19.02.2015

КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ

Вазирлар Маҳкамаси Ҳаракат дастурининг асосий йўналишларидан биридир

Жорий йилнинг 23 январида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури тақдим этилди. Мазкур дастурда 2015 йилда ва ундан кейинги йилларда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгиланган.

Ушбу Ҳаракат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, айниқса, парламент, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг ижро ҳокимияти фао­лияти устидан назоратини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, дас­турда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича белгиланган вазифалар ижросида Ўзбекистон Халқ демократик партия­сининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари фаол иштирок этиши талаб этилади.   

Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракат дастурида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, турмуш даражасини янада яхшилаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети кафедра мудири, фалсафа фанлари доктори, профессор Азамат МУХТОРОВ билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ҳаракат дастури, унда белгиланган вазифалар ижросининг мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

— Жорий йил 16 январь куни ўтказилган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида 2015 йилда ва кейинги йилларда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгилаб олинди. Унда қатор муҳим ва долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, таркибий ўзгаришларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилиш ҳисобига иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш. Шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлар­аро саноат кооперациясини кенгайтириш, ривожланган ин­фратузилмани, биринчи нав­батда, ахборот-коммуникация тизимларини яратиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш. Шу билан бирга, ҳаракат дастурида аҳоли банд­лигини таъминлаш, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун янада кенг шарт-шароит яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Қабул қилинган қонун ҳужжатларига таянган ҳолда, 2015 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик устувор йўналишларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш – ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Қайд этилган муҳим устувор вазифаларни бажариш мақсадида ҳукумат бир қатор дастурий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни яқин муддатларда тасдиқлайди. Ушбу лойиҳаларнинг ҳар бирида иқтисодиёт тармоқлари ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича мақсадли дас­турлар ҳамда уларни амалга ошириш механизм­лари белгилаб берилади.

— Ҳаракат дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг аҳамияти нималардан иборат, деб ўйлайсиз?

— Юқорида айтиб ўтилган дастурий чора-тадбирларни амалга оширишда ҳукуматнинг асосий эътибори аҳоли банд­лигини, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига қаратилган.

Биринчи навбатда, бу иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича ҳар йилги дастурларни ишлаб чиқишни кўзда тутади. 2015 йилда 1 миллионга яқин, жумладан, қишлоқ жойларда 604 мингта янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Асосий мақсад – корхоналарнинг аниқ буюртмалари асосида мутахассислар тайёрлаш дастурига мувофиқ касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг ҳар бир битирувчисини ўзи танлаган мутахассислигига кўра, ишга жойлаштиришни таъминлашдан иборатдир.

Глобал молиявий-иқтисодий инқироз энг авжига чиққан 2008 йилда мамлакатимизда ишлаб чиқилган ва муваффақиятли ҳаётга татбиқ этилаётган Инқирозга қар­ши чоралар дастури нақадар тўғри эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Шунинг учун макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича ўзини оқлаган чора-тадбирлар ва механизмлардан фойдаланиш масалалари устувор вазифа сифатида сақланиб қолади.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг энг асосий шарти — бу улар учун муқим иш ўрни яратиш ҳисобланади. Шу боис Вазирлар Маҳкамаси дастурида ҳам бу муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилган.

— Кучли ижтимоий сиёсатни изчил давом эттириш ҳукумат олдида турган долзарб вазифа саналади. Ҳаракат дастурида мазкур йўналишда қандай вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган?

— Дарҳақиқат, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг энг муҳим вазифаси ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини замонавий ком­пью­­тер ва ўқув лаборатория ускуналари билан тўлиқ жиҳозлашни янада жадаллаштириш, бугунги ёшларимизга талаб юқори бўлган зарур билимлар ва фанларни, жумладан, ахборот технологиялари, чет тилларини ўқитиш амалиётини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу билан бирга, болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси Васийлик Кенгашининг умумтаълим мактабларида 1 минг 700 та замонавий спорт зали қуриш ва жиҳозлаш ҳамда 153 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ва ихтисослашган олимпия захиралари мактабларини асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминлаш борасидаги қарорлари ижросини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, она ва бола соғ­лиғини муҳофаза қилишнинг миллий моделини амалда татбиқ этиш асосан профилактик тадбирларга ўтиш ва соғлом турмуш тарзи тамо­йилларини жорий қилиш дастурини амалга ошириш давом эттирилади. Қишлоқ врачлик пунктлари иши самарадорлигини оширишга, тиббиёт муассасаларини замонавий даволаш ва диагностика ускуналар билан жиҳозлашни жадаллаштиришга ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида аҳамият берилади.

— Аҳолининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, турмуш даражасини ошириш дастурнинг асосий йўналишларидан биридир...

— Аҳолининг ижтимоий-маи­ший шароитларини яхшилаш, жумладан, сифатли ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, замонавий санитария-тозалаш тизими билан таъминлаш ҳамда коммунал хизматлар сифатини янада яхшилаш, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасидаги муҳим масалалар ҳам ҳукуматнинг доимий диққат-эътиборида бўлмоқда. Мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дас­турини ишлаб чиқиш тугалланади ва тақдим этилади.

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича ўзини амалда тўлиқ оқлаган, зарур ижтимоий ва бозор инфратузилмаси шакллантирилган, ҳар томонлама қулайликка эга бўлган якка тартибдаги уй-жой қуриш дастурини амалга ошириш давом эттирилади ва унинг кўлами янада кенгайтирилади.

Хусусан, 2015-2016 йиллар мобайнида 25 минг­та намунавий лойиҳа асосидаги уй-жой ва барча замонавий инфратузилмага эга шинам қишлоқ массивларини ўз вақтида ва сифатли қурилишини таъминлаш ишларини амалга ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Шу билан бирга, ишлаб чиқилаётган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури дои­расида кенг кўламли ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Юқорида билдирилган энг муҳим вазифаларни ва Ҳаракат дастурини амалга ошириш — ҳукуматнинг ҳар бир аъзосидан ҳамда барча даражадаги раҳбарлардан шахсий масъулиятни янада ошириш талаб этилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.