24.02.2015

«МЕН ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИДА ИЛК БОР ҚАТНАШАМАН»

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида муҳим воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига катта ҳозирлик кўрилмоқда. Қонунга мувофиқ 18 ёшга тўлган фуқаролар Президент сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга.

Хўш, Президент сайловида биринчи марта қатнашадиган ёшлар мазкур муҳим воқеанинг масъулиятини қандай тасаввур қилмоқда? Улар юртимизда кечаётган сайлов билан боғлиқ жараёнлардан қай даражада хабардор?

Маълумки, Президент сайловида юртимиздаги барча сиёсий партиялар ўз номзодларини илгари сурмоқда. Шу кунларда номзодларнинг сайловчилар, халқимиз вакиллари билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу учрашувлар, айниқса, ­Президент сайловида биринчи марта иштирок этадиган ёшлар катта қизиқиш уйғотмоқда.

Айни пайтда ёшлар Президентлик сайлови ҳақида нималарни билишади? Қандай одамни Президентликка муносиб, деб тасаввур қилишади?

Бобур РАҲМОНБЕРДИЕВ, Тошкент давлат юридик университети талабаси:

– Сайловда иштирок этиш, номзодлар ва уларнинг дастурлари билан яқиндан танишиш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади. Мамлакатимиз раҳбари сифатида қандай инсонни кўришимиз мумкин? Бу борада кўпчиликнинг ўз фикри, муносабати, айтиш мумкинки, позицияси бор. Сайлов куни ҳар биримиз сайлов варақасига белги қўяр эканмиз, ана шу позициямизни намоён этган бўламиз. Шунинг учун Президент ким, мамлакат тараққиёти, халқ келажагида унинг ўрни, аҳамияти тўғрисида чуқур ўйлаб, фикр юритишимиз керак бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳаяжон билан кутяпман. Мамлакатмиз аҳолисининг катта қисмини мен каби ёшлар ташкил қилади. Бу эса ёшларнинг бўлажак сайловларда қатнашиши муҳим эканини кўрсатади. Сайловда фаол иштирок этиш мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлиги йўлидаги масъулиятдир. Шундай экан, ўз тақдирини мамлакат тақдирига чамбарчас боғлаган ҳар бир ёш Президент  сайловида фаол иштирок этиши зарур. Мен ҳам ўз ҳуқуқимдан албатта фойдаланаман.

Собиржон РАҲМОНОВ, тадбиркор:

– Мамлакатимизда биз, ёшлар учун қулай шарт-шароит яратилганини барчамиз ўз соҳамиз, шахсий ҳаётимиз мисолида кўриб турибмиз. Айниқса, ўз мустақил ишимизни йўлга қўйишимиз, уни ҳар томонлама кенгайтиришимиз учун йўллар кенг очиб берилмоқда. Имтиёзли банк хизматлари таклиф этиляпти, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланаяпти.

Мен ҳам бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда, ўтган йили ўз тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйдим. Албатта, осон бўлгани йўқ. Лекин кучли хоҳиш-истак, мақсад билан ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиш мумкин экан. Иш бошлаганимизда фақат болалар кийимларини ишлаб чиқарган бўлсак, ҳозирда маҳсулотларимизнинг тури ошди, хотин-қизлар учун ҳам кийимлар тайёрлаяпмиз.

Мустақил ишимни олиб бориш билан бирга, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил оламан. Мамлакатимизда ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, сиёсий жараёнларни мунтазам кузатиб, ўзимга тегишли хулосалар чиқариб бораман. Ўзбекистон Республикаси Президент­лигига сайловда ёшларнинг иштироки муҳим, албатта. Шу боис 29 март куни бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этишни фуқаролик бурчим, деб биламан. Бунга бефарқ бўлишга ҳаққим йўқ.

Президент юрт тақдири, халқ фаровонлиги йўлида чин дилдан қайғурадиган, ҳаётий таклиф ва ташаббусларни илгари сурадиган, юксак шижоат билан уларни амалга оширадиган ҳамда фидойи  инсон бўлиши керак, деб ўйлайман. Ҳудудлар, соҳалар қай даражада ривожлананиши, одамларнинг турмуш шароити юксалиши мамлакат раҳбарига боғлиқдир. Шуларни назарда тутган ҳолда, сайлов билан боғлиқ жараёнларда фаол қатнашишимиз зарур.

Шоҳсанам ДАУЛЕТБАЕВА, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қошидаги академик лицейнинг 2-бос­қич ўқувчиси:

– Сайлов катта сиёсий воқеа, жараён. Бугун номзодлар ҳам, сайловчилар ҳам жиддий синов арафасида. Бу имтиҳондан қандай ўтиш эса, аввало, ҳар биримизнинг фуқаро сифатида ўз бурчимизни қандай англашимизга боғлиқ. Сайловда сайловчининг эркин танлаш ҳуқуқи бор. Номзодлар орасидан тафаккури юксак, салоҳиятли, айтаётган сўзининг устидан чиқадиган, ғоялари ҳаётий бўлганини танлаб, унга ўз овозимизни берсак, келажагимиз пойдеворини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшган бўламиз.

Мен бу йил биринчи бор Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этаман. Бу менга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Ҳозир биз сайлов жа­раёнлари ҳақида кўпроқ маълумотлар олишга ҳаракат қиляпмиз. Номзодларнинг сайловолди дастурлари билан яқиндан танишаяпман. Сайлов жараёнларида фаол қатнашиш орқали нафақат сиёсий ҳуқуқимиздан фойдаланамиз, шу билан бирга, сиёсий-ҳуқуқий билимимизни оширамиз. Шунингдек, мамлакатимиз истиқболи, тараққиёт йўллари ҳақида фикримиз, тушунчамизни кенгайтириш имконига эга бўламиз. Демак, сайлов биз ёшлар учун ҳар томонлама муҳим воқеадир.

 

Мукаррам РАСУЛЖОНОВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.