12.02.2015

МЕҲР — КЎНГИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ОЗУҚАСИ

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Самарқанд дарвоза» маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Халқ демо­кратик партияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорликда «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда нуроний отахон ва онахонларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларни эъзозлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ёрдамни янада кучайтириш хусусида фикр алмашилди.

Ҳар қандай халқнинг қалбини, маданий даражасини кексаларга бўл­ган ҳурмат ва эътиборидан ҳам билса бўлади. Азалдан нуронийлар уйимизнинг фариштаси, ёш авлоднинг тарбиячиси бўлиб келган. Ёши улуғларимиз тўй-ҳашамларга, маъракаларга биринчилардан бўлиб айтилган. Айниқса, юз билан юзлашган кишиларнинг уйларига узоқ-узоқлардан меҳмонлар ташриф буюриб, зиёрат қилишган, дуосини олишган. Ҳозиргача дуо­гўй­ла­римиз янги туғилган чақалоқларга Яратгандан улуғ ёшга кирган кишиларнинг умрини сўрашади. Кексаларнинг сўзи ва насиҳати табаррук саналиб, унга амал қилинади. 

Айтиш керакки, меҳр кўрган инсонларнинг юзида доим нур, руҳиятида мусаффолик ва тетиклик бўлади. Халқимизнинг турмуш даражасининг сезиларли равишда яхшилангани ва бунинг натижасида эркакларда ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етгани ҳам бежиз эмас.

Бугунги кунда мамлакатимизда 60 ёшдан ошганлар сони 2 миллион 873 мингдан кўпроқ кишини ташкил этаётгани ҳар биримизни қувонтиради.

— Ёлғиз кексалар, пенсионерларни ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, аниқланган масалаларни ўз вақтида мутасадди ташкилотлар вакиллари орқали ижобий ҳал этиш лойиҳамизнинг асосий мақсади ҳисобланади, — дейди ЎзХДП Марказий Кен­гаши масъул ходими ­Акмал ТУРСУНБОЕВ. — Лойиҳа доирасида олинган таклиф, мулоҳазалар, қўйилган саволлар асосида кексаларимиз ман­фаатларининг ҳимоясига қаратилган масалаларни чуқур ўрганиш, партия гуруҳлари орқали халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига киритиш режалаштирилган.

Тадбирда ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция аъзоси Шуҳрат Турсунбоев пенсионерларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш бўйича партия ташкилотлари олдида турган вазифалар хусусида ўз таклифларини билдиришди.

Тошкент шаҳар «Ну­ро­­­ний» жамғармаси ­раиси ўринбосари Ўткир Эрматов кексалар манфаатини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳа­қида тўхталди.

Давра суҳбатида сўз олганлар кексаларимизни эъзозлаш, уларнинг кўнг­лини кўтариш ва дастур доирасида белгилаб қў­йилган режаларни изчил амалга оширишга ҳамма бирдек масъуллигини таъкидлаб ўтишди. Меҳр кўн­гилнинг энг яхши озуқаси, деган ҳикмат бор. Буни, айниқса, ёши улуғларимиз яхши билишади.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.