07.03.2015

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ МАБЛАҒЛАРИ ОҚИЛОНА САРФЛАНИШИ КЕРАК

Давлат бюджети ижросини тўғри ташкил этиш, ҳудудлар ва соҳалар ривожига йўналтирилган маблағлар аниқ мақсадга хизмат қилишига эришиш зарур. Бу аҳолининг турмуш фаровонлиги ортишида, ўткир ижтимоий масалалар ечим топишида ва албатта, мамлакат тараққий этишида муҳим аҳамият касб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси йиғилишида Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилаётганда депутатлар, партия экспертлари айнан ана шу масалага алоҳида эътибор қаратди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга кўра, Қонунчилик палатаси ҳар йили 15 майдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитади. Ҳисоб палатаси ўтган йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот тақдим этди.

Мазкур палата бош инспектори Аҳмадали Ҳамроқуловнинг қайд этишича, ҳисобот йилида назорат ишлари 33 та йўналишда 149 та объектда амалга оширилган. Хусусан, Давлат бюджетининг республика ва маҳаллий даражадаги ижроси, Навоий ва Андижон вилоятларида давлат маблағларининг қонуний, мақсадли ҳамда самарали сарфланиши, бюджетдан молиялаштирилувчи муассасаларнинг бу борадаги фаолияти  текширилган. Ҳудудлар ва тармоқлар бўйича Давлат бюджети даромадлар қисмининг тўғри шаклланиши, бюджет ижросининг тўлиқ бажарилиши таҳлил этилган. Кўрсаткичларнинг ҳаққонийлиги, реаллигига баҳо берилган. Шунингдек, маҳаллий бюджетлар даромадларини кўпайтириш, харажатларини оптималлаштириш ва дотация даражасини камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари ҳудудларга чиқиб ўрганилган.

Фарҳод УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Ҳисоб палатаси давлат бюджети даромадларининг истиқбол кўрсаткичлари ҳаққонийлиги, иқтисодиётни барқарор тараққий эттириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда молиявий ресурслардан тежамли, самарали ва мақсадли фойдаланиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш жойлари ташкил этилиши ва аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим-тарбия жараёнлари ва соғ­лиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ этишга доир молиявий масалалар ўрганилган. Мазкур жараёнларда амалга оширилган таҳлиллар натижалари ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағларнинг қанчалик самарали ишлаётгани ҳақида холис хулоса чиқариб олишга, тегишли чоралар белгилашга асос бўлади. Бу Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари рўёбга чиқишида, электорат манфаатлари ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этади.

Айтиш керакки, вилоятларда аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлашиши билан боғлиқ масалаларда камчиликларга йўл қўйилган. Бундай салбий ҳолатлар билан муроса қилиб бўлмайди. Чунки бу ҳаётга катта умид билан кириб келаётган ёшларимизнинг келажаги, тақдири билан боғлиқ жуда долзарб масала. Шунинг учун фракциямиз мутасадди идора ва ташкилотларнинг бюджет маблағлари ижроси бўйича масъулиятини, жавобгарлигини ошириш ишларини кучайтириш зарур, деган таклифни илгари сурамиз.

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аҳолининг ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд қатламлари ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишиларнинг манфаатлари ҳимоясига янада жиддий эътибор қаратиш талаб этилмоқда.

Ҳисоботда мазкур тизимга бевосита масъул бўлган қатор ташкилотлар иш фаолияти бўйича ўтказилган назорат тадбирлари хулосалари ҳам келтирилган. Маълум бўлишича, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пен­сия жамғармаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси, шунингдек, Йўл жамғармаси маблағлари ижросида, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга нафақалар та­йинлашда камчилик ва муаммолар бор. Бу одамларнинг турмуш шароити, ижтимоий ҳаётига салбий таъсир қилади. Айни шу соҳаларда назорат ишларини кучайтириш, қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштиришни таклиф қиламиз.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Айрим корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилган деб уларга қайд этилган ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари битирувчилари аслида ишламаётгани ёки қонунчиликда белгиланган иш ҳақининг энг кам миқдоридан паст даражада иш ҳақлари ҳисоблангани аниқланган.

Фракциямиз фикрича, молиявий хато ва камчиликлар аксарият ҳолларда бюджет ташкилотларида ишлайдиган молия-иқтисодчи ҳамда ҳисобчи ходимларнинг малака кўникмалари етишмаслиги оқибатида келиб чиқмоқда. Шунинг учун тегишли вазирлик ва идоралар ходимларнинг касбий малака ва билимларини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Фракциямиз қарорида бу масалалар аниқ кўрсатилди.

Йиғилишда Ҳисоб палатасининг бошқа йўналишлар бўйича олиб борган ишлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, сиёсий партия­лар молиявий даромадларининг шаклланиши ҳамда уларнинг мақсадли сарфланиши ўрганилгани қайд этилди. Берилган таклифлар сиёсий партияларнинг молиявий йўналишдаги фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиши таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама этилган ҳар бир масала бўйича депутатлар вазирлик ва ташкилотлар ходимларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.  

ЎзХДП фракцияси Ҳисоб палатаси 2014 йилги фаолияти давомида фақат етказилган зарарларни ундириш билан чекланиб қолмасдан, аниқланган тизимли хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлагани, қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида вазирлик ва идоралар билан бирга ишлаётганини ижобий баҳолади.

Фракция ўз таклиф ва тавсия­ларини берган ҳолда Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини маъқуллади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.