24.02.2015

КУЗАТУВЧИЛАР МИССИЯЛАРИ

рўйхатга олинди

21 февраль куни Марказий сайлов комиссиясининг нав­батдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларида иштирок этадиган кузатувчиларни рўйхатга олиш билан боғлиқ масала кўриб чиқилди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, шунингдек, сиёсий партияларнинг вакиллари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилар миссияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга ошираётганини, бу Ўзбекистон сайлов тизимининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланишини таъкидлади.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, сайлов жараёнини кузатишда ҳам миллий, ҳам халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиш имконияти назарда тутилган. Кузатув сайлов жараёнининг барча босқичларида амалга оширилиши мумкин. Халқаро сайлов амалиётида бундай очиқ, демократик ҳолат кам учраши қайд этилди.

Ўзбекистонда сайлов тўғрисидаги қонунчилик мунтазам равишда такомиллашиб бораётгани фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш миллий амалиётини яхшилашга қаратилган.

Марказий сайлов комиссияси олдинги сайловларда бўлгани каби Ўзбекистонда жорий йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун Европа, Осиё, Америка ва Африка мамлакатларидан кўп сонли хорижий кузатувчиларни, шунингдек, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар миссияларини таклиф этди.

ЕХҲТ ДИИҲБдан кузатувчилар миссиясининг 12 кишидан иборат  асосий гуруҳи мамлакатимизга келди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси МДҲ ва ЕХҲТ ДИИҲБдан кузатувчилар миссияларини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.