26.02.2015

УРГУТДА БАРПО ЭТИЛАЁТГАН КОРХОНАЛАР

янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли турмуши фаровонлигига хизмат қилмоқда

Мустақиллигимизнинг илк йилларида Ургут туманида бор-йўғи иккита саноат корхонаси фаолият кўрсатар эди. Бугунги кунда улар сони 122 тага етди. Мазкур ҳудудда 33 та хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхона ишлаб турибди.

— Кейинги йилларда туман саноати тезкорлик билан ривожланиб бормоқда. Бугунги эришилган натижаларни бундан етти-саккиз йил олдинги кўрсаткичлар билан таққослашнинг ўзиёқ фикримизни тасдиқлайди, — дейди туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Абдуғаппор Мадаров. — Масалан, 2007 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бор йўғи 27 миллиард 191 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2014 йилда эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2013 йилга нисбатан 116,3 фоизга ўсиб, 365 миллиард 200 миллион сўмга етди. Шу жумладан, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажми 254 миллиард 900 миллион сўмни ташкил этди.

Ургут туманини 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 88 та лойиҳа доирасида 23 миллион 452 минг АҚШ доллари, жумладан, 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий ин­вес­тиция­лар йўналтирилди. Ушбу лойиҳаларнинг 41 таси саноат соҳасида амалга оширилди. Натижада туманда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш, полиэтилен маҳсулотлари, одеял, полиестр тола, спорт пойабзаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Черепица, газлама, электр печь ва плита, пластмасса маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми кенгайтирилди.

Енгил саноат соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга сазовор. Бу борада тумандаги 14 та саноат корхонаси негизида тўқимачилик ва тикув трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилиб, 400 дан ортиқ янги иш ўрини яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

«Нур Сам Қур» масъулияти чекланган жамиятида матога гул босиш ва газлама ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. «Ургут Евро Текс» хусусий корхонаси ва «Alfa max alliance» қўшма корхонасида пайпоқ тўқиш, «Гулобод чеварлари», «Хушнудабону» масъулияти чекланган жамиятлари, «Моҳигул Ҳамиджонова», «Калангар тикувчи ҳамкор» хусусий корхоналари, «Аслбек-Алибек» фермер хўжаликларида тайёр тикувчилик маҳсулотлари ва бошқа турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланди.

— 256 минг АҚШ доллари миқдоридаги хориж инвестициясига техника, пайпоқ тўқиш дастгоҳлари ва қисман хомашё сотиб олдик, – дейди туманнинг «Мерганча» маҳалласида ташкил этилган «Alfa max alliance» Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси раҳбари Даврон Саидмуродов. — Бинолар қурилишига ўз маблағимиздан 550 миллион сўм сарфланди. 20 та янги иш ўрни очилди. Касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларни ишга жалб этдик. Уларнинг ғайрати билан ҳар куни 2 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилаяпти.

Яна бир янги корхона «Toyiboxon NUR» Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасида чарм пойабзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу корхонада ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун дастлаб 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги хориж инвестицияси жалб этилди.

— Ҳамкорларимиз сарфлайдиган сармоя жами 810 минг АҚШ долларини ташкил этади, — дейди қўшма корхона раҳбари Азиз Рустамов. — 2015 йилнинг иккинчи чорагига қадар улар молиялаштиришни тўлиқ ниҳоясига етказишади. Ўз ҳисобимиздан 90 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфладик. Мана бугун янги корхонада 45 нафар ёш йигит-қиз меҳнат қилмоқда. Корхонамиз бир йилда 1 миллион 200 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларимиз айни пайтда ички бозорда сотилмоқда. Яқин орада экспортга чиқариш чораларини кўраяпмиз. Шунингдек, иш ўринларини 120 тага етказишни режалаштирганмиз. Ҳозир иккита линия ишлаб турибди. Хориж инвестицияси ҳисобидан ўрнатиладиган яна иккита линия эса экспорт учун хизмат қилади.

 «Деҳқонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил топган «Ургут маржонаси» масъулияти чекланган жамиятида қуруқ мевани қайта ишлаш йўлга қўйилди. Ака-ука таъсисчилар Тошпўлат, Ҳамроқул, Ўлмас Аҳмедовлар ишлаб чиқаришга 500 миллион сўм маблағ йўналтиришди. АТБ «Капиталбанк» Ургут филиалидан 100 миллион сўм кредит олинди. Натижада 14 нафар қишлоқ ёшлари ишга жалб этилди.

— Суткасига 18 тонна мевани қайта ишлаш имкониятига эгамиз, — дейди корхонанинг ижрочи директори Раҳматулла Шодиев. — Узум, олма, ўрик, олхўри  каби 18 турдаги маҳсулот экс­портини йўлга қўйдик. Даст­лабки йилдаёқ қайта ишланган меванинг бир қисми хорижга экс­порт қилинди. Йил мобайнида 500 тонна мевани қайта ишлашни режалаштирганмиз.

Туманни 2014-2016 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 2014 йилда саноат соҳасида 61 та лойиҳа доирасида жами 51 миллиард 460 миллион сўм, шундан 28 миллиард 537 миллион сўм ўз маблағлари ва 17 миллиард 181 миллион сўм банк кредитлари ва 3 миллиард 864 миллион сўм эквивалент миқдорида хорижий инвестиция маблағлари жалб этилиши натижасида 1344 та янги иш ўрини яратилди.

Туманни жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида саноат соҳасида 48 та лойиҳани амалга ошириш бўйича дас­тур тузилиб, ушбу дастур доирасида жами 48 та лойиҳа учун 101 миллиард 655 миллион сўм , шундан 39 миллиард 855 миллион сўм ўз маблағлари, 52 миллиард 352,9 миллион сўм банк кредитлари ва 10 миллиард 57 миллион сўм хорижий инвестиция ҳисобига тўғри келади. Мазкур лойиҳаларни ишга туширилиши эвазига 2083 та янги иш ўрини ташкил этилиши кўзда тутилган.

— Ҳудудимизда саноат соҳасини ривожланиши кўплаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади, — дейди ЎзХДП Ургут туман кенгаши раиси Элдор Холмуҳаммедов. — Қолаверса, аҳолини маҳаллий саноат маҳсулотлари билан тўла таъминланишига эришилади.

 

Абдурасул АБДУНАБИЕВ



DB query error.
Please try later.