10.03.2015

САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ ДАВРИДА

барча даражадаги партия ташкилотлари ишини ўзаро мувофиқлаштириш ва тизимли олиб бориш талаб этилади

Президент сайлови мамлакатда демократия қанчалик қарор топгани, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий савияси, ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси қай даражада юқори эканлигини белгилаб берадиган муҳим сиёсий жараёндир.

Бугунги кунда мамлакатимизда Президент сайловидаги муҳим жараён — сайловолди ташвиқоти олиб борилмоқда. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан йиғилишларда ҳамда сайловчилар учун қулай бўлган бошқа шаклда учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқ берилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари томонидан Президент сайловини юксак савияда ўтказиш, партиянинг стратегик мақсадларини амалга ошириш, партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг сайловолди тар­ғиботини кўтаринки руҳда ўтказиш учун тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Биринчи навбатда сайлов кампанияси даврида партия ташкилотлари ва сайланма органлари ишини мувофиқлаштириш бўйича штаб ташкил этилди. Мазкур штаблар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича ташкил этилган сайлов округлари марказларида ҳам йўлга қўйилди.

— Сайлов штаблари зиммасига муҳим ташкилий-ҳуқуқий вазифалар юклатилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича ЎзХДП Марказий Кенгашида ташкил этилган штаб раҳбари Рустам Комилов.Хусусан, сайлов штаблари томонидан Президентликка номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам бериш, тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида 14 нафар ишончли вакил шакллантирилган. Улар номзодга ва унинг номига тушган савол ва бош­қа мурожаатларни тезкорлик билан умумлаштириб, унга етказиш ҳамда фуқароларга ўз вақтида малакали жавоб беришга кўмаклашмоқда.

Ҳозирги вақтда жойларда сайловчилар билан ишончли вакилларнинг учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбирларда Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли,   дастури сайловчиларга етказилмоқда. Уларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилмоқда. 

Албатта, бу каби тадбирлар партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ва тегишли сайловолди учрашувларини юқори савияда ўтказишида муҳим ўрин тутади.

Сайловолди ташвиқоти сай­лов­олди кампаниясининг энг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ, сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун турли механизмлар, воситалар жорий қилинган. Шу боис партия ташкилотлари Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувларини юксак савияда ўтказиш учун барча имкониятларни ишга соляпти.

Номзоднинг қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувига юқори даражада тайёргарлик кўрилмоқда,дейди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг ишончли вакили Олим Равшанов. Биз асосан электоратимизнинг ёш вакиллари, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида биринчи марта овоз берадиган ёшларга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Тар­ғибот жараёнида партиямизнинг «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари етакчилари, фаолларининг имкониятларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

Айни пайтда партия ташкилотларимиз сайловолди ташвиқоти жараёнларида ЎзХДП дастурий мақсадларини изчил ва чуқур тар­ғиб қилишга эътибор қаратмоқда. Партия ғоялари, қолаверса, рамз­лари яққол ва таъсирчан акс этган тегишли тарғибот материалларидан самарали фойдаланяпмиз.

Сайлов жараёнининг муҳим иштирокчиларидан бири — бу кузатувчилар ҳисобланади. Шу боис партиядан кузатувчиларни тайинлаш ва уларнинг ишини сифатли ташкил этиш долзарб масаладир. Қонунчиликка кўра, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунинг­дек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда партиядан кузатувчилар та­йинлаш тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн беш кун олдин маълум қилиниши лозим.

— Участка сайлов комиссиялари иши, сайлов участкаларида сайлов тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича кузатувчиларга катта ҳуқуқлар берилган, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши Ташкилий-кадр­лар ишлари ва парламент­чилик фаолияти бўлими мудири ўринбосари Аваз Саидов. — Айни пайтда, бу ҳуқуқларнинг муайян чегаралари ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Кузатувчиларга юкланаётган вазифалар кўламини инобатга олган ҳолда, уларни ҳуқуқий жиҳатдан тайёрлаш, сиёсий билими ва кўникмаларини ҳар томонлама бойитиш талаб этилади. Ҳозирда жойларда ана шу масалага ҳам эътибор берилмоқда.

Бундан ташқари, сайлов кампанияси даврида туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотларимиз фаол бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Мазкур тузилмалар томонидан электоратимиз вакилларида фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, сайлов ҳуқу­қидан онгли тарзда, масъулият билан фойдаланишга интилишни кучайтиришга жиддий эътибор бериш зарур.

Президент сайлови — жамият ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Унда барча партия тузилмалари юксак масъулиятни ҳис этиб ҳаракат қилиши, сайловчиларнинг демократик онгу тафаккурини ошириш, фуқароларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш масалалари доим диққат марказида туриши лозим. Сайловда муносиб иштирок этиш учун эса сайловолди кампанияси давомида барча даражадаги партия ташкилотларидан ишларни ўзаро мувофиқлаштириш ва тизимли олиб бориш талаб этилади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.