05.03.2015

САЙЛАШ ҲУҚУҚИНГИЗ КАФОЛАТЛАНГАН

кимни сайлашни ўзингиз ҳал қиласиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ жараёнлар сайловчилар, халқимиз вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакат раҳбарини сайлаш қандай тартибда, қандай мезонлар асосида ўтиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. 

Таҳририятимизга фуқаролардан келаётган сайлов билан боғлиқ турли саволлар ҳам буни исботлаб турибди.

 

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик ишлари кетмоқда. Президентликка номзодлар сайловолди тарғибот ишларини кенг кўламда олиб боришяпти. Менга сайловларни очиқ-ошкора ўтказишнинг қонуний асослари ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз...

Шерали Каримов, ЎзМУ талабаси.

 

Бунёджон Эшонқулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 5 моддаси айнан шу масалага бағишланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади. Шунингдек, фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, комиссиянинг таркиби, уларнинг жойлашган жойи ва иш вақтидан воқиф этади, сайловчилар рўйхати, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар фаолияти билан таништиради. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қилади.

Айтиш жоизки, сайлов жараёнида ошкораликни таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Қонунчиликка асосан, улар сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганини, номзодлар дастури, сайловчилар фикрини ёритиб боради.

Сайловга тайёргарлик кў­риш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Президентликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳу­қуқига эга. Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн беш кун олдин маълум қилиши керак.

Ана шуларнинг ҳаммаси сайловнинг очиқ-ошкора ўтишида, фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланишида долзарб аҳамият касб этади.

 

— Сайлов муносабати билан барча ҳудудларда участка сайлов комиссиялари фаолият юритмоқда. Уларнинг ваколатлари, вазифалари нималардан иборат?

Махлиё Расулова, Бухоро вилояти, уй бекаси

 

Акмал Умаралиев,  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Участка сайлов комиссиялари участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади ва сайловчиларни мазкур рўйхат билан таништиради. Агар рўйхатда ноаниқликлар бўлса, шу бўйича аризалар қабул қилади, кўриб чиқади ва тегишли ўзгартишлар киритиш масаласини ҳал қилади. Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилиш ҳам айнан унинг ваколатига киради.

Шунингдек, участка сайлов комиссияси сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилиши, овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутилари тайёрлаб қўйилишини таъминлаши керак.

Сайлов куни ва у ўтказилгандан кейин ҳам участка сайлов комиссияси қатор вазифаларни бажаради. Масалан, сайлов куни сайлов участкасида овоз берилишини ташкил этади ва сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади.

Бундан ташқари, сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз бериш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ҳам айнан участка сайлов комиссияси зиммасида туради. Комиссия ариза ва шикоятлар бўйича қарорлар қабул қилишга ҳақлидир.

 

Сайловда сиёсий партиялар, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашар экан. Қонунга кўра, улар қандай ҳуқуқларга эга?

Дилбар Ҳимматова, Самарқанд вилояти, Иштихон тумани 8-мактаб ўқитувчиси.

 

Аксавли Тумишова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида кузатувчиларнинг алоҳида ўрни бор. Чунки улар сайлов очиқ ва ошкора ўтишида муҳим ўрин тутади.

Қонунчилигимизга мувофиқ, улар қатор ҳуқуқларга эга. Масалан, кузатувчи Президент­ликка номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида қатнашиши мумкин. Шунингдек, сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиши керак.

Овоз бериш тугагандан кейин ҳам уларнинг ваколати тугамайди. Чунки кузатувчилар овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомасини тузишда ҳозир бўлиши зарур. Бунда сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш, агар сайлов участкасида қонунда белгиланган нормаларнинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори комиссияга маълум қилишга ҳақлидир.

Шуни ҳам айтиш керакки, қонунчиликка асосан кузатувчи сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида бўлишга, сайловчиларга таъсир ўтказиш ёки бирон-бир ташвиқот материали тарқатишга ҳақли эмас. Бундан таш­қари, сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда таъсир кўрсатиш ҳам тақиқланган. Боиси, сайлаш фуқаронинг шахсий ҳуқуқи. Унга ҳеч ким таъсир ўтказиши мумкин эмас.

 

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда қатнашишга кимлар ҳақли? Умуман бу жараён қандай ўтказилади?

Наима Орзиева, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси.

 

Шуҳрат Мамаджонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддасида айнан сизни қизиқтирган масала баён этилган. Унга асосан, участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади.

Сайлов қутилари участка сайлов комиссияси томонидан комиссия раиси овоз бериш тугаганини эълон қилганидан кейин комиссиянинг барча аъзолари ҳозирлигида очилади. Овоз бериш тугагунига қадар сайлов қутиларини очиш тақиқланади. Фойдаланилмаган барча сайлов бюллетенлари сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссияси томонидан санаб чиқилади ва бекор қилинади.

Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг асосий рўйхати ва мазкур рўйхат иловаси бўйича участкадаги сайловчиларнинг умумий сонини, шунингдек, бюллетень олган сайловчиларнинг сонини аниқлайди. Сайлов қутиларида бўлган бюллетенлар ва сайлов варақалари асосида комиссия овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг умумий сонини, ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини ҳамда ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар, варақалар сонини аниқлайди. Сайловчилар томонидан бюллетенларга ва варақаларга қўшимча тарзда ёзилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари ва варақалари, шунингдек, овоз бериш вақтида биттадан ортиқ квадратга белги қўйилган ёки битта ҳам квадратга бундай белги қўйилмаган бюллетенлар ва варақалар ҳақиқий эмас, деб топилади. Сайлов бюллетенининг, варақасининг ҳақиқийлигига шубҳа туғилган тақдирда масала участка сайлов комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади.

Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилади ва баённомада акс эттирилади.

Баённома комиссия раиси, комиссия раисининг ўринбосари, комиссия котиби ва аъзолари томонидан имзоланади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тегишли округ сайлов комиссиясига юборилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.