17.02.2015

ЎЗБЕКИСТОН — БРИТАНИЯ: ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК

Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонасида Ўзбекистон ва Британиянинг таълим ҳамда маданият соҳаларидаги ҳамкорлиги мавзусига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Британия Кенгаши ва Британия — Ўзбекистон жамияти билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган мазкур маросимда Буюк Британия парламенти, ҳукумати, ишбилармон, эксперт ва маданий ва жамоатчилик доиралари вакиллари, журналист­лар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегация­сининг аъзолари иштирок этдилар.

Мамлакатимиз дипломатия миссиясининг раҳбари тадбир иштирокчиларини қутлар экан, Ўзбекистон бугунги кунда ўз тараққиётининг муҳим босқичини босиб ўтаётганини қайд этди. У 2014 йилнинг декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловлар хусусида тўхталар экан, мазкур сиёсий тадбир натижаларига кўра икки палатали парламентнинг таркиби янгилангани, тажрибали депутатлар билан бирга мустақиллик йиллари давомида шахс сифатида шаклланган ёш ва ғайратли юртдошларимиз ҳам парламентдан жой олишганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон элчиси республикамизнинг навбатдаги муҳим воқеа, яъни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови арафасида турганини тадбир иштирокчиларига маълум қилар экан, унда парламентдан жой олган тўрт сиёсий партиянинг номзодлари қатнашишини айтди.

Тадбир чоғида Ўзбекистоннинг таълим-тарбия соҳасида эришган муваффақиятларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналари ва бой маънавий мероси ҳамда жаҳондаги илғор тажриба ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган Кадрлар тайёрлаш бўйича Миллий дастур асосида таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилинганлиги қайд этилди. Тадбир иштирокчилари республикамизда университет, институт, коллеж, лицей ва мактабларнинг кенг тармоғи яратилгани, уларда ўз мамлакатининг тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган ёш авлод вакиллари таҳсил олаётгани билан яқиндан танишдилар.

Шу ўринда Буюк Британия билан таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг, хусусан, Британия Кенгаши, Кембридж, Оксфорд, Бирмингем, Лондон Метрополитэн, Бата, Ливерпул, Ноттингем олий ўқув юртлари ҳамда Лафборо университети ҳузуридаги Лондон Дипломатия ва халқаро бошқарув академияси ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида ўзбек халқининг буюк аждоди Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 532 йиллигига бағишланган маданий лойиҳа ҳам тақдим этилди. «Аждодларимиздан завқ олганлар: Хандани Бобур» номли мазкур лойиҳа Британия-Ўзбекистон жамияти ва «Zoraste Joaillerie» Франция — Британия компанияси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг қўллаб-қувватлаши асосида ташкил этилди. У Бобур ҳаётининг Буюк Британия китобхонларига ҳали тўла маълум бўлмаган илк даврларини ўрганишни кўзда тутгани баробарида Бобурийлар сулоласи тарихи бўйича британиялик ва европалик олимлар томонидан олиб борилган тад­қиқотларнинг натижаларини ҳам ўзида акс эттирган. Алоҳида қайд этиш керакки, Бобур ва унинг авлодлари маданият ҳамда санъатнинг ҳомийлари сифатида қолдирган меросни тадқиқ этиш ушбу лойиҳанинг муҳим бир йўналиши бўлди.

Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Марк Кросси тадбир қатнашчилари олдида сўзга чиқар экан, мамлакатимизнинг таълим соҳасида қўлга киритган ютуқларига ҳамда Ўзбекистон ва Британиянинг бу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлиги даражасига юқори баҳо берди.

— Менга Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари бўлиб ишлаш бахти насиб этди, — деди у. — Ўзбек шерикларимиз билан инглиз тилини ўқитиш тизимини ривожлантириш бўйича биргаликдаги самарали ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун барча имкониятларни сафарбар қилиш ниятидаман. Ўзбекистон делегациясининг Лондонга ташрифи чоғида олий таълим сифатини ошириш, ўрта махсус таълимни ислоҳ қилиш, шунингдек, икки мамлакат илм аҳли ва тадқиқотчилари ўртасидаги ўзаро алоқалар кўламларини янада кенгайтириш сингари соҳалардаги ҳамкорлик ва уни янада ривожлантиришга доир муҳим лойиҳалар муҳокама этилди. Санъат соҳасида ҳамкорлигимизнинг йўлга қўйилиши янги йўналишлардан бири ҳисобланади. Тез орада британиялик рассом ва ҳайкалтарош Генри Мурнинг кўргазмасини очишни режалаштирганмиз.

«Zoraste Joaillerie» фирмасининг асосчиси Зохра Докси Бобур ва Бобурийлар сулоласининг тарихи ва мероси кўп асрлар давомида нафақат Буюк Британиянинг, балки бутун Европанинг олимларини, тилшунослар, санъат аҳлининг эътиборини ўзига тортиб келаётганини таъкидлади.

— Бобурийлар давлатчилик ва адабиёт соҳасидаги фаолиятларидан ташқари ноёб безаклар ва заргарлик буюмларнинг уста ва ҳунармандларини, наққошу меъморларни қўллаб-қувватлайдиган нозик табиатли ва юксак дидли инсонлар сифатида ҳам тарих саҳифаларида қолишган, — деди у. — Виктория, Альберт ва Британия музейларида ана шундай кўплаб ноёб топилмаларни учратиш мумкин. Бундай бой тарихий мерос, шунингдек, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган ўзбек маданияти ва санъатига бағишланган турли кўргазмалар мени Шарқ ва Ғарб маданияти таркибий қисм­ларини ўзида мужассам этган заргарлик буюмларининг нодир коллекциясини яратиш сари руҳлантирган эди. У Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар халқларининг рамзларини, шакл ва анъанавий нақшларини ҳам қамраб олган.

Британияда нашр этиладиган «Дипломат» журналининг ижодий ходими Жонатан Фрайер мазкур тадбир маълумотларга жуда бой бўлганини қайд этди. «Хусусан, Бобур ва Бобурийлар сулоласининг бебаҳо мероси ҳақида кўпгина янги далил ва рақамлар менда катта таассурот қолдирди, деди у. Бугунги тадбир 2013 йили юртингизда ўтказган кунларимни, яъни Буюк Ипак йўли саёҳат дастури доирасида бир гуруҳ сайёҳлар билан бирга Самарқанд ва Бухоро бўйлаб сафарим чоғида орттирган илиқ хотираларимни ёдга солди. Дарҳақиқат, Ўзбекистондаги меъморий обидаларнинг гўзаллиги, ўзбек халқи­нинг бой маданияти ва самимий меҳмондўстлиги ҳайратланарлидир».

 

«Жаҳон» АА,

Лондон



DB query error.
Please try later.