Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.03.2015

АЁЛНИНГ ОИЛАДА ҲАМ, ЖАМИЯТДА ҲАМ ҚАДРИ БАЛАНД

Хоҳ ишда, хоҳ уйда, қайси даврада бўлмасин, халқимиз аёлга юксак ҳурмат, эҳтиром кўрсатади. Чунки аёлнинг оила ва жамиятдаги меҳнати, ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Бугун жамиятнинг бирор соҳаси йўқки, унда хотин-қизларнинг иштироки бўлмаса. Конституциямизнинг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» деб белгиланган. Асосий қонунимизда ўз аксини топган мазкур ҳуқуқий меъёр бошқа қонун ҳужжатларида ҳам мустаҳкамланган бўлиб, бу давлат бош­қарувини демократлаштириш жараёнида аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлмоқда.

Бир мисол. Сайлов тўғрисидаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга асосан сиёсий партиялардан депутатликка қўйиладиган номзодлар орасида хотин-қизлар 30 фоиздан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди. Бу меъёр Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб бизда жорий этилди. Бу аёлларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашида муҳим омил бўлмоқда.

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партиямиздан 5 нафар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 440 нафардан ортиқ депутат аёл фаолият юритяпти. Партиямиз аъзоларининг 45 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этади. Шунингдек, фаол хотин-қизларимиздан 3 нафари партия­мизнинг вилоят кенгашларига, 41 нафари туман, шаҳар кенгашларига, 3550 дан ортиғи партия бошланғич ташкилотларига раҳбарлик қилиб келишмоқда.

Кўриниб турибдики, аёлларимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб боряпти. Бу ўз навбатида, партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш ва электорат манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Аёлларнинг сиё­сий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш, бу борадаги ташаббусларни рўёбга чиқаришда партиямизнинг «Фаол аёллар» қаноти ўзига хос ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида хотин-қизларни иш билан таъминлашнинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, жойларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтисодий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликка жалб этиш, турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида қатор лойиҳалар амалга ошириляпти, турли тадбирлар ўтказиляпти.

Хусусан, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уйда ўтирган, бола тарбияси билан банд бўлган аёллар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилиб, амалга оширилмоқда. Бунда коллежларда таҳсил олаётган қизлар касб-ҳунар сирларини янада пухта эгаллаши, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Партиямиз ташаббуси билан ўтган йили барча ҳудудларда «Соғлом бола соғлом оилада камол топади», «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» лойиҳалари доирасида кўплаб амалий тадбирлар ўтказилди.

Албатта, ҳар бир лойиҳа, ҳар бир тадбир ўзининг самараси билан аҳамиятли. Шу вақтгача аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида 10 минг нафарга яқин хотин-қизлар ишга жойлашишига кўмаклашилди. 700 нафардан ортиқ аёл ва коллеж битирувчиси бўлган қизларга ўз ишини бошлаши учун кредит олишга кўмаклашилди. 4 минг нафардан ортиқ хотин-қиз касаначилик меҳнатига жалб қилинди.

Жорий йилда бу борадаги ишларни янада жонлантириш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Масалан, бу йил партиямиз сафидаги хотин-қизлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, юқори сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш мақсадида «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Айём муносабати билан, сафимиздаги фидойи аёлларни, мамлакатимиздаги барча хотин-қизларни чин қалбимдан табриклайман. Ҳар бир оила, бутун жамия­тимиз бахтига оналаримиз, опа-сингилларимиз ҳамиша соғ-омон бўлсин!


Назира МАТЁҚУБОВА,

ЎзХДП фаоли



DB query error.
Please try later.