28.02.2015

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ЧУҚУР ЎРГАНИЛМОҚДА

Мамлакатимиз аҳолисининг дунёқараши, онгу тафаккури ўзгариб, сиёсий ва фуқаролик фаоллиги тобора ортиб бораётгани яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини уюш­қоқлик билан ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси йиғилишида мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, бу борадаги вазифалар белгилаб олинди.
 Унда шаҳар, туман, қишлоқ ҳудудларидаги сайлов участкалари мутасаддилари, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари, давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул вакиллари иштирок этди.

Семинар машғулотини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси Ғанижон Ортиқов бош­қарди.

— Сайловда фуқаролар қонунчиликда белгиланган тартибда овоз беришини ташкил этиш учун барча қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — деди у. — Хусусан, жойларда сайлов участкаларида сайловчилар учун тегишли даражада шарт-шароитлар муҳайё этилди. Шу билан бирга, аъзоларимизнинг, сайловчиларнинг сайлов қонунчилиги бўйича тушунчасини ошириш, сайловни ташкил этиш бўйича кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳам диққат-эътиборимизда турибди.

Семинарда сайловчиларни сайлов кампаниясининг барча босқичлари хусусида мунтазам хабардор қилиб бориш, бунда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар давомида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси аъзоси Шуҳрат Сирожиддинов, Марказий сайлов комиссияси эксперти Шуҳрат Рўзиназаров, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси Зулфия Аҳмадхўжаева, 6-Наманган округ сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари Мирмуҳсин Мирзокиров ва бошқалар сўзга чиқиб, сайлов қонунчилигида назарда тутилган меъёрлар ва уларнинг аҳамиятига доир маърузаларини тақдим этишди.

Анжуман сўнггида мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеани юксак савияда, уюшқоқлик билан ўтказишда барча бирдек масъул экани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Сайлов қонунчилиги бўйича иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, худди шундай семинар-машғулотлари энг чекка қишлоқ ва маҳаллалардаги сайлов участкаларида ҳам давом этмоқда.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: