03.03.2015

БИЗ ЎзХДПДАН ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОД ҲОТАМЖОН КЕТМОНОВНИНГ ДАСТУРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙМИЗ

Ҳамро МУҲАММАДИЕВ, Қашқадарё вилояти Китоб тумани, пенсионер:

— Мен бу йил 75 ёшга тўламан. Икки-уч қариянинг боши бир бўлган жойда гурунг Президент сайлови ҳақида бўлади. Ҳамманинг ўз фикри бор, албатта.

Сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг дастурлари билан яқиндан танишдик. Ҳар бирида ҳаётимизнинг муҳим масалалари ўз ифодасини топган. Шахсан ўзим Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзосиман ва ҳозиргача партия томонидан амалга оширилиб келинаётган ишларга хайрихоҳман. Партия томонидан Президентликка кўрсатилган номзоднинг дастуридан ҳаётий вазифалар ўрин олган. Айниқса, ёшларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаши, таълим олиши ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш жойига эга бўлишига тенг ва адолатли шароит яратиш масалалари ўз аксини топгани менга маъқул бўлди. Пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш каби масалалар кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Сайловда ҳамма ўз хоҳишидан келиб чиқиб, овоз беради. Лекин энг муҳими ким қайси номзодга овоз бераётгани, кимни нима учун қўллаб-қувватлаётганини тушуниб етишидадир. Ҳар кимнинг ўз шахсий фикри, хулосаси бўлиши керак. ЎзХДПнинг ғоялари кўнглимга кўпроқ яқин.

Зулайҳо БОЛТАЕВА, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 51-оилавий поликлиника шифокори:

— Мен сиёсий партиялар томонидан Президентликка номзоди қўйилган вакилларнинг дастурлари билан яқиндан танишишга ҳаракат қиляпман. Ҳар бир номзоднинг дастури мазмун-моҳиятидан кўриниб турибдики, уларда мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган масалалар қамраб олинган.

Фаолиятим юзасидан ҳар куни ўнлаб беморларни қабул қиламан. Уларнинг орасида кексалар ва ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд оилалар вакиллари ҳам бор. Бундан ташқари, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш  чораларини кўриш керак. Шундан келиб чиқиб, фикр юритадиган бўлсак, Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан илгари сурилаётган ғоялар муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

ЎзХДП томонидан Президентликка номзоднинг дастурида аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, олис қишлоқ ҳудудларида қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни кучайтириш масалалари илгари сурилганини мен қўллаб-қувватлайман. Шунингдек, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори-дармон воситалари нархи устидан давлат назоратини изчил олиб бориш каби муҳим масалалар ифода этилганидан кўнглим тўлди. Сайловда ўз овозим билан ушбу партия номзодининг дастурини қўллаб-қувватламоқчиман.  

Муҳаммадсодиқ САЙФУЛЛАЕВ, Тошкент хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси:

– Президент сайлови билан боғлиқ жараёнларни, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини катта қизиқиш билан кузатиб боряпман. Номзодларнинг дастурлари билан танишдим. Менга Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзоднинг дастурида кўрсатилган вазифалар ҳам манзур бўлди.

Чунки унда мамлакатимизнинг кам таъминланган, ҳимояга муҳтож ва имконияти чекланган кишиларига амалий ёрдам бериш, кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш каби ҳам савобли, ҳам ҳаётий масалалар ўз аксини топган. Кексаларни эъзозлаш йилида партия дастурида кўрсатилган йўналишларнинг аҳамияти янада юқори бўлади, деб ўйлайман. Мамлакатимиздаги барча сиёсий партияларнинг ғоялари билан танишман. Ҳаммасининг ҳам мақсади юртимиз янада гуллаб-яшнаши, халқимиз турмуш фаровонлигига қаратилган. Аммо тўғрисини айтай, Халқ демократик партияси дастурий вазифалари жудда долзарб. Мен ана шу дастур учун овоз бермоқчиман.

Шаҳзод МУРОДОВ, Самарқанд вилояти Пахтачи автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:

— Бу йил мен 18 ёшга тўлдим. Президент сайловида иштирок этишдан фахрланаман. Сайлов нима ва унинг қандай ўтказилиши ҳақида матбуот, қонунлар, ҳуқуқий адабиётлар орқали маълумотларга эга бўлганман.

Маълумки, дунё миқёсида овоз бериш турли тарзда амалга оширилади. Бизнинг мамлакатимизда сайлов умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, тўғридан-тўғри овоз бериш ўз мустақил фикримни билдиришимга имконият беради.

Ўйлайманки, мен сингари тенгдошларим ҳам мамлакат тақдирини фақат муносиб номзодга ишониб топширгиси келади. Бунинг учун сайлов ва унинг қонун-қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда овоз беради.

Ўтган ва жорий йиллар сайловлар йили бўлгани учун ўқув дарслари давомида сайлов ҳақида керакли билим ва тушунчага эга бўлдик. Тенгдошларим билан шу ҳақда тез-тез фикр алмашамиз. Президентликка номзодларнинг дастурлари билан чуқурроқ танишиб, уларнинг телевидение, газета ва радио орқали чиқишларини ўзаро таҳлил қиляпмиз. Баъзан бу суҳбатлар баҳс-мунозараларга айланиб кетади.

Кейинги йилда коллежни битираман ва ўз соҳам бўйича иш фаолиятимни бошлаш ниятидаман. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзоднинг дастурида ёшларни, айниқса, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи асосий вазифалардан бири сифатида қўйилгани мени хурсанд қилди. Бу борадаги ишлар мамлакатимизда янада изчил йўлга қўйилса, мен ва тенгдошларим манфаати самарали ҳимоя қилинади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Бобур ЭЛМУРОДОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.