05.03.2015

КУН ТАРТИБИДА — ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан 2014 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилда адлия органлари олдида турган муҳим вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бош­қармаси ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тошкент шаҳар адлия бош­қармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шодибек Маматов қилинган ишлар ва галдаги вазифалар хусусида журналистларга ахборот берди.

Анжуманда қайд этилганидек, ўтган даврда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва ман­фаатларини ҳимоя қи­лишга алоҳида эътибор қаратилди.

2014 йилда тадбиркорлик субъектларидан адлия бошқармасига 459 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 64 таси шикоят тариқасидаги мурожаатларни ташкил этади. Уларнинг 52 таси кўриб чиқилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш, фаолиятига асоссиз аралашиш каби қонун бузилишлари фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланиб, айбдор шахсларга қатъий чоралар кўрилиши таъминланмоқда.

Фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тиклаш юзасидан ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 2014 йилда 6 та тадбиркорлик субъектига имтиёзли кредит олишда, 13 та тадбиркорлик субъектига бино қуриш учун ер ажратишда, 20 та тадбиркорлик субъектига бошлан­ғич сармоя олишда, 137 та тадбиркорлик субъектига бош­қа турли хил масалалар бўйича адлия бошқармаси томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.

Қолаверса, давлат дастурлари доирасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, бошқарманинг «Ишонч телефони»га ўтган 2014 йилда 219 та мурожаат бўлди ва унинг 208 таси ҳал этилди. Шикоятлар юзасидан судларга кўриб чиқиш учун 394 миллион сўмдан ортиқ 85 та даъво аризаси киритилди.

Фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, мулкий ва номулкий муносабатларни қонун асосида тартибга солиш, расмийлаштириш, аҳолига намунали юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалаларда ҳам бир қатор чоралар кўрилди.

Тадбирда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан жур­налист­ларга батафсил маълумотлар берилди ҳамда уларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.