10.03.2015

ЯРАШСА ЖАЗОДАН ОЗОД ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академия­сида «Ярашганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш институтини такомиллаштириш чоралари» мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адвокатлар палатаси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари, Олий суднинг тадқиқот маркази, Ички ишлар вазирлиги Тергов бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бош­қармаси масъул ходимлари, ИИВ Академияси Олий академик курслари, ИИВ олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Конференция қатнашчилари ярашув институтини қўл­лаш давомида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш, шунингдек, мазкур инс­титутни қўллаш доирасини янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишди.

Шу ўринда бир гапни айтиб ўтиш зарурки, дунёда қанча миллат бўлса, уларнинг бир-бирига ўхшамайдиган ўзига хос жиҳатлари кўп. Ўзбек халқи ҳақида гап кетса, бир-бирининг қувончига шерик бўлиш, мусибатидан қайғуриш, адашиб, хато қилганларни тўғри йўлга солиш, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши учун кўмаклашиш, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатлари эътироф этилади. Мустақиллик йилларида амалга киритилган қонунларда ҳам бу қадриятлар ўзининг ифодасини топди. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Айниқса, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши ва ярашув институтининг жорий этилиши халқимизнинг инсонпарварлик ва кечиримлилик фазилатларини тўла намоён қилди. Гарчи ярашув суд тизимида янги ҳуқуқий усул бўлса-да, у миллий қадрият сифатида асрлар давомида такомил топиб келган. Ярашув институти жорий қилингандан буён ундан самарали фойдаланилмоқда. Бу эса, ўз нав­­батида, ортиқча сансалорлик ва харажатларни бартараф этмоқда.

Шу маънода 2001 йилда қабул қилинган «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қонун мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият қуриш йўлидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим қадам бўлди.

Масалан, ярашув институтини олайлик. Ушбу институт жорий этилмасдан илгари айтайлик, автомобиль бошқариб кетаётган ҳайдовчи ўзи англамай қолган ҳолда йўл ҳаракати қоидасини бузиб, йўловчига тан жароҳати етказса, бундан ҳайдовчи минг марта пушаймон бўлиб, жабрланувчига ҳар томонлама ёрдам кўрсатса, жарима тўласа ҳам у жиноий жавобгарликка тортиларди.

Бундан эса, аввало,  унинг оиласи азият чекар ва фар­зандлари қаровсиз қо­лар, тарбиясида муаммолар юзага келарди. Бир одамни ҳибс­да сақлаш, ўз навбатида, давлатга ҳам иқтисодий зиён келтиради.

Ярашув институтининг жорий этилиши билан бундай нохуш вазиятларга барҳам берилди. Қадриятларимиз ва халқимизнинг тарихий анъаналарига хос бўлган бу инс­титут туфайли ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жабрланувчи билан ярашган ҳамда етказилган зиённи қоплаган фуқаролар жиноий жазодан озод этиладиган бўлди.

Маълумотларга кўра, биргина ўтган 2014 йилда ярашув институтининг самарали қўлланиши натижасида 12 минг нафардан ортиқ шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ижтимоий хавфи унча катта бўлмаган ва оғир бўлмаган жиноят содир этганлар жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши нечоғлик инсонпарвар эканлигини ўз ҳаётлари мисолида чуқур англаб етдилар.

Қисқаси, ярашув институтининг амалда қўлланиши ўзининг ижобий натижаларини бераётир. Яъни, бу инс­титут инсонпарварлик тамойилининг тобора кенгроқ қўлланиши нуқтаи назаридан жиноят қонунида одиллик тамойилининг ўзига хос кўриниши сифатида намоён бўлмоқда.

Конференция якунида ярашганлик муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш ва ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритишни назарда тутувчи жиноий-ҳуқуқий ҳамда жиноят-процессуал нормаларни такомиллаштириш, уларни амалиётда қўллаш самарадорлигини оширишга доир бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.