28.02.2015

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД ҲОТАМЖОН АБДУРАҲМОНОВИЧ КЕТМОНОВНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ ВА ДАСТУРИ

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон ­Абдураҳмонович ­Кетмонов 1969 йилда Андижон вилоя­тининг Балиқчи туманида туғилган.

Миллати — ўзбек. Маълумоти — олий, 1993 йилда Андижон давлат тиллар педагогика институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Фарғона вилояти, Тошлоқ туманидаги 28-сонли ўрта мактабда ўқи­тув­чиликдан бошлаган. 1995 — 2004 йилларда Фар­ғона вилояти халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2004 — 2013 йилларда ­Андижон вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимида меҳнат қилган.

Бу даврда Ҳотамжон ­Кетмонов вилоятда жамоат ташкилотларини ривожлантириш, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ечишда уларнинг ролини ошириш учун зарур шароитларни яратиш бўйича амалий чораларнинг ҳаётга татбиқ қилинишида фаол иштирок этди.

Унинг бевосита иштирокида вилоятда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол ривожлантириш, ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий онгини юксалтириш, фуқаролик бурчларини англашлари йўлидаги фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

2013 йилда Ҳотамжон Кетмонов Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси этиб сайланди.

Ўтган давр мобайнида партиянинг марказда ва жойлардаги ташкилий кадр­лар салоҳиятини сезиларли даражада оширди, пар­тия электоратини ўй­лан­тираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ечишда партия ташкилотларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорлигини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширди.

2014 йилда у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди.

2015 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбе­­­­­кистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Оилали, уч нафар фарзанди бор.

 

Д А С Т У Р

Мазкур дастурда, Ўзбекистон тарақ- қиётининг бош стратегик мақсади — аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш борасидаги вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қатъий амал қилиш, Ўзбекистон мустақиллигини асраш ва мус­таҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган миллий манфаатларга содиқлик каби эзгу мақсадлар мужассамлашган.

Ушбу дастур Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига асосланади. Унинг устуворликлари жамиятнинг барча аъзолари учун ҳар томонлама ривожланиш ва ишончли ижтимоий кафолатларни таъминлашга интилиш билан белгиланади.

Биз учун асосий устувор йўналишлар, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатлари ҳимояси йўлида меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишга интилишини қўллаб-қувватловчи, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини рағбатлантирувчи кучли ижтимоий сиёсатни юритиш; мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратиш; пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз аҳолининг бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантиришдан иборатдир.

Биз аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий равишда такомиллаштириш зарур деб ҳисоблаймиз. Хусусан, қуйидагилар таклиф этилади:

— муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини тақдим этаётган корхоналарда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш. Улар қаторига, авваламбор, ишлаб чиқариш соҳасининг юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхоналар ва ташкилотлар киради. Ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб қилиш иқтисодий ўсишнинг муҳим омили ҳисобланади;

— касб-ҳунар коллежи битирувчиларига имтиёзли микрокредитларни тақдим этиш, ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан озод қилиш орқали уларнинг мустақил бандлигини таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш;

— истиқболли ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда, уларнинг ўрта махсус касб-ҳунар ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурларига ўзаро боғлиқ бўлган комплекс ёндашувни таъминлаш;

— тегишли мутахассисларга бўлган эҳтиё­жидан келиб чиқиб, кадрлар тайёрлаш учун олий ўқув юртларига таълим контрактларини тўлаётган корхоналар ва ташкилотларни рағбатлантириш самарадорлигини ошириш;

— муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитига эга бўлган қўшимча барқарор иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъект­ларининг манфаатдорлигини оширишга хизмат қилувчи солиққа тортиш тизимини янада мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш;

— олий ва ўрта махсус касб-ҳунар маълумотига эга мутахассисларни тайёрлаш йўналишларини аниқлашда корхоналар ва ташкилотларнинг кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олиш самарадорлигини ошириб бориш.

Кам таъминланган оилалар манзилли ижтимоий ҳимояси самарадорлигини янада ошириш зарур. Бунинг учун қуйидагилар таклиф этилади:

— ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳоли ўртасида боқимандалик кайфия­тини бартараф этишга қаратиш, уларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда нафақалар ва моддий ёрдам, асосан, кам таъминланган оилалар, қариялар ва болалар учун тақсимланишини таъминлаш;

— адолат ва меҳр-оқибат, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кенг қўллаган ҳолда, маҳалла институтининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маркази сифатидаги ўрни ва аҳамиятини доимий равишда ошириб бориш;

— ўз бизнесини ташкил этиш ва турмуш фаровонлигини мустақил таъминлашга интилувчи меҳнатга лаёқатли фуқароларга имтиёзли кредитлар ва мақсадли фоизсиз ссудаларни ажратишни янада ривожлантиришни таъминлаш;

— кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни, тегишли даврдаги тўланадиган маблағлар суммаси миқдорида, ўз бизнесини ташкил этиш учун мақсадли фойдаланиш шарти билан бир марталик тўловга алмаштириш механизмини ишлаб чиқиш;

— ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш устидан давлат назорати самарадорлигини янада ошириш орқали уларнинг нархи ва тарифлари ўсиши инфляция даражасидан юқори бўлмаслигини таъминлаш;

— уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида, ижтимоий турар жой фондини шакллантиришга йўналтириладиган давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмидан самарали фойдаланиш механизмларини янада такомиллаштиришни таъминлаш;

— тармоқ муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган коммунал хизматлар кўрсатишнинг арзон автоном (локал) шаклларини ривожлантириш орқали аҳолига кўрсатиладиган хизматлар нархини мақбуллаштиришга эришиш;

— табиий монополия субъектлари томонидан аҳолига тақдим этиладиган коммунал хизматлар нархлари ва тарифларини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш (газ, электр ва иссиқлик таъминоти, канализация, маиший чиқиндилар ва ҳ.к.).

Иқтисодий сиёсатдаги асосий устуворлигимиз бу — давлатимизнинг молиявий ва иқтисодий қудратини оширишни кучли ижтимоий сиёсатга уйғунлаштириш орқали аҳолининг, авваламбор, қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари турмуш даражасини янада ошириш механизмига йўналтиришдан иборатдир. Шу боис иқтисодий соҳада қуйидагилар таклиф этилмоқда:

— хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш, шунингдек, уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш;

— тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш ва малакали мутахассислар учун иш ўринларини ташкил этиш орқали замонавий техника ва технология­ларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

— тижорат банкларининг инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш, хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тизимини соддалаштириш, макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, минимал даражада фоиз ставкаларини белгилаш, муаммоли қарзлар юзага келишига йўл қўймаслик ва банк хизматлари сифатини яхшилаш ­орқали уларнинг инвестицион фаоллигини кучайтириш;

— бюджет маблағларининг, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағлар мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, турли маҳсулот етказувчиларга ўзаро эркин рақобатлашишига имкон берадиган очиқ ва ошкора электрон савдолар имкониятларини кенгайтириш орқали давлат харидларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш.

Истиқболли корхоналар ва ишлаб чиқариш комплекслари иқтисодий ривожланиши учун бўш меҳнат ресурсларини жалб қилиш иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини таъминлашнинг қўшимча омилига айланишига эришиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун қуйидагилар таклиф этилади:

— маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналарини улар томонидан ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқаришини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш ва имтиёзли кредитлаш самарадорлигини ошириш;

— ўз ишлаб чиқариши ҳисобига ички бозорни мақбул тарзда тўлдиришга эришишга қаратилган товарлар ва хизматларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ҳудудий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулия­тини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

— мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қишлоқ жойларида оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантиришда рағбатлантиришни кучайтириш.

Аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш масаласи ҳам бизнинг диққат марказимиздадир. Мазкур соҳада, жумладан, қуйидагилар таклиф этилмоқда:

— аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш бўйича чоралар кўриш;

— имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи тегишли қонун ҳужжатларининг ижроси устидан тизимли назорат самарадорлигини ошириш;

— фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори-дармон воситалари нархи устидан давлат назоратини кучайтириш ҳамда дори воситалари рекламасини чеклаш.

Демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш асосий вазифа ҳисобланади. Ушбу мақсадда ­қу­йидагилар таклиф этилмоқда:

— қабул қилинаётган қонунлар ва бош­қа қонун ҳужжатлари, давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштироки амалиётини изчил ривожлантиришни таъминлаш;

— доимий электорат манфаатларига алоқадор бўлган жойлардаги долзарб иқтисодий ва ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиш масалаларида сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада ошириш бўйича чоралар кўриш;

— замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида аҳолига интерфаол давлат хизматлари ягона порталидан эркин фойдаланишни тақдим этувчи пункт­лар тармоғини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

— ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантиришни изчил таъминлаш;

— фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш ва мазкур масалаларда суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

Ташқи сиёсат фаолияти масалаларида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

— Ўзбекистоннинг яқин қўшниларига нисбатан очиқ ва прагматик сиёсатни юритиш, улар билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ва ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш;

— минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича мамлакатнинг халқаро ташаббусларини фаол илгари суришни таъминлаш;

— ташқи сиёсат фаолиятининг муҳим вазифаси Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда фаол ва ташаббускор иштирокини таъминлашдир. Шундан келиб чиқиб, Марказий Осиё мамлакатлари, дунёнинг бошқа давлатлари, нуфузли халқ­аро ташкилотлар билан терроризм, экстремизм, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа таҳдидларга қарши кураш масалалари бўйича ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва кучайтириш зарур.

* * *

Дастурда қайд этилган устувор йўналишларни амалда рўёбга чиқариш мамлакатни ҳар томонлама ижтимоий ривожлантириш, халқ фаровонлигини изчил юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.