26.02.2015

ҲАР БИР ИНСОН МУНОСИБ ТУРМУШ КЕЧИРИШНИ ИСТАЙДИ

Бу интилиш давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувват­ланиши лозим

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбе­кис­тон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов самарқандлик сайловчилар билан учрашди.

Учра­шув­ни Ўзбекистон Республикаси ­Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самар­қанд округ сайлов комиссияси раиси Яхшинор ­Аллаяров очди. Президент­ликка номзоднинг ишончли вакили Камолбой Исабеков йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг номзод ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари, унда илгари сурилган ғоя ва мақсадларнинг мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсатни янада изчил амалга оширишдаги аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади.

Номзод ўз сўзида, аввало, мус­тақиллик йилларида Ўзбекистон тарихий демократик тараққиёт йўлини босиб ўтгани, бу давр жамият ҳаётида, халқимиз турмуш фаровонлигининг яхшиланишида оламшумул ўзгаришларга бой бўлганини алоҳида таъкидлади. Қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида сиёсий партияларнинг давлат ҳокимиятини шакллантиришдаги ўрни, жамият ҳаётига таъсир кучи муттасил ошиб бораётганини қайд этди.

— Партиямиз мамлакатимизда давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий муҳофаза ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этишга эътибор қаратади, — деди у. — Сайловолди дастурим партиямизнинг айнан мазкур йўналишлардаги устувор ғояларига асосланади.

Биз учун асосий масала кўпчилик аҳоли, авваламбор, давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд бўлган кишилар манфаатини ҳимоя қилиш, аҳолининг иш ўринлари ташкил этиш, ишлашга интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлигини рағбатлантирувчи кучли ижтимоий сиёсат юритишдан иборатдир.

Бу борада мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаши, таълим олиши ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўринларига эга бўлиши учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш диққат марказимизда турибди. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси яхши яшаши, муносиб турмуш тарзига эга бўлиши ва албатта иш билан таъминланишига эришиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Учрашувда номзоднинг сай­лов­олди дастурида аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтисодий даромадларини кўпайтириш борасида ҳам қатор устувор йўналишлар белгилангани алоҳида қайд қилинди. Хусусан, дастурда истиқболли ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини тайёрлашда ўрта махсус касб-ҳунар ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурлари билан ўзаро боғлиқ комплекс ёндашувни таъминлаш зарурлиги ифода этилган.

Кадрлар тайёрлаш учун олий ўқув юртларида таълим контракт­ларини тўлаётган корхона ва ташкилотларни рағбатлантириш самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур жараёнда муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитига эга бўлган қўшимча барқарор иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларининг манфаатдорлигини оширишга хизмат қилувчи солиққа тортиш тизимини мақбуллаштириш, бу борада қўшимча чора-тадбирлар кўриш ҳаётий зарурат ҳисобланади.

Ҳотамжон Кетмонов сайловчилар билан учрашувда аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш, уй-жой ва коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, ушбу тизимларни янада такомиллаштириш масалаларига ҳам кенг тўхталди. Жумладан, бирламчи тиббий ёрдамдан, айниқса, олис қишлоқ аҳоли пунктларининг аҳолиси учун қулай ва тез фойдаланиш имкониятини берувчи қишлоқ врачлик пункт­лари тармоғини кенгайтириш бўйича чоралар кўриш лозимлигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш билан боғлиқ бошқа йўналишлардаги вазифаларга ҳам эътибор қаратди.

Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастури хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Номзоднинг сайловолди дас­турида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган масалалар эътиборга молик, — деди Каттақўрғон туманидаги 20-мактаб директори Зайнаб Бердиева. — Чунки аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш учун, аввало, одамларга меҳнат қилиш имкониятини  бериш керак. Бунинг учун бандлик дастури ва бошқа ижтимоий-иқтисодий дас­турларнинг  ижросини қатъий таъминлаш талаб этилади. ­Номзод илгари сураётган масалалар бу борада долзарб аҳамиятга эга.

ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши сектор мудири ­Дилбар Имомова давлатимизнинг молиявий ва иқтисодий қудратини ошириш масаласи борасидаги ғояни қўллаб-қувватлашини айтди. Айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағлар мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, маҳсулот етказувчилар ўзаро эркин рақобатлашишига шароит яратадиган очиқ ва ошкора электрон савдолар тизимини кенгайтириш, шу орқали давлат харидларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш масалалари долзарб аҳамиятга эга эканини қайд этди.

— Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида зарур ҳаётий масалалар илгари сурилган, — деди ЎзХДП Каттақўрғон шаҳар кенгаши раиси Тоҳир Ҳамидов. — Ҳар бир одам меҳнат қилишга, муносиб ҳаёт кечиришга,  ҳақли. Бу инсоннинг энг бирламчи, устувор ҳуқуқидир. Лекин ҳаёт тақозоси, турли омиллар сабаб ҳаммада ҳам бундай имконият бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун давлат ва жамият эҳтиёжманд кишиларнинг интилиши ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаши, уларга ҳар томонлама мадад бериши зарур. Халқимиз тарихи ва турмушдаги юксак анъаналаримиз шуни тақозо қилади. Бизнинг номзоднинг сайловолди дас­турида ана шу масалаларга чуқур эътибор қаратилган.

Учрашувда номзод сайловчиларнинг саволларига жавоб берди ва уларга эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Сўзга чиққанлар сайловчининг фикри ва танлови халқимиз келажаги, юртимиз истиқболини белгилашини таъкидлаб, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ҳотамжон ­Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.