19.02.2015

Президент сайлови – эл-юртимиз фаровон келажагини таъминлашнинг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси ҳал қилувчи босқичга кирди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олгандан сўнг сайловолди ташвиқоти бошланди. ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов билан ушбу муҳим сиёсий жараёнга кўрилаётган тайёргарлик ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида суҳбатлашди. 

– Асосий Қонунимизда Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғи ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафолати экани мустаҳкамлаб қўйилган, – деди М.Абдусаломов. – Шу йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ватанимизнинг янги тарихида ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеадир. Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши сайловнинг барча иштирокчиларининг фаоллиги, сиёсий етуклиги ва пировард натижада сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ. 

Шу муносабат билан сайловга энг юксак ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник даражада тайёргарлик кўриш, уни миллий сайлов қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган демократик принципларга тўлиқ мувофиқ ҳолда очиқ- ошкора ва адолатли ўтказиш катта аҳамият касб этади. Бунинг учун мамлакатимизда барча зарур шарт-шароит яратилган. 

Маълумки, сайловлар – бу кучли фуқаролик жамиятига эга демократик-ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси бўлиб, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ҳаёти, давлат ва жамият бошқарувида ва давлат ҳокимиятини шакллантиришда бевосита иштирокининг асосий шаклидир. 

Шу боис демократия талаблари ва мустақил тараққиётимиз шартларига мос, фуқаролар, сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида эркин ва фаол иштирок этишини таъминлайдиган, сайлов ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришнинг ишончли кафолати бўлган замонавий сайлов тизимининг яратилиши истиқлол йилларида мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди. 

Амалга оширилаётган ўзгаришлар ва уларнинг самарадорлиги, аввало, ислоҳотларнинг «ўзбек модели» тадрижий хусусиятга эга экани билан боғлиқдир. Бундай ислоҳотлар демократик сайлов тизимини шакллантириш соҳасида ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур тизимнинг мустаҳкамлиги, барқарорлигини таъминлади ва шу тариқа давр ва ислоҳотларни чуқурлаштириш талабларидан келиб чиққан ҳолда, янада такомиллаштириш имкониятини яратди. 

– Бу йил ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўзига хос қандай хусусиятларга эга? 

– Президент сайлови бўйича 2015 йилги сайлов кампанияси сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитлар, партиялараро рақобат, аҳолининг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. 

Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш давомида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларни демократлаштириш ҳамда эркинлаштиришда салмоқли ютуқларга эришилди. Авваламбор, мамлакатимизда тинчлик, хотиржамлик ва фуқаролар тотувлигининг мустаҳкамлиги, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ривожланиб, аҳоли фаровонлиги, ҳаёт даражаси ва сифатининг муттасил ортиб бораётгани энг асосий ютуқларимиздандир. Яна шуниси муҳимки, бир пайтнинг ўзида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳам изчил амалга оширилмоқда. 

Фуқароларимиз онги ва тафаккури, эътиқодида рўй берган туб ўзгаришлар, уларда атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси, фуқаролик бурчи ва эртанги кунимиз, Ватанимиз тақдирига шахсий жавобгарлик ҳиссининг ортиб бораётгани ушбу ижобий ўзгаришларнинг муҳим омили ҳамда манбаига айланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2014 йилда бўлиб ўтган сайлов аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий ва сиёсий маданияти юксалганидан яққол далолат беради. Сайлов натижалари мамлакатимиз ва халқимизнинг асосий мақсади инсон ҳуқуқлари, манфаат ва эркинликларини, қонун устуворлиги, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлайдиган демократик давлат барпо этиш тарафдори эканини яна бир бор намоён этди. 

Шу билан бирга, парламент сайлови ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар қандай амалга оширилаётгани, бу жараёнда сиёсий партияларнинг иштироки, уларнинг фаолияти ва истиқболдаги дастурий йўналишларини баҳолашда фуқароларнинг талабчанлиги қанчалик ошганини кўрсатди. 

Буларнинг барчаси Президент сайловида иштирок этишга қарор қилган сиёсий партиялардан сайлов кампаниясида нафақат ўз фаоллигини кучайтириш, балки бу борада ўз фаолиятини, Президентликка кўрсатилган номзодларнинг ўз сайловолди дастурларини янада юксак сиёсий даражага кўтаришни талаб этмоқда. 

– Айтингчи, Президент сайловини демократия принципларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказишни кафолатлайдиган ҳуқуқий асос нимадан иборат? 

– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси миллий сайлов тизимининг фаолият юритиши ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини демократик ривожлантиришда, шубҳасиз, асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Бош Қомусимизда, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланиши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, мустақиллик йилларида давлат раҳбари сайлови жараёнини тартибга соладиган қонунлар тўплами шакллантирилди. Биринчи навбатда, бу «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа қатор қонунчилик ҳужжатларидир. 

Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида мустаҳкамланган ва жаҳонда эътироф этилган муҳим демократик принциплар ташкил қилади. 

Халқаро демократик стандартларнинг Ўзбекистонда сайлов тўғрисида қабул қилинган қонунларга автоматик равишда киритилмасдан, балки халқимиз маданияти, анъаналари ва истиқлол йилларида демократик ҳуқуқий давлат ҳамда жамият қуриш бўйича тўпланган миллий тажрибамиз инобатга олинган ҳолда имплементация қилингани уларнинг ҳаётий ва таъсирчан бўлиши учун катта аҳамиятга эгадир. 

Масалан, чет эллик мустақил экспертларнинг фикрича, бугунги кунда Ўзбекистон сайлов қонунчилиги демократияга мувофиқлик даражаси бўйича дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларининг сайлов тўғрисидаги қонунларидан устундир. 

Мамлакатимизда ушбу соҳада қабул қилинган барча қонунчилик ҳужжатлари адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиши, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар, Президентликка номзод кўрсатадиган сиёсий партияларга эса сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган. 

Қонунчилигимизда Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигида сайловларнинг қонун талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган ҳамда фақат қонунга бўйсунадиган мустақил сайлов комиссиялари тизимининг мустаҳкамлаб қўйилгани миллий сайлов тизимининг энг муҳим хусусиятидир. 

– Сўнгги йилларда сайлов қонунчилигимизга қандай ўзгартишлар киритилди? 

– Мамлакатимиз ва жамиятимизни жадал суръатлар билан модернизация қилиш ҳамда янгилаш миллий қонунчилигимиз, жумладан, сайлов қонунчилигини такомиллаштиришни давом эттириш зарурлигини тақозо этди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2010 йилда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида бу борадаги тегишли вазифалар белгиланган. 

Ушбу дастурий ҳужжатда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, кўппартиявийлик тизимини янада мустаҳкамлашга доир белгилаб берилган чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эгадир. Шу мақсадда Конституциямизга ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор тузатишлар киритилди. 

Бундан ташқари, сайлов қонунчилигига сайлов эркинлиги принципини янада тўлиқ амалга ошириш, сайловолди ташвиқотини ўтказишда сиёсий партиялар ва улар томонидан кўрсатилган номзодларни тенг шароитлар билан таъминлаш самарадорлигини ошириш, сайловлар давомида ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш учун ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига жаҳон амалиётида илк бор бошқа ҳокимият органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган, давлат ҳокимияти тизимида алоҳида ўрин тутган конституциявий орган мақоми берилди. Марказий сайлов комиссиясига бу борада мутлақ ваколатлар берилган. Мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди. Буларнинг барчаси сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, сайловларнинг демократлигини таъминлаш кафолатларини янада кучайтирди. 

Яна шуни таъкидлаш керакки, барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолияти ва сайлов жараёнининг ҳар бир босқичида ўтказиладиган барча тадбирлар қонун, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури билан тартибга солинмоқда. 

Дастурда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича сайлов қонунчилигида белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда ва аниқ жадвал асосида тегишли барча тадбирлар, шунингдек, ушбу тадбирлар учун масъул тузилмалар белгиланди. Бу сайлов кампаниясини юксак демократик даражада ташкил этиш, округ ва участка сайлов комиссияларининг самарали фаолият кўрсатиши, сайлов жараёни иштирокчилари – Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялар ва бевосита сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириши учун зарур шароитлар билан таъминлаш имконини бермоқда. 

Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округи, округ сайлов комиссиялари, ушбу комиссиялар эса, ўз навбатида, 9058 сайлов участкаси ва участка сайлов комиссияларини ташкил қилди. Ҳар икки даражадаги комиссиялар таркибига халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари тавсиясига асосан жамоатчилик орасида обрў-эътибор қозонган кишилар киритилди. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида ҳам 44 сайлов участкаси тузилди. 

Миллий қонунчилигимизга биноан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат сиёсий партиялар номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. Марказий сайлов комиссиясига зарур ҳужжатларни тақдим этган мамлакатимизда фаолият юритаётган барча тўрт партия – Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясига сайловда иштирок этиш учун рухсат берилди. 

Президентликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари – съезд ёки қурултой томонидан амалга оширилди. Сўнгра номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо варақалари тўпланди. Қонунга биноан ҳар бир сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари мамлакатимизнинг камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилмасини ифода этадиган жами сайловчилар умумий сонининг камида беш фоизи имзосини қамраб олган бўлиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрида сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин. 

Сиёсий партиялар имзо варақаларини зарур ҳужжатлар билан биргаликда номзодларни рўйхатга олиш учун Марказий сайлов комиссиясига тақдим этди. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддатда текшириб чиқди ва уларнинг қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса берди. Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлари эса имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширди. 

Марказий сайлов комиссиясида 14 февраль куни бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш ва сайлов кампанияси даврида Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида қарорлар қабул қилинди. 

– Сайлов кампаниясининг моҳиятига кўра энг муҳим босқичларидан бири – сайловолди ташвиқоти бошланди. Шу ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз. 

– Сайлов кампанияси бир-бири билан ўзаро боғлиқ тизимли жараённи ифода этади. Бу босқичлар орасида сайловолди ташвиқоти алоҳида ўрин тутади. Бу жараёнга барча демократик давлатлар, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ташвиқот номзодларга сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништириш имконини беради. 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Президентликка номзодлар, сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. 

Марказий сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ, Президентликка номзодларни сайловолди ташвиқотини ўтказишда тенг шароит билан таъминлаш мақсадида уларга ўз дастурлари билан чиқиш қилиши учун Миллий телерадиокомпаниянинг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телерадиоканалларида 900 дақиқадан эфир вақти берилди, “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида бир хил – 10 саҳифагача нашр майдони ажратилди. 

Шунингдек, Президентликка номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун тенг ҳуқуққа эга. Ҳар бир номзод 15 нафаргача ишончли вакилга эга бўлишга ҳақлидир. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, уни Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайлаш учун тарғибот олиб боради, турли ташкилотларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қилади. 

– Сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралиги амалда қандай таъминланмоқда? 

– Мамлакатимизда демократик сайловларни ташкил этиш яширин овоз беришга асосланган бўлиб, қолган барча жараёнлар очиқ, ошкора ва транспарентлик асосида ўтказилади. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, сайлов комиссиялари фуқароларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ўз фаолияти, сайлов комиссиялари тузилгани, улар жойлашган манзил ва уларнинг иш вақти ҳақида маълум қилади, сайловчилар рўйхати, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар рўйхати билан таништиради, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар билан таништириб, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қилади. 

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадир. 

Оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. 

Ўтган йиллардаги сайлов кампаниялари, жумладан, 2014 йилда ўтказилган парламент сайлови давомида мамлакатимиз ва чет эл жамоатчилигини сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида кенг хабардор қилиш учун Марказий сайлов комиссияси ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги бўйича янада бой тажриба тўпланди. Мамлакатимиз Президенти сайлови бўйича 2015 йилги сайлов кампаниясини ҳар томонлама холис ёритиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва «Жаҳон» ахборот агентлиги билан икки томонлама шартномалар тузди. Ушбу шартномаларда сайлов жараёнини тартибга соладиган миллий қонунчилигимизни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш кўзда тутилган. Нодавлат оммавий ахборот воситалари, биринчи навбатда, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси таркибига кирадиган ахборот воситалари ва ахборот-таҳлил интернет-нашрлар сайлов жараёнини ёритишда фаоллик кўрсатмоқда. 

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил этилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида – округ сайлов комиссиялари ҳузурида ҳам шундай матбуот марказлари фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси Президент сайловини ёритиш учун мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 340 дан зиёд вакилини аккредитациядан ўтказди. 

Марказий сайлов комиссияси дастурига мувофиқ, сайлов ташкилотчилари – округ ва участка сайлов комиссиялари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, журналистлар учун мавзуга оид семинарлар ўтказилмоқда. Бу миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган сўнгги ўзгартишлар, сайлов комиссиялари олдида турган вазифалар, жумладан, оммавий ахборот воситалари иштирокида сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш вазифалари ҳақида уларнинг хабардорлигини оширишга ёрдам беради. 

Сайлов кампанияси давомида миллий қонунчилигимизга сўзсиз риоя этиш ва фуқароларимиз, жумладан, ёшларнинг ўз ҳаётий ва сиёсий позициясини намоён этиши бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини демократия принципларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказиш ва пировард натижада мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш имконини беради. 

Меҳрибон Маметова, ЎзА


DB query error.
Please try later.