21.02.2015

ПОРА БЕРМАНГ, ВОСИТАЧИЛИК ҚИЛМАНГ

Бу жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар асосини демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим тамо­йилларидан бири бўлган қонун устуворлиги ташкил этади.

Шу боис суд тизимини бос­қичма-босқич ислоҳ қи­лиш мақсадида изчиллик билан олиб борилаётган давлат сиё­сати мамлакат ижтимоий-иқтисодий негизига путур етказувчи омил сифатида намоён бўлаётган коррупциянинг ҳар қандай кўринишдаги таҳдидига қарши курашишни кучайтиришни тақозо қилади.

Маълумки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, айниқса, мансабдорлар томонидан содир этилаётган порахўрлик жиноятларининг олдини олиш ва уларни фош этиш борасида кескин чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш тизими асосан мансабдор шахсларнинг пора олиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган бўлиб, уларни пора олишга қизиқтирувчи, воситачилик қилувчи ва бевосита пора берувчиларнинг кўп ҳолатларда жиноий жавобгарликдан қутулиб қолаётганлиги ушбу тоифа жиноятларни камайтиришга қаратилган ишларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб келди.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонуни асосида Жиноят кодексининг айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бу тоифали жиноятларга қарши курашишга қаратилган фаолиятимизнинг самарадорлигини оширади.

Хусусан, мазкур қонун билан Жиноят кодексининг пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жавобгарлик белгиланган 211, 212-моддаларига қуйидаги иккита йўналишда ўзгартиш киритилди.

Биринчиси, пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жазолар тури, миқдори ва муддатлари ўзгартирилиб, пора олиш учун бериладиган жазолар тури билан бир хилда белгиланди, яъни эндиликда порахўрлик жиноятлари учун жазолар бирхиллаштирилди.

Иккинчиси, Жиноят кодексининг 211-моддасида пора берувчи шахс, 212-моддасида пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахс, башарти, жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилишига оид рағбатлантирувчи қоида белгиланган эди.

Янги қонун билан ушбу қоидага ҳам ўзгартиш киритилди. Унга кўра, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар учун белгиланган юқоридаги каби рағбатлантирувчи қоиданинг қўллаш асослари чегараланди. Эндиликда пора берувчи ва пора-олиш беришда воситачилик қилувчи шахслар бундай жиноят ҳақида ҳар қандай вақтда хабар берганлиги учун жавобгарликдан озод этилмаслиги, балки жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилсагина жавобгарликдан озод қилиниши белгиланди.

Қисқаси, янги қонун билан пора берувчи ёки пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар жиноий ҳаракатлар содир этилган вақтдан ўттиз сутка ўтгандан кейин бу ҳақда хабар берган бўлсалар, улар жиноий жавобгарликдан озод этилмаслиги, балки умумий тартибда пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жавобгарликка тортилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Айтиш керакки, қонунда жавобгарликдан озод қилишнинг аниқ муддати белгилаб қўйилиши, пора берувчи ёки пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахсларда жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳиссини, порахўрлик жиноятлари профилактикасини оширишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бундай шахсларга порахўрлик жинояти ҳақидаги хабарни белгиланган муддатда бериш мажбуриятини юклаш орқали жиноятлар тез аниқланишига эришиш мумкин бўлади.

Шу ўринда мазкур қонун талабларининг янада тушунарли бўлиши учун пора берган ёки пора олиш-беришда  воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод қилиш шартларига алоҳида тўхталиб ўтсак.

Пора сўраб товламачилик қилинган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод қилиш шартлари Жиноят кодексининг 211-моддаси 4-қисми ва 212-моддаси 4-қисмида қатъий белгиланган. Унга мувофиқ қуйидаги талабларнинг барчаси мавжуд бўлгандагина шахс жавобгарликдан озод этилиши мумкин:

товламачилик йўли билан пора талаб қилинган ҳолат далиллар асосида тўлиқ тасдиқланганида;

ариза қонунда назарда тутилган муддатда, яъни  ўттиз сутка мобайнида тақдим қилинганда;

ҳар қандай ноқонуний таш­қи таъсирлардан (жисмоний, руҳий) холи тарзда ўз ихтиёри билан арз қилинганда;

пора берганлик ёки воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлик билдирган ҳолатда;

пора берганлик ёки воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс ушбу жиноятни очишда фаол иштирок этганида.

Қонунинг ушбу бешта талабидан бирортаси мавжуд бўлмаганида пора берганлик ёки воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахснинг жиноий жавобгарликдан озод қилинишига йўл қўйилмайди.

Ўз ихтиёри билан арз қилиш деганда – пора берувчи ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг бу ҳақда ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шахсан келиб ёзма ёки оғзаки шаклда қилган арзи тушунилади.

Тергов ёки суриштирув даврида аниқланган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олдиндан маълум бўлган пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилиш ҳолатлари юзасидан берилган ариза жиноий жавобгарликдан озод қилишга асос бўлмайди. Бундай шахснинг жавобгарлик масаласи қонунда белгиланган умумий тартибда ҳал қилинади.

Ҳар қандай жиноят иши бўйича дастлабки тергов ва суриштирув жараёнига жалб этилган (гумонланувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ) шахс, шунингдек, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга ҳуқуқбузарлик учун келтирилган шахснинг пора берганлик ёки пора олиш-беришда воситачилик қилганлик ҳақида арз билан мурожаат этиши бундай мурожаатнинг ихтиёрийлигини истисно қилади ва жиноий жавобгарликдан озод этишга асос бўлмайди.

Чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам бериш деганда, ўзига нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс шахсан ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ўз ихтиёри билан келиб, содир этилган жиноят ҳолатлари ҳақида ўз ихтиёри билан баён этиши, қилмишига пушаймонлик билдириши, жиноятларнинг олдини олиш ва жиноятни очишга ёки унинг ташкилотчиларини ёхуд бошқа иштирокчиларини фош қил­ишга фаол ёрдам бериши тушунилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун билан жисмоний ва юридик шахсларнинг суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқлари самарали таъминланишига эришиш, шахсларнинг бузилган ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида тиклаш имкони яратилди. Шу­ни­нг­­дек, бу қонун замирида порахўрлик иллатларининг туб илдизини йўқотиш, жамиятда қонун устуворлиги ҳамда адолат тамойилларини янада мус­таҳкамлаш ғоялари мужассамдир.

 

Ғолиб ЭРГАШЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят Ангрен шаҳар судининг раиси.  



DB query error.
Please try later.