19.02.2015

САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРДА

фуқароларнинг юксак сиёсий фаоллиги намоён бўлмоқда

Халқ Демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 18 фев­раль куни Тошкент шаҳар сай­ловчи­лари билан учрашди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сай­лови тўғри­сида»ги қонун­нинг 28-мод­дасига мувофиқ, ­президентликка номзоднинг сай­ловолди таш­виқоти учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилди.

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссия­си раиси Жавдат Иноғомов очди. ­Президентликка номзоднинг ишончли вакили Ҳайдар Бобохонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Учрашувда мамлакатимизда қисқа даврда улкан ютуқ ва марраларга эришилгани, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу тамойил миллий давлатчиликни шакллантиришнинг ўзига хос асоси экани таъкидланди.

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида жамиятда сиёсий партияларнинг роли тобора ортиб бораётгани аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий дунёқараши кенгайишига, шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ошишига хизмат қилаётгани қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов йиғилганларни ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан таништирди.

— Мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш, кам таъминланган оилалар, пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади, — деди у. — Шунинг учун бу борадаги ислоҳотларни янада изчил давом эттириш тақозо этилмоқда. Хусусан, муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини тақдим этаётган корхоналарда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш лозим. Шунингдек, истиқболли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда, уларнинг ўрта махсус касб-ҳунар ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурларига ўзаро боғлиқ бўлган комплекс ёндашувини таъминлаш зарур.

Бу борада тегишли мутахассисларга эҳтиёжи бўлган, уларнинг олий ўқув юртларида таълим контрактларини тўлаётган корхоналар ва ташкилотлар фаолиятини рағбатлантириш самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлигини таъминлашда тадбиркорлик субъектларининг муносиб шароит ва меҳнат ҳақига эга қўшимча барқарор иш ўринларини яратишга бўлган манфаатдорлигини ошириш, шу мақсадга хизмат қиладиган солиққа тортиш тизимини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш ҳам долзарб масаладир.

Учрашувда қайд этилганидек, номзоднинг сайловолди дастурида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳоли ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, уларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш каби тамойиллар акс этган. Хусусан, унинг дастурида нафақалар, моддий ёрдам ҳақиқатда кам таъминланган оилалар, қариялар ва болаларга берилишига эришиш, кам таъминланган оилаларга ҳар ойда тўланадиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни мақсадли фойдаланиш шарти билан бир марталик тўловга алмаштириш механизмини ишлаб чиқиш масалалари ўрин олган.

Шунингдек, дастурда ўз бизнесини ташкил этиш ва турмуш фаровонлигини мустақил таъминлашга интилувчи меҳнатга лаёқатли фуқароларга имтиёзли кредитлар ва мақсадли фоизсиз ссудаларни ажратишни янада ривожлантиришга алоҳида урғу берилган.

Учрашувда йиғилганлар номзоднинг сайловолди дастури хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги хузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари директори ­Сотиболди Бобоқулов номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган қонунларнинг бир хилда ва самарали ижросини таъминлаш, аҳолининг турли қатламлари манфаатларини инобатга олиш, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш билан боғлиқ масалалар мамлакатимизнинг кейинги тараққиётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Пойтахтимиздаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори Муқаддас Раҳматуллаева номзод дастурида соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, биринчи тез тиббий ёрдам сифатини ошириш, фармацевтика корхоналари фаолияти устидан давлат назоратини кучайтириш, дори-дармон воситалари рекламасини чеклаш бўйича белгиланаётган вазифалар соҳа ривожида аҳамиятли эканига эътибор қаратди.

Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида илгари сурган таклифлари хусусида Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи директори Жасур Қулмуҳаммедов фикр билдирди.    

Учрашувда номзод сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Сўзга чиққанлар сайловчиларни 29 март куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнда ўз мустақил фикри, фуқаролик позициясини намоён этишга ундади.

***

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов Тошкент вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди.

Тадбирни 10-Тошкент ­вилоят округ сайлов комиссияси раиси Нурмуҳаммад ­Абдуллаев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Сирожиддин Аъзамов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Учрашувда таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган демократик янгилаш ва модернизация жараёнида сиёсий партияларга кенг имконият яратилмоқда. ­Президентликка номзод фақатгина сиёсий партиялардан кўрсатилиши бунинг яна бир тасдиғидир. Ўзбекистон Халқ демократик пар­тиясидан кўрсатилган номзоднинг Президент сайловида иштирок этиши пар­тиямиз унинг ғоя ва дас­турларини янада такомиллаштириш, электорат муаммоларини ўрганиш, аҳо­лининг ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган қатламлари манфаатларини ҳи­моя қи­лишга қаратилган ишларини кучайтириш имконини беради.

Учрашувда Зангиота тумани «Назарбек» қишлоқ врачлик пункти мудири Мақсуда ­Ворисова, Тошкент давлат ­аграр университети проректори Абдуазиз Абдувосиқов, ЎзХДП Бекобод шаҳар кенгаши раиси Улуғбек Абдуназаров сўзга чиқиб, Президентликка номзоднинг сайловолди дастури ҳақида фикр билдирди. Жумладан, дастурда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг устувор ғоялари, дастурий мақсадлари акс этгани қайд этилди.

Номзод сайловчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.