28.02.2015

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ҲАҚИДА САВОЛИМ БОР...

Мамлакатимиз, халқимиз катта сиёсий воқеа арафасида турибди. Шу йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови келажакда ҳаётимиз қандай бўлишини белгилаб беради. Сайлов қандай ўтиши, номзодлар орасидан муносибини танлаш, аввало, сайловчининг сиёсий-ҳуқуқий билимига сайлов ҳақида, унинг қонуний асослари тўғрисида етарли тушунчага эга бўлишига боғлиқ.

Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишлари қизғин олиб борилаётган шу кунларда фуқаролардан таҳририятимизга сайлов қонунчилигига оид турли саволлар келмоқда.

Саволларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП фракцияси аъзолари жавоб берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишнинг асосий принциплари нималардан иборат?

Нилуфар Жўраева, Қашқадарё вилояти, Касби тумани.

 

Алия Юнусова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида айнан сайловни ўтказиш принциплари белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашадилар. Овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси битта овозга эга.

Демак, яққол намоён бўлиб турибдики, мамлакатимизда сайловни ўтказиш принципларининг асосида, аввало, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминлаш кафолати ётибди. Умуман олганда, одамлар кимга овоз беришни ўзи белгилайди, кимга ишонса, қайси номзод дастури манзур бўлса, шунга қараб овоз беради.

 

Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари ҳам сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши мумкин экан. Лекин ишонч­ли вакилнинг қонунда белгиланган вазифалари, ваколатлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасман...

Лобар Ражабова, Бухоро давлат университети талабаси.

 

Собитхон Турғунов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафаргача ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Улар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, унинг шахси, сайловолди дастурини тар­ғиб қилишда қатнашади.  Шунингдек, ишончли вакиллар давлат ва жамоат ташкилотлари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қилиш ҳуқуқига ҳам эга.

Президентликка номзоднинг тақдимномасига кўра, ишончли вакиллар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади ва уларга тегишли гувоҳномалар берилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар сайловолди ташвиқот ишларини олиб боришяпти. Менга сайловолди ташвиқоти ҳақида тўлиқроқ тушунча берсангиз...

Хайрулла Йўлдошев, Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани.

 

Қаҳрамон Мирзаев, Олий Мажлис Қо­нун­чилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддаси айнан сайловолди ташвиқоти масаласига бағишланган. Унга кўра, сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади.

Президентликка номзодлар, сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Шунингдек, номзодлар сайловчилар билан йиғилишларда ҳамда сайловчилар учун қулай бўлган бошқа шаклларда учрашувлар ўтказишда ҳам бирдек ҳуқуқга эга.

Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Президентликка номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этишда, зарур маълумот ва ахборот материаллари олишда ёрдам кўрсатишлари шарт.

Ташвиқот давомида номзодлар ўзининг келгуси фаолият дастури билан чиқиш ҳуқуқига ҳам эга. Яна бир гап. Ташвиқот жараёнида сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматлари бундан мустасно), шунингдек, пул маблағлари тўлаш тақиқланади.

Қонунчиликка асосан сайлов куни ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.

 

Мен бу йил Президент сайловида биринчи марта иштирок этаман. Сиёсий ҳуқуқимдан фойдаланиб, мамлакат раҳбарини сайлашдек масъулиятли жараёнда ўз овозим билан қатнашаман. Очиғи, бундан жуда ҳаяжондаман. Сайловда илк бор иштирок этаётганим учун овоз бериш қоидалари, тартиби ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмасман. Менга шу ҳақда маълумот берсангиз...

Роҳатой Холматова, Фарғона вилояти, Водил тумани.

 

Феруза Эшматова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз қонунчилигига асосан ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди. Овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комис­сияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

Сайлов бюллетенларини тегишли сайлов комиссияси сайловчиларнинг рўйхати асосида паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа гувоҳнома кўрсатилгач беради. Ҳар бир сайловчи сайлов бюллетенини олгани ҳақида сайловчилар рўйхатидаги ўз исм-фамилиясининг рўпарасига имзо қўяди.

Сайлов куни истиқомат жойи­да бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз истиқомат жойи­даги участ­ка сайлов комиссиясидан сайлов варақаларини талаб қилиб олиши,  Президентликка номзодлар хусусида қарорга келиши ҳамда тўлдирилган сайлов варақаларини конвертга яширган ҳолда участка комиссиясига қолдириши мумкин. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида сайловчилар рўйхатига имзо чекади.

Айрим сайловчилар соғлиғи ёмонлиги туфайли ёки бошқа сабаблар билан овоз бериш учун ажратилган бинога кела олмаган ҳолларда участка комиссияси уларнинг илтимосига кўра, комиссиянинг камида икки аъзосига сайловчилар турган жойда овоз беришни ташкил этишни топшириши мумкин.

Бирон-бир сабаб билан сайловчилар рўйхатига киритилмай қолган сайловчилар шахсини ва яшаш жойи­ни тасдиқлайдиган ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

Овоз берувчилар сайлов бюллетенларини яширин овоз бериш учун ажратилган кабина ёки хонада тўлдиради. Бюллетенларни тўлдириш вақтида овоз берувчидан бош­қа бирон-бир кишининг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, сайлов комиссиясининг аъзоларидан, кузатувчилардан ва номзодларнинг ишончли вакилларидан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақли.

 

Сиз мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеаЎзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ яна қандай масалалар ҳақида батафсил маълумот олишни истайсиз? Саволларингизни таҳририятимизга бемалол йўлланг. Уларга депутатлар, тажрибали ҳуқуқшунослар ва мутахассислар жавоб беради.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.