21.02.2015

МАМЛАКАТИМИЗДАГИ ҲАР БИР ИНСОН

ҳаётдан рози бўлиб яшаши керак

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг мамлакатимиз бўйлаб сайловчилар билан учрашувлари самимий руҳда давом этмоқда.

Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов сайлов­олди ташвиқоти доирасида 19 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг раиси Кенес Каримов очди. Президент­ликка номзоднинг ишончли вакили Қуатбой Қурбонбоев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништириб ўтди.

Тадбирда Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайлов­олди дастурининг асосий йўналишлари юзасидан нутқ сўзлади. У, хусусан, мамлакатимизда ижтимоий соҳани изчил ривожлантириш, жойларда турмуш шароитини янада яхшилаш билан боғлиқ масалаларга тўхталди.

Номзоднинг Сайловолди дастурида қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини ошкора ҳамда конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти инс­титутлари иштироки амалиётининг изчил ривожланишини таъминлаш, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, давлат ишларини бошқариш масалаларида сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ҳамда ваколатларини янада кенгайтириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш ва суд қарорлари ижроси сифатини ошириш кўзда тутилган.

Учрашувда ЎзХДП Беруний туман кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Халилла Ешимбетов, Қорақал­поғис­тон Республикаси Маънавият тар­ғибот маркази раҳбари, «Қарақалпақстан ҳаўазы» газетаси бош муҳаррири Шарапатдин Аяпов, Қорақалпоқ давлат университети талабаси Ҳурлиман Нуржанова ва бошқ­алар сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президент сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида, халқаро демократик тамойилларга мос тарзда ўтаётганини эътироф этди.

Сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ҳотамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга ундади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмонов шу куни Урганч шаҳрида хоразмлик сайловчилар билан учрашди. Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 12-Хоразм округ сайлов комиссиясининг раиси ­Атабай ­Раҳимов очиб, Президентликка номзоднинг ишончли вакили Раимберган Сабуровга сўз берди. У йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Номзод сайловчиларни ўз дастурида белгиланган устувор масалалар, уларнинг моҳияти ва аҳамияти билан таништирди.

Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳоли ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда нафақалар ва моддий ёрдам асосан кам таъминланган оилалар, қариялар ва болалар учун тақсимланишини таъминлаш каби бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Сайловчилар номзоднинг дастуридаги ушбу масалалар мамлакатимиздаги ҳар бир инсоннинг турмушидан рози бўлиб яшашида муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидландики, дастурда қайд этилган устувор йўналишларнинг рўёбга чиқиши мамлакатни ҳар томонлама ижтимоий ривожлантириш, халқ фаровонлигини изчил юксалтириш, демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини равнақ эттиришга хизмат қилади.

Учрашувда ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти вилоят бўлими етакчиси ­Нодира Одамбоева, Хоразм кўптармоқли шифохона бош шифокори Баҳодир Исмоилов, вилоят «Маҳалла» жамғармаси раиси Олтибой ­Ражабов ва бошқалар сўзга чиқиб, миллий сайлов тизими халқаро мезон ҳамда меъёрларга мос келишини қайд этди. Сайловчиларни Президент сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

* * *

20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­сидан номзод Ҳотамжон Кетмонов Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни 3-Бухоро округ сайлов комиссияси раиси Мирзоҳид Даминов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Саида Жўраева  йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништириб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов сайловчиларга ўз сайловолди дастури ҳақида атрофлича тўхталди.

Таъкидландики, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатлари ҳимояси йўлида меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишга интилишини қўллаб-қувватловчи, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини рағбатлантирувчи кучли ижтимоий сиёсат юритиш халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишда, ижтимоий адолат тамойилини изчил амалга оширишда долзарб аҳамиятга эга. Мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратиш ёшларимизнинг ўзига бўлган ишончини оширишда муҳим ўрин тутади.

— Номзоднинг сайловолди дас­турини диққат билан тингладим, — дейди бухоролик Хурсанд Шукуров. — Менга, айниқса, дастурда белгиланган пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз аҳолининг бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ҳамда ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш билан боғлиқ йўналишлар маъқул келди. Учрашувда саволларимизга батафсил жавоб олдик.

Учрашувда, шунингдек, Когон туманидаги «Сухор» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг диний-маърифат ва ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Бону ­Комилова, ЎзХДП Қоракўл туман кенгаши раиси Файзулла ­Бебутов, ­Бухоро солиқ коллежи битирувчиси Зуфар Музаффаров ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.

***

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ­Навоий вилоятидаги сайловчилар билан ҳам учрашди.

Учрашувни 5-Навоий округ сайлов комиссияси раиси Ўткир Мавлонов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Акмал Асадов унинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Номзоднинг дастурида адолат ва меҳр-оқибат, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кенг қўллаган ҳолда, маҳалла институтининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маркази сифатидаги ўрни ва аҳамиятини доимий равишда ошириб бориш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш устидан давлат назорати самарадорлигини янада ошириш орқали уларнинг нархи ва тарифлари ўсиши инфляция даражасидан юқори бўлмаслигини таъминлаш, уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида ижтимоий турар-жой фондини шакллантиришга йўналтириладиган давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмидан самарали фойдаланиш механизмларини янада такомиллаштиришни таъминлаш масалаларига алоҳида аҳамият берилган.

Таъкидландики, иқтисодий сиё­сатдаги асосий устуворлик давлатимизнинг молиявий ва иқтисодий қудратини оширишни кучли ижтимоий сиёсатга уйғунлаштириш, шу орқали аҳолининг қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари турмуш даражасини оширишдан иборат бўлмоғи лозим.

Учрашувда Зарафшон шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби директори Гулжаҳон Қаршиева, Навоий педагогика институти кафедра мудири Хуршид Қурбонов, Конимех туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори Иба Наризова ва бош­қалар сўзга чиқиб, номзоднинг сайловолди дастурида ўртага ташланган масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 29 март куни бўлиб ўтадиган сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга, Ҳотамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.   

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Рўзимбой ҲАСАН,

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.