17.02.2015

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ — 2015

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

Қорақалпоғистон Республикасида Президент сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Бу жараёнларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида марказий газеталар, радио-телевидение, ахборот агентликлари вакиллари рўйхатга олиниб, уларга махсус аккредитациялар тақдим этилди.

— Сайлов жараёнларини ёритадиган журналистлар учун барча шароитлар яратилган, — дейди округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Мухтор Ибрагимов. — Журналистлар бу борада бевосита матбуот маркази билан ҳамкорликда иш олиб боришади. Замонавий компьютер ва алоқа воситалари билан жиҳозланган матбуот маркази зарур адабиётлар, сайловга оид қонунлар, услубий қўлланмалар билан таъминланган.

Қорақалпоғистонда сайлов қонунчилигидан хабардор, партиясиз фуқаролардан ташкил топган 589 участка сайлов комиссияси таркиби тасдиқланган. Барча сайлов участкаларининг тартиб рақами ва манзили кўрсатилган ҳолда улар ҳақидаги маълумотлар қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларида маҳаллий нашрларда эълон қилинди.

Республикада 1 миллион 159 минг 795 нафар сайловчи Президент сайловида иштирок этиши кутилмоқда. Айни пайтда сайлов участкаларини жиҳозлаш, сайловчилар учун етарли қулайликлар яратиш ишлари олиб борилмоқда.

ҚАШҚАДАРЁ

Қашқадарё сайлов округ комиссияси томонидан Президент сайловини юқори савияда ўтказиш юзасидан қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Айтиш керакки, мамлакатимиздаги муҳим сиёсий-ижтимоий жараённи ўтказишда, энг аввало, участка сайлов комиссиялари аъзолари сайлов қонунчилигидан яхши хабардор бўлишлари талаб этилади. Шу боис вилоятда ўқув семинарлари, амалий учрашувлар ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратиляпти.

— Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 867та участка сайлов комиссияси тузилган, — дейди округ комиссия котиби Ботир Шукуров. —Жойларда сайлов участкаларининг моддий-техник таъминоти ҳамда сайловчиларнинг овоз бериши билан боғлиқ ташкилий ишлар ниҳоясига етказилмоқда. Сайловга тайёргарлик кўриш, сайлов билан боғлиқ жараёнлар хусусида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш, айниқса, сайловда биринчи бор қатнашадиган ёшларнинг билим ва тушунчаларини ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттириляпти.

ЖИЗЗАХ

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах сайлов округида тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирди. Айни пайтда вилоятда тузилган сайлов участкаларини замонавий алоқа воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш ишлари тугалланмоқда.

Округ сайлов комиссияси ташкил этган матбуот анжуманида сайловга тайёргарлик жараёнларини ОАВда кенг ёритишда холислик мезонларига қатъий амал қилиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

— Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари режа асосида амалга оширилмоқда, — дейди округ сайлов комиссияси раиси Абдумажид Сатторов. — Сайловнинг очиқ-ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Шу боис бу жараёнлар вилоят, шаҳар ҳамда туман босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.

Бундан ташқари, вилоятдаги 463та сайлов участкаларида сайловчилар учун тиббиёт ҳамда, оналар ва болалар учун махсус хоналар ташкил қилинган.

 

Аҳмад ЮСУПОВ тайёрлади.

 

Сайловга тайёргарлик ишлари тўғрисида таҳририятимизга хабар қилинг.

тел.: (0-371) 233-10-13, 233-65-45 info@uzbekistonovozi.uz



Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: