўрнатишимиз талаб этилади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари жойларда дастурнинг ҳар бир йўналишида ижро ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича тизимли депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиши лозим. Бу билан, биз, энг аввало, партиямиз электорати манфаатларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.              

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ суҳбатлашди.




DB query error.
Please try later.