12.02.2015

СИЁСИЙ ПАРТИЯ ФРАКЦИЯСИ ВА ДЕПУТАТЛАРИ ФАОЛЛИГИ

парламент иши самарадорлигини таъминлайди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Баҳром ОБИДЖОНОВ билан суҳбат.

— Бугун мамлакатнинг истиқболини белгилаш, стратегик вазифаларни ҳал этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сиёсий партияларнинг ўрни тобора кенгайиб, таъсир кучи ортиб бормоқда, — дейди у. — Буни парламентдаги фракциялар фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида сиёсий партиялар фракциялари ҳамда депутатларининг фаоллигини янада ошириш, уларнинг ташаббускорлигини кучайтириш хусусида муҳим фикрлар билдирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракция­си томонидан мазкур маърузада белгиланган вазифаларни ўрганиш ва уни тизимли равишда фракция фаолиятига татбиқ этиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.

— Ўзбекистонда профессионал асосда ишлайдиган ­парламент юзага келди. Бу эса, ўз навбатида, сиёсий партиялар фракциялари зиммасига катта масъулият юклайди...

Албатта, парламентни ҳаракатга келтирувчи асосий куч — бу сиёсий партиялар фракциялари. 2007 йилда қабул қилинган «Давлат бош­қарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги конс­титуция­вий қонун бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қонунда фракцияларнинг ҳуқуқий мақоми, хусусан, парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат мақоми, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолияти самарадорлигини таъминлаш кафолатлари аниқ белгиланган. Хусусан, қонуннинг 2-моддасида фракциялар мақоми мустаҳкамланган. Яъни, сиёсий партия фракция­си сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар томонидан партия манфаатларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир. Қонунда шу ва бошқа қатор муҳим қоидалар мамлакатимизда амалдаги кўппартиявийлик тизимини мус­таҳкамлаш ва ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Парламентда фракциянинг фаоллиги нимада намоён бўлади? Бу, энг аввало, қабул қилинаётган қонунлар, Давлат дастурларида сайловчи, хусусан, электорат манфаатларини ифода этиш, мазкур масалалар юзасидан бошқа сиёсий пар­тия­лар фракциялари билан баҳс-мунозара қилишда ­кўринади. Парламент­да фракциялараро тортишув бўлмас экан, демак, улар ўз олдига қўйган мақсади, белгилаб олган дастурини рўёбга чиқариш учун курашмаётган бўлади.

Бу ҳақда Президентимиз маърузасида алоҳида таъкидланганидек, биринчидан, Олий Мажлис — парламентда ва маҳаллий вакиллик органларида фракциялар ёки айрим депутатлар ўртасида доимо фикрлар қарама-қаршилиги, мунозаралар бўлиши керак. Шу­нинг­дек, сиёсий партияларнинг дас­турий мақсадлари, манфаатлари ифода этилиб, депутатлар ўз фикр­ларини илгари суриши, қонунчиликда акс этиши учун курашиши зарур.

Албатта, бундан ҳар бир депутат ўзига тегишли хулоса чиқариши, фаолиятини ана шу асосда ташкил этиши лозим. Энг асосийси, баҳс-мунозаралар, ғоя ва дастурлар, муқобил қонун лойиҳалари бўйича ҳақиқий профессионал асосда амалга оширилиши талаб этилади.  

— Фракциялар ташаббускор бўлиши кимга ва нималарга боғлиқ?

Президентимиз ўтган беш йил давомида парламент томонидан қабул қилинган қонунларнинг атиги 19 таси Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан қабул қилингани қониқарли эмаслигини таъкидлади. Қолаверса, ана шу қонунларнинг бор-йўғи 3 таси янги қонунчилик ҳужжатлари бўлиб, 16 таси амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ бўлган юридик-техник хусусиятга эга қонун ҳужжатлари экан.

Шу жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, профессионал асосда ишлайдиган парла­мент­да қонунчилик ташаббуси билан кўпроқ депутатлар, сиё­сий партиялар фракциялари чиқиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки, депутатнинг олдига қўйилган асосий вазифалардан бири ҳам шу аслида. Янги шаклланган парламентда ишлайдиган биз депутатлар ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз талаб этилади.

Зеро, бугунги шароитда фракциялар ва депутатлар мамлакатимиз учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатиши ва улар қабул қилинишида қатъият билан курашиши керак бўлади.

Депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги ҳақида гап кетганда, уларнинг оммавий ­ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланиш даражасига ҳам эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Депутатнинг ­оммавий ахборот воситаларида чиқиши орқали партия фракцияси фаолияти, ижтимоий-сиё­сий ва иқтисодий ислоҳотлардан, янги қонунларнинг мазмун-моҳиятидан кенг жамоатчилик ва сайловчилар хабардор қилинади.

Демак, депутат ўз фаолияти давомида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан унумли фойдаланиши, қонунлар тарғиботи, ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, электорат манфаатлари йўлида кўрсатаётган ташаббуслари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориши зарур.

Бугунги кун депутати олдида қандай вазифалар турибди, деб ўйлайсиз?

Депутат, аввало, халқ вакили. Унга ишониб овоз берган минглаб инсонлар тақдири учун масъулиятни ҳис қилиши керак. Илгари замонларда бўлгани каби, бугунги депутат одамларга «йўл қуриб бераман», «сув ўтказиб бераман», «бино қуриб бераман», деган ваъдаларни бермайди.

Профессионал депутат умумдавлат, умуммамлакат манфаатлари учун курашиши, ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини белгилашда иштирок этиши лозим. Чунки, бугунги давр ҳам, демократик ислоҳотлар жараёни ҳам шуни талаб қилмоқда.

Депутат юксак салоҳиятга эга бўлиши, мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнларни чуқур билиши керак. Бунинг учун ўрганишга, ўз устида ишлашга, профессионал даражасини оширишга доимо ҳаракат қилиши зарур. Ҳар биримиз ўқиш-ўрганишдан ҳеч қачон тортинмаслигимиз лозим. Олий Мажлис палатасидаги қўшма йиғилишда айтилганидек, ҳам­ма нарсани биламан, деб ўйлаган одам адашади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.