17.02.2015

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. 

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарорлар қабул қилди. 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Акмал Холматович Саидов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Абдуғаниевич Каримов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Мажитович Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан уларнинг сайловолди ташвиқоти бошланади. Шу муносабат билан мажлисда сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди. 

* * *

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов тадбир иштирокчиларига Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси якунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. 

Сайлов кампанияси мамлакатимиз қонунчилиги ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига тўла мувофиқ ҳолда ўтказилаётгани таъкидланди. 

Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида қарор қабул қилди. 

Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ўз сайловолди дастурларининг асосий қоидаларини сайловчиларга етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телерадиоканалларида 900 дақиқадан эфир вақти берилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, уларнинг сайловолди дастурлари ҳақида видео ва радиороликларни эфирга узатиш режалаштирилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти материалларининг тури, шакл ва услублари ҳамда мазмунини мустақил белгилайди. 

Сайловолди ташвиқоти давомида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ҳар бирига “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” республика даврий нашрларида 10 саҳифагача нашр майдони бепул ажратилади. Ушбу материаллар ҳудудий нашрларда ҳам эълон қилинади. Сайловолди ташвиқотини амалга ошириш учун тенг шароитлар яратиш принципи партия нашрларига жорий этилмайди. Улар ҳар қандай ҳажмдаги тегишли материалларни чоп этиш ҳуқуқига эгадир. 

М.Абдусаломов Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловолди ташвиқотини мамлакатимиз қонунчилигига тўла мувофиқ равишда ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганини таъкидлади. 

Брифингда сайловга тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 9058, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси ташкил этилди. Сайлов участкалари зарур алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Махсус белгиланган жойларда яширин овоз бериш учун сайлов кабиналари, сайлов қутилари ўрнатилган. 

Округ сайлов комиссиялари томонидан участка сайлов комиссиялари ташкил этилиб, уларнинг таркибига жами 90 мингга яқин киши киритилган. Уларнинг 67 фоизи соғлиқни сақлаш, фан, таълим, маданият ва спорт соҳаси вакиллари, 22,3 фоизи жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, 5,3 фоизи фермерлар, 5,4 фоизи ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари, 6,2 фоизи иқтисодчилардир. Комиссия аъзоларининг 84 фоизи сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда аввал ҳам иштирок этган. Участка сайлов комиссиялари орасида хотин-қизлар 42,8 фоизни ташкил қилади. 

Брифингда сайлов кампаниясининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли ахборотлардан фойдаланиши учун барча шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси белгиланган тартибда ҳужжатлар тақдим этган мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 340 дан зиёд вакилини аккредитациядан ўтказди. 

Сардор Тожиев, ЎзА 


DB query error.
Please try later.