21.02.2015

ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНМОҚДА

ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламентга киритилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

Дастлаб «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида корпоратив бошқарув соҳасида муҳим ҳужжат бўлган мазкур «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳалигача тўлиқ ишламаётгани ҳақида танқидий фикр билдирилган эди.

Хусусан, акциядорлар, авваламбор, акцияларнинг миноритар эгалари ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланмаётгани, улар акциядорлик жамиятлари фаолиятига таъсир кўрсатмаётганига эътибор қаратилган эди. Шунингдек, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қонунларимизда белгилаб қўйилаётган рағбатлантирувчи омиллар, преференциялар суд-ҳуқуқ соҳасининг таъсир кўрсатиш механизмлари билан мустаҳкамлаб қўйилган, мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги кучайтирилган тақдирдагина ўз самарасини бериши қайд этилганди.

Мазкур қонун лойиҳаси ана шу масалаларни ҳал этишга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда. Унга кўра, қонунга акциядорлар умумий йиғилишида жамиятни ўрта ва узоқ муддатга ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш, жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича амалга оширилаётган чоралар тўғрисидаги кузатув кенгаши ва ижроия органи ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш ҳақидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, акциядорлар умумий йиғилиши томонидан белгиланган муддатида тўланмаган ва олинмаган дивидендлар бўйича ҳисобланадиган пеня миқдори, тўланмаган (олинмаган) дивидендлар миқдорининг 50 фоизидан кўп бўлиши мумкин эмаслиги, йирик акциядорларга (25 фоиздан ортиқ акция эгаларига) дивидендлар мазкур жамиятнинг миноритар акциядорлари олдида дивидендлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаслик шарти билан тўланиши кўрсатиб қўйилмоқда.

Йиғилишда биринчи ўқишда кўриб чиқилган «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси «Соғлом бола йили» Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган.

Маълумки, йод танқислиги касаллиги дунёдаги кўплаб давлатлар учун соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг долзарб масалалардан биридир. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ер сайёрасининг учдан бир қисмида мазкур касалликнинг ривожланиш хавфи мавжуд. Дунё миқёсида 700 миллиондан ортиқ кишида йод танқислиги, 50 миллион кишида эса бу касаллик туфайли ақлий заифлик кузатиляпти.

Мазкур қонун лойиҳаси бу борадаги айрим масалаларни бартараф этишни назарда тутади.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Маълумки, турли касалликларнинг олдини олишда энг самарали усуллардан бири йодланган ош тузини истеъмол қилиш ҳисобланади. Бугунги кунда республикамизда 123  та йодланган ош тузи ишлаб чиқариш ва қадоқлаш корхоналари рўйхатга олинган бўлиб, ушбу корхоналар томонидан йодланган ош тузи тайёрланмоқда.

1994 йилда Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан йод танқислиги ҳолатларининг олдини олиш мақсадида йодланган ош тузини истеъмол қилиш тавсия этилгандан сўнг, МДҲ, марказий ва шар­қий Европа давлатлари томонидан ош тузини ялпи йодлаш стратегияси асосида қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Мазкур қонун ҳужжатлари талабига кўра, ош тузи ихтиёрий ёки мажбурий йодланади.

Энди бевосита қонун лойиҳасига тўхталадиган бўлсак, унга кўра, Қонуннинг 11-моддаси иккинчи қисмини ва 15-моддаси биринчи қисмини чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Қонунга мазкур таклиф, яъни ўзгартиш киритилса, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган ош тузи албатта йодланиши кераклиги тўғрисидаги меъёр қатъий қилиб белгиланади.

Инсон саломатлиги жуда кўп омилларга боғлиқ. Аммо айрим одамлар ўз саломатликларини ўзлари барбод қилади. Оқибатини била туриб чекиш, ичиш каби зарарли одатлардан воз кеча олмайди. Айниқса, тамаки маҳсулотлари истеъмоли нафақат чекувчи, балки ён-атрофдагиларнинг ҳам соғлиғига салбий таъсир қилади. Депутатлар биринчи ўқишда кўриб чиққан яна бир қонун лойиҳаси шу масалалар билан бевосита боғлиқдир. «Ўз­бекис­тон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги мазкур қонун лойиҳаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг ҳуқуқий асосларини янада мус­таҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилгани қайд этилди.

Бунёд ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбе­кис­тон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонуннинг ижро механизмини кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.

Унга асосан махсус ажратилган жойлардан ташқари жамоат жойларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда чекиш, алкоголь ичимликларини қуйиб сотиш рухсат берилган савдо ва умумий овқатланиш объектлари ҳамда тўй, юбилей ва бошқа тантаналар ва маросимларни ўтказиш жойларидан ташқарида спиртли ичимликларни ичиш чекланадиган бўляпти.

Кодексга тегишли моддалар киритиляпти. Хусусан, олтинчи боб жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб қилишни чекловчи янги меъёрлар билан тўлдириляпти.

Йиғилишда, шунингдек, бошқа қонун лойиҳалари ҳам атрофлича муҳокама этилди. Фракция аъзоларининг таклифлари асосида қонун ло­йиҳалари биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Мазкур қонун лойиҳалари 20 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Унда ЎзХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда маъқуллашни билдирди. Барча фракциялар ва депутатлик гуруҳининг фикр-мулоҳазаларидан сўнг, парламент қуйи палатаси қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда қабул қилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.