Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
10.03.2015

«КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ ЙИЛИ»

Давлат дастури ижроси таъминланиши ЎзХДП учун алоҳида аҳамиятга эга

Қариси бор уйнинг париси бор, деб бежиз айтилмаган. Кексалар яшайдиган уйда қувонч, файзу барака, оила аъзолари кўнглида хотиржамлик бўлади. Буви-боболарнинг дуолари юртимизга эзгулик таратади, панд-насиҳатлари бизни ҳамиша тўғри йўлга бошлаб туради. Бу йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили», деб номланишида олам-олам маъно бор. Яқинда мазкур йил муносабати билан Давлат дастури қабул қилинди. Унда нуроний отахон-онахонларнинг соғлиғини тиклаш, турмуш шароитини яхшилаш, умуман, кекса кишиларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ЎзХДП учун муҳим аҳамиятга эга.

ЎзХДП Марказий Кенгашида ўтказилган «Кексаларни эъзозлаш йили» давлат дас­турида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш масалалари» мавзуидаги ўқув-семинарда шу ҳақда фикр юритилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Тошкент шаҳар, Тошкент вилоят партия кенгаши фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирок этган мазкур тадбирда «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор йўналишларни ҳаётга татбиқ этишда партия ташкилотлари ва гуруҳларининг ўрни, бу борадаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Дастурда кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш, бу борадаги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш масалалари кўзда тутилган. Бу борада ишлаб чиқилаётган ҳужжатларга мувофиқ, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга хизмат кўрсатишнинг энг қулай тизимини шакллантириш муҳим масаладир.

ЎзХДП ташкилотлари кексаларга муносиб ва қулай шароит яратиб бериш жараёнларида фаол иштирок этиш лозим. Хусусан, кексаларни қадрлаш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, қонунлар ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот ишларини олиб бориш бўйича қатор вазифалар белгилаб олинди. Жорий йилда ёлғиз қариялар ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар рўйхатини кенгайтириш, кексаларнинг мазмунли ҳаёт кечириши ва ҳордиқ чиқаришини ташкил этишни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш партиямиз ташкилотлари, депутатлик гуруҳларининг асосий эътиборида бўлади.

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Ёши улуғ инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, саломатлигини асраш, бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар камолоти йўлида самарали фойдаланиш халқимизга хос бўлган фазилатлардан ҳисобланади. Давлат дастурида бу борада муҳим масалалар белгиланди.

Хусусан, кексаларимизни соғломлаштириш, уларнинг умрларини янада узайтириш, шу мақсадда  ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ҳамда сифатини ошириш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, партиямиз гуруҳлари жойларда кексаларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати бўйича мониторинг олиб боришлари, олис ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базаси ҳамда мутахассислар билан таъминланганлик даражасини ўрганиб, сессияларда ўз таклифлари ва хулосаларини беришлари, шу асосда тегишли чора-тадбирлар белгиланишига эришишлари керак.

Бахтиёр ШЕРМАТОВ, халқ депутатлари Қибрай туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Ота-она фарзандлар бахти, саодати, соғ-саломат униб-ўсиши учун меҳнат қилади, умрини уларга яхши ша­роит яратиб беришга бағишлайди. Бу йўлда ҳаётнинг турли синовлари, тўсиқларига дош беради. Улар кексайган чоғида муносиб иззат-ҳурмат кўриши керак. Чуқурроқ фикрлайдиган бўлсак, Давлат дастурининг асоси, мақсади шундан иборат.

Давлат дастуридаги вазифалар партиямизнинг дастурий мақсадлари билан уй­ғунлиги зиммамизга янада катта масъулият юклайди. Унинг ижроси электоратимиз манфаатларига хизмат қилади.

Демак, маҳаллий Кенгашлардаги пар­тия­миз гуруҳлари олдида бир қатор долзарб вазифалар турибди. Хусусан, қонун ва қарорлар, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини изчил йўлга қўйиш зарур. Ёлғиз кексалар, қариялар ­уйида истиқомат қилувчиларнинг ҳол-аҳволи, ҳаёт шароитидан доим хабардор бўлиб туришимиз керак.

Лола ЯРАШЕВА, ЎзХДП Бектемир туман кенгаши раиси ўринбосари:

— Кексаларни ҳар қанча эъзозласак, кам. Ота-онага ғамхўрлик қилиб, кексайганида уларга суянч бўлган кишини ҳаёт ҳам муносиб тарзда мукофотлайди. Ёши улуғларни ғанимат билиб, доимо уларнинг кўнглини кўтаришимиз, улардан ўрганишимиз, дуоларини олишимиз керак.

Бу йил туманимиздаги 30 нафар нуроний отахон-онахонларни Самарқанд вилоятидаги зиёратгоҳларга олиб боришни ният қилганмиз.

Тадбирда ёлғиз кексаларга, пенсионерларга ажратилаётган ижтимоий нафақа ҳам­да моддий ёрдам таъминотини янада яхшилаш масалаларида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда партия гуруҳлари ва ташкилотларининг вазифалари юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.