05.03.2015

ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОД ҲОТАМЖОН КЕТМОНОВ СИРДАРЁЛИК САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси ­Президентлигига сайлов ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссияси раиси Шукурали ­Маматқулов очди ва Президент сайловининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканини, шу боис ҳар бир сиёсий партия мамлакат қонунчилиги ­меъёрларига мувофиқ равишда сайлов кампания­сида фаол иштирок этаётганини таъкидлади.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Алишер Тошматов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг Ҳотамжон ­Кетмонов ўз дастурида илгари сурилган ғоялар, белгиланган мақсад-вазифалар ҳақида сайловчиларга атрофлича маълумот берди.

Номзод, аввало, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатлари ҳимояси хусусида сўз юритар экан, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишга интилишини қўллаб-қувватловчи, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини рағбатлантирувчи кучли ижтимоий сиёсат халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, дастурда мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар касб танлаши, таълим олиши ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўрнига эга бўлиши учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратиш, пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз аҳолининг бош­қа ижтимоий гуруҳлари ҳаё­тий эҳтиёжларини қондиришни кафолатловчи самарали тизимни шакл­лантириш каби устувор йўналишлар белгилангани қайд этилди.

Номзод аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий равишда такомиллаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Бўш меҳнат ресурсларини юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис  соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга фаол жалб қилиш иқтисодий ўсишнинг муҳим омилидир, — деди у. — Инвес­тиция дастурларини ишлаб чиқишда, уларнинг ўрта махсус касб-ҳунарга эга ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурларига ўзаро боғлиқ бўлган комплекс ёндашувни таъминлаш, барқарор иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъект­ларининг манфаатдорлигини ошириш, шунга мувофиқ солиққа тортиш тизимини янада мақбуллаштириш одамларни ишга жойлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Айтиш керакки, номзоднинг дастурида кам даромадли оилалар манзилли ижтимоий ҳимояси самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ўз ишини ташкил этиш ва турмуш фаровонлигини мустақил таъминлашга интилаётган фуқароларга имтиёзли кредитлар ва мақсадли фоизсиз ccудалар ажратишни янада кучайтириш, кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни мақсадли фойдаланиш шарти билан бир марталик тўловга алмаштириш механизмини ишлаб чиқиш каби долзарб таклифлар билдирилган.

Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг дастурида қайд этилган масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Номзоднинг дастуридаги аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш таклифи эътиборга молик, — деди Гулистон шаҳар «Дўстлик» қўрғонидаги қиш­лоқ врачлик пункти шифокори Норой Дўстмуродова. Ҳақиқатдан ҳам, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш бўйича чоралар кўриш, имтиёзли ва бепул тарзда малакали тиббий санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи тегишли қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга. Бу таклифлар бугун ҳаётимизда кузатилаётган, одамларга қийинчилик туғдираётган камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.

— Президентликка номзоднинг янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир таклифларини қўллаб-қувватлаймиз, — деди ЎзХДП Сирдарё туман кенгаши раиси Маҳмуд Аҳмедов. Тўғри, амалга оширилаётган ислоҳотлар, инқирозга қарши чоралар натижасида иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари таъминланяпти. Ин­вес­тиция, маҳаллийлаштириш ҳамда бошқа қатор мақсадли дас­турларнинг бажарилиши, молия ва банк тизими барқарорлиги иш ўринлари кўпайишига, ёшлар банд­лигини таъминлашга замин яратиб бермоқда. Бироқ, бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Масалан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар тақдим этиш, ўз ишини очишда белгиланган йиғимлардан озод қилиш, шу орқали уларнинг мустақил бандлигини таъминлаш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш зарур, деб ўйлайман.

Учрашувда сўз олган «Нуроний» жамғармаси Сайхунобод туман бўлими раиси Ҳамид Маматқулов Ҳотамжон Кетмоновнинг дастурида баён этилган барқарор иш ўринлари, солиққа тортиш тизимини янада мақбуллаштириш, корхоналар ва ташкилотларнинг кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжини ҳисобга олиш масалаларидаги таклифлар долзарб эканини таъкидлади.

Учрашув давомида номзод сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Сўзга чиққанлар сайловчиларни Президент сайловида Ҳотамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

 

Ўктам АБДУЛЛАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.